21:17 / 01.04.2020
1 848

Хитойда карантинга амал қилиниши қандай назоратга олинди?

Хитойда карантинга амал қилиниши қандай назоратга олинди?
Фото: Kevin Frayer / Getty Images
Коронавирус тарқалишини тўхтатиш мақсадида карантин чекловлари илк бор Хитойда жорий этилганди. Бу мамлакатда карантин чораларига риоя қилиниши устидан назорат қандай тарзда амалга оширилди?
Хубэй провинцияси январда коронавирус тарқалиши ўчоғига айланганди. Бугунги кунда Хитой касалланганлар сони бўйича юқори учликка кирмайди, мамлакатда вирус тарқалиши тезлиги сезиларли даражада пасайди.

Март охирида ҳукумат эпидемия тўхтаганини эълон қилди ва карантин чораларини юмшатишга ўтди. Хитойда карантинга риоя қилиниши махсус иловалар ва видеокузатув мосламалари ёрдамида назорат қилинди.

Иловалар ва чатлар
Alipay Health Code иловаси Alibaba компаниясининг шўъба компанияси бўлган Ant Financial компанияси томонидан ҳукумат қўллаб-қувватлови остида ишлаб чиқилди. Илова 11 февралда Ханчжоуда ишлай бошлади, ҳозирда 200та шаҳарда ишламоқда.

Тизимда рўйхатдан ўтган ҳар бир кишига унинг саломатлиги ҳолатини кўрсатувчи яшил, сариқ ёки қизил рангли код берилади. Яшил код эгаси эркин ҳаракатланиши мумкин. Сариқ рангли код эгаларидан бир ҳафта уйдан чиқмаслик сўралади, қизил код эса икки ҳафталик карантинни ўташ шартлигини билдиради. Фойдаланувчи қариндошлари тўғрисидаги ҳамда ўзининг мамлакат ичида ёки ташқарисида бўлганлиги ҳақида маълумотлар киритиладиган махсус анкетани тўлдиргач, дастур учта рангдан бирида QR-код беради. Тизим шунингдек, авиабилетлар, поезд ва автобус билетларини бронлаш тўғрисидаги маълумотлардан автоматик равишда фойдаланади.

Илова ишга тушгач, аксарият фойдаланувчилар код тушунарсиз сабабларга кўра кун давомида ўз рангини ўзгартиришидан шикоят қила бошлашди. Ижтимоий тармоқларда норозиликлар кучайгач, провинция ҳукумати дастурда носозликлар мавжудлигини тан олди.
New York Times дастур кодини таҳлил қилди ва илова фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотларни полицияга тақдим этишини аниқлади.

Иловадан ташқари, WeChat ва Weibo каби ижтимоий тармоқларда одамларга беморлар ҳақида хабар бериш имконини берувчи қайноқ линиялар фаолият кўрсатади. Айрим шаҳарларда маҳаллий ҳокимият касалликка чалинганлар тўғрисида хабар берганларга мукофот таклиф қилди. Яна бир илова — Close Contact Detector фойдаланувчига касаллик юқтирганлар билан мулоқот қилган-қилмаганлигини аниқлаш ҳамда ўзини-ўзи изоляция қилиш имконини беради. Иловада шунингдек, беморлар яшаётган уйларни кўрсатувчи харита ҳам бор.

Камералар, юзни таниш тизимлари ва ҳарорат сканерлари
2019 йил охирида Британиянинг Comparitech компанияси шаҳарларнинг камералар билан жиҳозланиши борасида тадқиқот ўтказди. Хитой шаҳарлари рўйхатда етакчи бўлди: масалан, Уҳанда ҳар минг кишига 60та камера тўғри келади. Камераларнинг кенг жорий этилиши давлат ижтимоий кредит тизими — фуқароларни турли кўрсаткичлар бўйича баҳолаш тизими билан боғлиқ.

Аммо карантинга амал қилинишини кузатишда камералар ёрдам беришига кўз тиккан ҳукумат муаммога дуч келди – юзни таниш тизими аҳоли ниқоб ва респиратор тақиб олганлиги сабабли иш бермади. Ҳукуматга вокзалларда ўрнатилган ҳарорат сканерлари кўмак берди – улар йўловчиларнинг ҳароратини ўлчайди. Кимнинг ҳарорати юқори бўлса, вокзаллардаги изоляция хоналарига жўнатилиб, тиббий текширувдан ўтказилади, у ҳақдаги маълумотлар эса базага, жумладан, Alipay Health Code иловасига киритилади.

Камералар автомобилларнинг ҳаракатланишини кузатишга ёрдам беради — автомобиль шаҳар чегарасини кесиб ўтиши билан ҳокимиятга автомобиль рақами ҳамда унинг эгаси тўғрисидаги маълумотлар келиб тушади ва агарда ўзини-ўзи изоляция қилиш режими бузилган бўлса, у ушланади.

Хитойда – Шинжонда фуқаролар устидан оммавий назорат ўрнатиш бўйича тажриба бор. Бу ҳақда 2018 йил сентябрда Meduza нашри батафсил ҳикоя қилганди: ҳукумат уйғурлар эътиқод қиладиган ислом динини таҳдид сифатида кўради ва уни диний экстремизм билан боғлайди, шаҳарда миллионлаб камералар ўрнатилган, барча телефон қўнғироқлари ва аҳолининг ҳаракати кузатув остида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда карантинга амал қилиниши қандай назоратга олинди?