20:55 / 26.04.2020
2 859

«Сени унутмаймиз, коронавирус!». Хитойлик зиёлининг пандемиядан олган хулосалари

«Сени унутмаймиз, коронавирус!». Хитойлик зиёлининг пандемиядан олган хулосалари
Фото: Wikipedia/Янь Лянькэ.
Гонгконг фан ва технология университети профессори, хитойлик таниқли адиб Янь Лянькэ 21 февраль куни талабаларига коронавируснинг инсоният хотирасига қандай муҳрланиши ва нега бундай фожиаларни унутиш келажак авлод учун хавфли экани ҳақида маъруза ўқиди. Муаллиф ўз фикрлари билан бугунги пандемия ҳолатида жамият руҳияти ва унинг гуманитар ҳолатини очиб беришга ҳаракат қилади. «Дарё» маърузани таржима тариқасида тақдим этади.

Сени унутмаймиз, коронавирус!

«Азиз талабаларим, бу бизнинг илк амалиёт дарсимиз. Бошлашдан аввал ижозатингиз билан мавзудан бироз четлашмоқчиман. Болалигимда қачон бир хатони икки ё уч марта такрорласам, ота-онам мени қаршисига ўткизар ва пешонамга бармоқлари билан нуқиб шундай дейишарди: ‘Нега бу қадар ҳардамхаёлсан?’

Хитой тили ўқитувчимиз неча марта ўқиганимнинг саноғини ўзим ҳам эслолмайдиган бирон бадиий матнни ёдлолмаганимда каминани ўрнидан турғизар ва бутун синф кўз ўнгида савол берарди: ‘Нега бу қадар ҳардамхаёлсан?’

Хотира — ўтмиш ҳамон умргузаронлик қилаётган ҳосилдор заминдир ва ҳар бир хулоса унда етишган мева саналади. Одамзотни ҳайвондан ажратувчи асосий омиллардан бири — бу хотирлаш ва ундан хулоса чиқариш, ўтмиш ёдномаларига эга бўлиш. Инсон фақат етарлича хотира тўплай олганидагина етукликка эришади. Унутманг, хотира бу тажриба маъносида ҳам келиши мумкин. Эслай олмоқ еб-ичиш, кийиниш ва ҳатто нафас олишдан ҳам кўра муҳимроқ эҳтиёж деб ўйлайман. Хотирамизни йўқотсак, қандай овқат еганимизни унутишимиз, далаларни қай йўл билан суғорганимизни-да билмай қолишимиз ҳеч гап эмас.

Қиролнинг яланғоч ҳолида янада улуғвор кўринаётганига ишона бошлаймиз. Нега булар ҳақида сўз очдим? Боиси, ҳам миллий, ҳам халқаро майдондаги манфур фожиа бўлмиш COVID-19 вирусининг ёйилишини ҳали тўхтатолмадик ва бу ярамас касаллик ҳамон одамларни яқинларидан айираётгани, Хубэй, Ухань ва бошқа жойларда қалбларни ларзага солувчи чинқириқларнинг ҳали тинмаётгани... Бунга қарамай статистика маълумотлари баъзан яхшилангани сабаб қулоқларимизга ғалаба хиргойилари ҳам чалиниб турибди.

Жасадлар ҳали совиб улгурмади, башарият ҳамон уйларида ўтириб, дуо қилишаётир. Бошимиз ёстиқдан узилгани йўқ. Йўқса, аллақачон зафар ашъорлари эшикларни бузиб кирар ва Конфуций айтганидек, инсоннинг нақадар қудратли зот эканини биздан сўраб ўтирмай исботлаб ташларди.

COVID-19 ҳаётимизга қачон кириб келганини билмай қолдик. Унинг уйлар ва шифохоналардан ташқарида яна қанчадан-қанча шўрликнинг ёстиғини қуритгани ҳақида ҳам аниқ маълумотлар йўқ. Буни суриштириб, ўрганиб ўтиришга ҳам вақт тополмадик. Тирикларни сақлаб қолишимиз керак эди. Агар бироз кечиктирсак, ҳатто ўлганлар номига марсия ўқишга ҳам улгуролмасдик. Вазият шундай давом этаверса, келажак авлодларга ҳеч ким эслашни истамайдиган, руҳиятни чиқиб бўлмас қобиққа ташлайдиган ҳаёт ва мамот қоришган муҳитнигина мерос қилиб қолдиришимиз мумкин.

Ўтмишда ва бугун жамоалар, оилалар, жамиятлар, даврлар ё ўлкалар нега бу қадар даҳшатли фожиаларга дуч келди? Нега тарихдаги битта одам қилган гуноҳ касофати ўн минглаб одамнинг ҳаётига зомин бўлди? Биз билмаган ёхуд жавобини сўролмаган хотиржам тинглаган минглаб сабаблар ичидан биттаси мана мен, дея қаршимизга чиқади: биз одамлар бир ирқ ўлароқ чумолисимон баднафслигимиз ила унутишга ўта мойил яратиқлармиз.

Хотираларимиз қайта дастурланди, ўзгартирилди, ўчирилди. Бошқаларни эсламаслигимиз кераклиги ҳақида берилган буйруқни эслайдиган, унутишимиз лозим дея уқтирилган нарсаларни унутадиган бўлдик. Бизга гапиришганда оғзимизни юмдик, буйруқ беришганида эса қўшиқлар куйладик. Хотира давримизни бошқариш учун бош воситага айланди, у бизни бошқариш учун унутишимиз ва ёдимизда сақлашимиз керак бўлган ҳодисалардан иборат қийноқ қуроли қиёфасига кирди.

Қўйинг энди ўша ўтмишда қолиб кетган, муқовалари чанг босган китобларни. Сўнгги йигирма йилда рўй берганларни бир эсга олайлик. Худди сиз каби 1980—1990 йиллар оралиғида туғилган болалар хотирлайдиган кунлардан гаплашайлик. Масалан, ОИТС, ВИЧ ва COVID-19 инсон қўллари билан яратилган даҳшатми ё Таншан ва Венчуан зилзилалари каби башариятни чорасизлик чоҳига улоқтирган офат? Агар чиндан табиий бўлса, нега фалокатнинг ҳар икки шаклида ҳам инсон нотавон бўлиб қолаверади? Нега асорат доим бир хил?

Хусусан, бундан бир неча йил аввал авжига чиққан ОИТС васвасаси ва COVID-19 балоси худди бир муаллиф қаламига мансуб саҳна асарига ўхшайди. Айни трагедия кўз ўнгимизда қайтадан қўйилмоқда. Биз — чанг зарраси билан тенг одамлар буларни ким уюштираётганини, бошимизга солаётганини аниқлашда ожиз қолдик ва талвасага тушиб, бу моҳир драматург фикрларини, ғоя ва ‘ижод маҳсуллари’ни таҳлил қила оладиган билимга ҳам эга эмасмиз. Бас, модомики шундай экан, бундан аввалги офатдан қолган қайси хотиралар орқали ўзимизни қаршимиздаги балодан мудофаа қилишимиз мумкин?

Қувваи ҳофизамиздаги ибрат изларини ким ўчирди? Ким ақлли манқуртларга айлантирди бизни? Унутишга мойил, ҳардамхаёл одамлар йўллар юзидаги балчиққа ўхшайди. Оёқ остида яшаб, оёқ эгаси уларни атай бир кун тозалаб ташлашини ҳам унутиб қўяди. Уларнинг келажаги, уларга чиқарилган ҳукм совуқ қуролларнинг, галстукли жаллодларнинг топ-тоза қўлида. Мен бугун ёзишга бироз бўлса-да иштиёқи борлар ва ҳаётидаги лаҳзаларни ҳарфлар билан ўлчайдиганларга юзланаман. Биз ҳам тўкилган қон ва ҳаёт дарёсидан бадар оқиб кетаётган жон дарёларига эътибор бермай қўйсак, ёзишнинг маъноси қолармикан?

Бетимсол истеъдодингиз, асар устида ишлаб ўтказган бедор кечаларингиз, кўплаб китобларингиз бошқаларнинг назорати остида ипли қўғирчоққа айланиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз ҳеч? Газетчилар билиб туриб халойиқни бохабар қилмаса, ёзувчилар хотиралари ва туйғуларини оққа кўчирмаса, жамиятнинг гапирадиган ва гапиришни биладиган аъзолари икки гуруҳга бўлиниб, сиёсий ҳақпарастликни илгари сурмаса, олдиндаги ҳодисаларга умид аралаш қўрқувларини изҳор этмаса, одамзотнинг дунёда яшашидан маънони ким тушунтириб беради, ахир? Нима учун мавжудлигимизни бизга тушунтириб бера оладиган мард борми ўзи дунёда?

Бугун давримизнинг ваҳшаткор ахборот бўхронлари ичра одамларнинг хотираси йўқотилиб ё лоқайдларча ахлат қутисига итқитилиб, худди ҳеч қачон мавжуд бўлмагандек овозлар ва сўзлар билан тўйинтирилган арзимас кўпик, оқим ё акс-садодек қабул қилинаётир. Таажжубки, бир давр охирлагач, ҳамма нарса унутилади, ёдимиз саҳифасида эса фақат ‘унутилмас’ дея муҳрланган воқеотгина қолади, холос. Тарих ҳам афсоналар, чўпчаклар, тўқиб чиқарилган арзон ва серҳашам йўқотишлар тўпламига айланиб бўлди.

Шу мулоҳазалар ҳақиқат бўлса, кўзимизни очишимиз, унутмасликни ўрганишимиз кераклиги нақадар муҳимлиги ойдинлашади. Аксаримиз қисматга ишонган ҳолда ўз ҳаёт йўлимизни ўзимиз танлаймиз деб ўйлаймиз, ҳақиқат ахтарамиз, оддий бир одам ўлароқ хотираларимизни эртанги кун эшикларига калит деб ҳисоблаймиз. Биздек ғариб кишиларнинг ўша шўринг қурғур ўзига хослигини ҳамда қувваи ҳофизасини йўқотгани кун чиндан келиб қолгудек бўлса, бу дунёда ҳам инсоний, ҳам тарихий оригиналлик ва ҳақиқатдан сўз очиши мумкин бўлармикан? Бунга ҳақимиз борми?

Хотирлаш хусусиятимиз ва хотираларимиз дунё ёхуд келажакни ўзгартиролмаса-да, ҳеч йўқ қаршимиздаги ясама ‘ҳақиқат’лар билан рақобатга киришиши ва бизни алдаётганларини сездириши мумкин. Ичимиздаги заиф сас ‘ахир бу ёлғон-ку!’ дейди. Ҳеч йўқ пандемия ҳали тугамай туриб қулоқларимизни қоматга келтирган ғалаба қўшиқлари орасидан бечора хасталарнинг нолишларини, суянчидан айрилган оилалар йиғисини, мотамдаги гўяндалар фарёдини эшита оламиз ва... хотирамизга мангу сақлаб қўямиз. Хотиралар дунёни ўзгартирмайди, бироқ ичимизда бир виждон, бир иймон уйғонишига сабаб бўлади.

Кун келиб, башарият яна инқирозга учраса ва ибтидоий ҳаёт кечира бошласа, фақат хотиралар қудрати билангина яна алданишдан ўзини сақлаб қолади ва қумнинг темирга айланолмаслигини, соч толасининг олтмиш тонналик юк бўлмаслигини аниқ билади. Чунки унинг оғзи ‘мўъжизалар’дан бир марта куйиб бўлган. Сезишимиз, ҳис қилишимиз, таҳлил қила олишимиз керак. Хотираларни асраб қололсак, яна бир уйғониш даври келганида оталаримизни авахтага ё қатлгоҳга олиб кетишларига тўсқинлик қила оламиз. Бу нотўғри деймиз келганларга. Бизни билмайди, ўтмишдаги найрангларимиздан хабари йўқ деб ўйлайсанларми, деймиз.

Азиз талабаларим, ҳаммамиз ҳам сўзга боғланган санъатшунослармиз. Келинг, жамоавий, дунёвий ё миллий хотира эмас, айнан ўз шахсий қувваи ҳофизамиз ҳақида сўз юритамиз. Тарих мисолида олиб қарасак, жамоавий хотира унутилмайди, бироқ у адаштиришга, ўзгартириш ва бузиб кўрсатишга ўта мослашувчанлиги айни ҳақиқат. Ичимиздаги эго эса хотира шаклига кирганда ҳеч қачон бизни алдамайди. Айни кунлар COVID-19 ҳали ўтмишга айланганича йўқ, бироқ боя таъкидлаганимдек, кимлардир байрамни бошлаб юборди. Набираларимизга ҳаяжон билан ҳикоя қилиб бериладиган кунларда яшаяпмиз.

Бу офатни ўз кўзи билан кўрган ҳар бир кишида хотиралар, хотиралардан тўралган хулосалар бўй кўрсатаётир. Улар ҳеч қачон изсиз йўқолиб кетмасин. Кулфат унутилмаслиги даркор. Умид қиламанки, биз ҳали коронавирус пешонамиздан аримай туриб, уни мағлуб қилдик дея даъво қиладиган ландавур, ичи пўк қаламкашлардан эмас, барини ўз хотиралари билан енгиб ўтолган, чинакам ғалабани руҳи ҳикматга тўла ҳолда кутиб олган вазмин ижодкорлардан бўламиз.

Ва яна истайманки, драма бошланганида актёрлар ё муаллифлар, саҳна асарига олқиш ёғдириб, обрў топмоқчи бўлган бефаҳм бекорчилар эмас, балки залнинг энг охирида, ёш тўла кўзларини саҳнадан узмай, бутун борлиқни унутиб ижрога сингишиб кетган асл томошабин — санъат шайдолари қаторидан жой оламиз. Зеро, ҳақиқий томошабини бўлмаганида эди, Шекспир ҳам бу қадар улуғвор сиймо ўлароқ ёдга олинмасди.

Агар омон-омон кунларга етишгач ҳам коронавирусни унутмай, ундан чиқарган хулосаларимизни амалиётга татбиқ эта олсак, ҳайқириш қўлимиздан келмагани вақт ҳеч бўлмаса шивирлаб эслашни билсак, бу шубҳасиз, виждонимиз, иймон ва жасоратимизнинг муқаддас уйғониши бўлиб қолади. Фашист конслагерларида умри қийноқлардан адойи тамом бўлганларни ўз кўзи билан кўрмай туриб, шунчаки айтиб берилган ҳикояларгагина таянган ҳолда шеър ёзиш ёввойилик дея аталиши мумкин, бироқ у кунларни буткул унутиб, умуман ҳеч нарса ёзмаслик, эсламаслик ундан беш баттар ёввойиликдир. Унутманг...»

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Сени унутмаймиз, коронавирус!». Хитойлик зиёлининг пандемиядан олган хулосалари