08:26 / 28.04.2020
2 558

Ким Чен Иннинг ўлими ҳақидаги овозалар қаердан чиқмоқда?

Ким Чен Иннинг ўлими ҳақидаги овозалар қаердан чиқмоқда?
Фото: Athit Perawongmetha / Reuters
ОАВда Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инни яна бир марта «дафн этишди»: турли нашрлар ва газеталар маълумотларига кўра, у тирик бўлсада, муваффақиятсиз жарроҳлик амалиётидан кейин оғир аҳволда – комада ёки ўсал бўлган. Журналистлар унга ўринбосар ҳам тайёрлаб қўйишган – туғишган синглиси унинг муносиб давомчиси сифатида айтилди. Бундай хабарлар тарқалишига сабаб – у ҳатто миллий байрамни ўтказиб юборди – маҳаллий матбуот ҳам бу ҳақда сукут сақлади: давлат нашрлари унинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарларни рад этишга шошилмади.

Жаҳон нашрларида Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг эҳтимолий ўлими тўғрисида икки кун давом этган шов-шувлар душанба тонгида бироз тинчиди. «Бизнинг ҳукумат позицияси тасдиқланди. Ким Чен Ин тирик ва соғ. У 13 апрелдан буён Вонсанда. Ҳозирча ҳеч қандай шубҳали ҳаракатлар қайд этилмади», деди Жанубий Корея президентининг маслаҳатчиси Мун Чжон Ин.

Воқеалар ривожи
Сўнгги ҳафталарда Шимолий Корея етакчиси ўлгани ёки комада ётгани тўғрисида жуда кўп хабарлар тарқалди. Ҳозирча уларнинг бирортаси расмий эмас: янгиликлар журналистикаси стандартларига кўра, «аноним, аммо вазият ҳақида яхши хабардор манба»га таянган ҳар қандай янгилик яна нимагадир асосланган бўлиши керак. Таниқли эксперт ёки амалдор ўз шахси сир тутилишини сўраган вазиятлар бўлади, аммо баъзида текст муаллифлари ўз хаёлотидаги манбага асосланиб хабар тарқатиши ҳам мумкин.

Бу давлатдан тарқаладиган янгиликларга ишонч кам. Лекин миш-мишлар ҳам турлича бўлади, КХДР билан боғлиқ масалаларда эса икки жиҳатни ёдда тутиш лозим. Биринчидан, мамлакат ёпиқлиги уни ҳайплар манбайига айлантирган, шунинг учун Шимол ҳақидаги ҳар қандай янгилик яхши тарқалади. Иккинчидан, Пхеньянга қарши ташвиқот — сира ҳам иллюзия эмас, бунда ақлга сиғмас миш-мишлар жуда муҳим роль ўйнайди.

Янгиликлар бозорига КХДР ҳақида қўрқинчли хабарларни етказиб бериш билан шуғулланадиган бир неча манбалар бор. Шулардан бири — Шимол ҳақида ёзишга ихтисослашган Daily NK порталидир. «Ким кома ҳолатида экани ҳақида»ги апрель тўлқини айнан шу нашрдаги янгиликдан бошланди. Daily NK нашрини Жанубий Кореядаги интернет-агентлик деб атайдиганлар ҳам бор. Аммо аслида ушбу ташкилот Шимолий Корея ва Хитойнинг жанубий чегараларида ўз хабарчилари тармоғига эга бўлган консерваторлар ва протестантлар ташкилоти ҳисобланади.

Албатта, уларнинг шахси ошкор этилмайди, акс ҳолда уларни оиласи билан бирга ўлдиришади. Дунё навбатдаги қўрқинчли маълумотни навбатдаги аноним манбадан олишга мажбур бўлади.
Яна бир оддий савол: бу ёки бошқа ОАВ шундай маълумотларга қандай қилиб эга бўлиши мумкин? Масалан, «КХДРдаги ворислик» масаласи жуда тор доираларга маълум. Аммо япон газетаси журналистлари тўсатдан Шимолий Кореядаги кадр ўзгаришлари ҳақида хабардор бўлиб чиқди - Yomiuri газетаси ушбу давлат 2019 йилдан буён ҳокимият ўзгаришига тайёрланаётгани, Ким Чен Ин ўрнини унинг синглиси Ким Ё Чжон эгаллаши ҳақида ёзди. Лекин катта эҳтимол билан улар айрим маълум фактлар асосида ўз назарияларини яратишган ва уни сирли манба билан мустаҳкамлашган.

Бу вақтда аноним бўлмаган манбалар Ким вафот этгани ёки комага тушгани ҳақидаги хабарларни рад этишди, ёки айримлар, хусусан, Америка разведкаси бу масала ўрганилаётганини маълум қилди. CNN агентлигининг шимолликлар етакчиси учун «ўлим хавфи» юзага келгани ҳақидаги хабарида бу ҳақда хабар берган битта аноним манба маълумотига шубҳа билан қараган бир аноним ва икки эксперт фикрлари ҳам келтирилган.

Фото: Reuters
Икки ҳафталик жимлик
Миш-мишлар урчишига давлат раҳбари одатини тарк қилиб, 15 апрель куни ўз бобоси, КХДР асосчиси Ким Ир Сеннинг туғилган куни муносабати билан ўтказилган тадбирларда кўриниш бермагани сабаб бўлди. Тўғри, бу сафар пандемия туфайли ушбу маросим катта тантаналарсиз ўтказилди.

Анъанага кўра, бу кунда мамлакатда одатда янги ракеталар синови ўтказилади, аммо ўша куни Шимолий Кореядаги давлат нашрлари давлат раҳбарининг синов майдонида тушган бирорта суратини тарқатмади.

Умуман олганда, Ким Чен Ин 11 апрелдан буён оммага кўриниш бермаган.

Дарвоқе, шу вақтда Хитойдан шифокорлар гуруҳи Пхеньянга учгани ҳақида хабар тарқалди, бу ҳам норасмий каналлар орқали. Бу шифокорлар коронавирусга қарши кураш доирасида келгани тахмин қилинган бўлса ҳам, бу Ким касал бўлиб қолганини инкор этолмасди.

Натижада жаҳондаги нашрлар Ким Чен Инни яна бир марта «дафн қилишди».

Ёш йўлбошчида аввал ҳам соғлиқ билан боғлиқ муаммолар кузатилганди. Унга бағишланган «Буюк издош» китоби муаллифи Анна Фифелднинг ёзишича, Ким Чен Иннинг бўйи 170 сантиметрдан баландроқ, лекин вазни 140 килограммдан ошиқ.

12 апрель куни ОАВда Ким Чен Ин мамлакат ғарбидаги ҳарбий қисмга боргани айтилганди
EPA

КХДР раҳбари бўлиш — бу доимий стресс ва ҳолдан тойишдир, чунки йўлбошчи барча стратегик қарорларни қабул қилади ва мамлакат бўйлаб жуда кўп сафарларга чиқади. Ким кўп чекади, ортиқча вазнга эга, подаградан азият чекади, қандли диабет билан оғрийди. Бу эса юрак-қон томир тизимида касаллик келтириб чиқариши табиий. Шу туфайли Ким навбатдаги сафарларидан бирида ўзини ёмон ҳис қилгани ва шифохонага ётқизилгани ҳақидаги хабарларда асос бўлиши мумкин.

2014 йилда у бир ярим ой давомида ғойиб бўлиб қолганди, кейин у оёғини қайириб олгани маълум бўлганди. Ўшанда ҳам у вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалган.
21 апрель кунидан турли нашрларда КХДРдаги вазият бўйича турли талқинлар берилиши бошланди. Айримлар 36 ёшли Ким Че Иннинг юраги операция қилинганини айтса, бошқалар Ким қандли диабет ва ортиқча вазн туфайли муаммога дуч келгани ҳақида айтишди. Америка разведка хизматлари дунёдаги энг ёпиқ давлатлардан бирининг раҳбарининг соғлиги улар учун ҳам қизиқлиги, разведкачилар Кимнинг аҳволи ҳақида қандайдир маълумот олиш учун изланишаётганини маълум қилишди.

Ким Чен Ин ғойиб бўлгани ҳақида илк марта ёзган Daily NK нашри хабарида ёш раҳнамонинг юрагида жиддий жарроҳлик амалиёти ўтказилгани ва операциядан кейин у комага тушгани, шифокорлар унинг ҳаёти учун курашаётгани ҳақида айтилди.

Кимнинг йўқлиги бўйича асосий саволлар у мамлакатдаги асосий байрамлардан бири - 15 апрель куни нишонланадиган Қуёш кунида, мамлакат асосчиси Ким Ир Сенга бағишланган кунда иштирок этмагани туфайли пайдо бўлди. Бу кунда амалдаги давлат раҳбари отаси ва бобоси каби френч кийган ҳолда омма кўз ўнгида пайдо бўларди.

Шимолий Корея асосчиси Ким Ир Сен туғилганининг 108 йиллиги маросими
Фото: KCNA / Reuters

«Ким Чен Ин 15 апрель куни Камсусан саройига келмади, Шимолий Кореяда бу ҳақорат ўлароқ қабул қилинади», - дейди New York Times нашрига Жанубий Кореядаги Сейжонг институти эксперти Чен Сен-чанг.

Бундан бироз аввалроқ Шимолий Корея бир неча ракета учирган, улар АҚШ ва НАТО кузатув воситалари орқали қайд этилганди. Аммо Ким Чен Ин бу синовларни шахсан кузатгани тасвирланган суратлар тарқатилмади. Одатда расмий агентликлар синовлардан кейинги кунларда бундай суратларни эълон қилишарди.

Ўтган ҳафта бошида президент Дональд Трамп маъмуриятда шимолий кореяликлар раҳбари соғлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини билдирди.

«Мен у билан барчаси жойида эканига умид қиламан. Мен Ким Чен Ин билан жуда яхши муносабатдаман. Мен унинг аҳволи яхши эканига ишонишни истайман. Биз у ҳақдаги хабарлар қанчалик тўғрилигини билмаймиз. Ҳеч ким буни тасдиқламади. CNN бу каби хабарлар билан чиқса, мен уларга унчалик ишонмайман», деди Оқ уй раҳбари журналистларнинг саволларига жавобан.

25 апрель куни кечаси Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида Ҳонгконгнинг HKSTV телевидениеси директори ўринбосари номидан Ким Чен Ин вафот этгани ҳақидаги хабар пайдо бўлди.

Япониядаги «Сюкан Гэндай» ҳафтаномаси эса Шимолий Корея раҳбари яқинда юрагини операция қилдиргани ва айни вақтда реабилитация курсини ўтаётгани ҳақида ёзди.

Мақола муаллифи сўзларига кўра, КХДР раҳбарининг мамлакат бўйлаб навбатдаги сафарида у тўсатдан юрагини ҳовучлаб қолиб, йиқилган. Кейин тиббий ёрдам кўрсатиш учун уни яқин орадаги касалхонага олиб боришган. Кўп ўтмай уни операция учун Пхеньянга олиб келишган. Шу билан бирга, Пекинга малакали шифокорлар гуруҳини юбориш сўрови жўнатилган. Шундан сўнг, Хитой ҳукумати Пхеньянга Коммунистик партиянинг юқори лавозимли амалдорларидан бири ҳамроҳлигида шифокорлар гуруҳини юборган.

Шимолий Кореядаги нашрлар жаҳондаги нашрларда тарқалган шов-шувли хабарларни инкор этишди. Улар давлат раҳбари номидан иқтисодий аҳвол ва бошқа муаммолар тўғрисида баёнотлар эълон қилишда давом этишди, лекин бу баёнотлар одатдагидан кечикиб берилди.

Ҳонгконгдаги ва Жанубий Кореядаги нашрлар Ким Чен Ин юрагида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейин «вегетатив ҳолат»га тушиб қолганини ёзишди. Бу маълумотлар расман тасдиқланмаган, худди у ҳозирда Вонсан шаҳридаги ҳукумат қароргоҳларидан бирида бўлиб тургани тўғрисидаги маълумот каби.

Амалиётсиз назария
Табиийки, бундай вазиятда Ким Чен Иннинг вориси ким бўлиши ҳақида турли тахминлар пайдо бўлади. Сеулдаги Асан сиёсий тадқиқотлар институти эксперти Ко Мён Хюннинг Foreign Policy нашрига маълум қилишича, ёзилмаган қонунларга кўра, мамлакатни фақат Кимлар сулоласи вакили бошқариши мумкин.

Ким Ё Чжон Ким Чен Инга ҳарбийлардан холи ҳудуд ташкил этиш ҳақидаги ҳужжатни имзолаш жараёнида ёрдам бермоқда
Фото: Reuters

Унга эҳтимолий ворислар қаторида биринчи бўлиб синглиси Ким Ё Чжон номи келади. У акасидан уч ёки тўрт ёш кичик деб ҳисобланади ва айни вақтда Корея Меҳнат партияси Сиёсий бюросидаги энг ёш номзоддир. У партия марказий қўмитаси директори ўринбосари ва мамлакатдаги иккинчи шахс ҳисобланади.

Ўз вақтида Швейцарияда акаси билан бирга ўқиган сингил ҳозирда мамлакат бўйлаб сафарларда ҳам акасига ҳамроҳлик қилади. У билан мулоқот қилган экспертлар ва дипломатларга кўра, у ўзи ҳақида ақлли, жанговар ва қатъиятли аёл сифатида таассурот қолдирган. У ташқи дунёдаги ташвиқот масалалари учун масъул ҳисобланади, 2020 йилдан жаҳон нашрларида у расмий баёнотлари билан чиқа бошлади.

Унутмаслик керакки, айнан у 2018 йилда Жанубий Кореяда ўтказилган Қишки Олимпия ўйинлари чоғида Шимолий Корея делегациясига бошчилик қилган ва президент Мун Жэ Ин билан учрашган. Айнан ўша сафардан икки Корея муносабатларида «олимпия илиқлиги» бошланган. Кейинроқ у 2018 ва 2019 йилларда КХДР-АҚШ саммитларида акасига ҳамроҳлик қилди.

Албатта, у ҳозирча расмий ворис эмас, унда махсус титуллар ҳам йўқ. Айнан шу туфайли япон нашрларининг уни акасига ўринбосар сифатида тайёрлашаётгани тўғрисидаги хабарлари шубҳали. Ҳа, у карьерасида юқориламоқда, аммо унинг вазифаси миллат етакчисининг ўрнини босиш эмас, унга кўмакчи бўлишдир.

Ким Чен Иннинг яна бир акаси Чон Чхоль бор. У 1981 йилда туғилгани ва 2009 йилгача отасининг вориси сифатида кўрилгани айтилади. У ҳам оиланинг бошқа фарзандлари қатори Швейцарияда ўқиган, Ким Чен Ин ҳарбий соҳани танлаган бўлса, Чон Чхоль партия тизимида фаолият олиб борган ва 2007 йилда партия марказий қўмитасида ташкилий бўлим раҳбари лавозимига тайинланган. Аммо 2009 йилда ўз укаси фойдасига позициясини бўшатиб берган.

2011 йилда Ким Чен Ир вафот этиб, кенжа ўғил давлатнинг янги раҳбарига айлангач, ўртанча ўғил «радарлардан йўқолган». У сиёсий контекстда сўнгги марта Хитой сариқ матбуотида 2013 йилда эсланган — ўша хабарда давлатга хиёнатда айбланган юқори мартабали амалдорлардан бири, Ким Чен Иннинг амакиси Чан Сон Тхэкни айнан бошқа бир жияни Чон Чхоль ҳибсга олгани (гўёки бошқалар буни қилишга жазм этмаган) айтилганди.

Сулолалар анъанасига кўра акалар укаларига бўйсуниши камдан кам кузатилади. Аммо турли хабарларда Чон Чхоль мусиқани танлагани, ўзи ҳам гитарани профессионал даражада чалиши, у бир марта Эрик Клэптоннинг концертини томоша қилиш учун махфий равишда Лондонга боргани айтилади. Бу ҳақдаги маълумотлар КХДРнинг Англиядаги собиқ элчиси, кейинроқ жанубга қочиб ўтган Тхэ Ён Хонинг мемуарларида ҳам акс этган. Аммо бу ўринда Башар Асадни эслаш мумкин: мамлакат раҳбарлигига тайёрланган акасининг ўлимидан сўнг бўлажка шифокор-офтальмолог бўлган кичик ўғил касбини ўзгартирганди. Шу туфайли Чон Чхолни ҳам давлат раҳбарлигига номзод сифатида қараш мумкин.

Кимлар сулоласидан Ким Пхён Ир ҳам бор. У Ким Чен Ирнинг укаси, аммо Ким Ир Сеннинг иккинчи рафиқасидан туғилган. У кўп вақтини (1979-2019 йиллар) Шарқий Европа давлатларида элчи сифатида ўтказган, аммо яқинда ватанига қайтган.

Шимолий Корея аёл-етакчига тайёрми? Россиялик таниқли корейсшунос Константин Асмолов «Лента.ру» нашри учун ёзган мақоласида фикр билдиришича, ҳа: инқилобдан кейинги замонавий КХДР тарихида нафақат уч етакчи номи, балки Ким Ир Сеннинг биринчи рафиқаси, Ким Чен Ирнинг онаси Ким Чен Сук номи ҳам келтирилади. Гарчи у юқори лавозимларни эгалламаган бўлсада, уни Ким Ир Сеннинг партизанлик ҳаракатидаги йўлдоши сифатида билишади ва у Корея онаси сифатида гавдаланади.

Таҳлилчилар ҳам Шимолий Корея — шовинистик мамлакат эканини назарда тутган ҳолда ҳали аёл раҳбарга тайёр эмаслиги, шу туфайли Ким Ё Чжон ҳукуматни ўз қўлида тутиб туриши қийин бўлишини айтишган. Шу билан бирга, муносиб эркак раҳбар топилмагунча ўтиш давридаги барча қарорларни айнан у қабул қилиши мумкин.

Прогнозлар
Шимолдаги аввалги ҳокимият алмашишлари вақтида КХДР энди тамом бўлиши ва кўпи билан 2-3 йилда мустабид тузум қулаши, Жануб Шимолни харитадан ўчиришини тахмин қилишарди. Ким Чен Ирни бошида ўйинчоқ президент деб ҳисоблашган, аммо у давлатни 1994 йилдан 2011 йилгача бошқарди ва мамлакатни вайронадан олиб чиқиб, ракета-ядровий дастурга асос солди.

Ким Чен Инни ҳам жуда ёш деб ҳисоблашган ва эски бўрилар уни эзиб ташашларига ишонч билдиришганди. Аммо Ким Чен Ир вафот этганидан бир йил ўтиб унинг тобутини кўтарган саккиз кишидан фақат бир киши - унинг кичик ўғли ҳокимият тепасида қолди. Унинг бошқаруви даврида мамлакат «ошкораликсиз ислоҳотлар» курсини танлади, Пхеньянга янгича қиёфа берилди, мамлакат — ракета-ядровий қалқонга айлантирилди.

Фото: Danish Siddiqui / Reuters
Иккинчидан, КХДРнинг янги раҳбарлари ўз ўтмишдошини тантанали лавозимда қолдириб, тизимни қайта форматлаган. Натижада КХДРда «абадий президент» ва Корея Меҳнат партиясининг «абадий бош котиби» лавозимлари мавжуд. Кейинги раҳбар ҳам шундай йўл тутиши эҳтимоли юқори.

Ташқи сиёсатда ёки иқтисодиётда кескин ўзгаришлар кутишга ўрин йўқ. Шимолий кореяликларнинг йўналиши ташқи факторларга боғлиқ, геосиёсатда радикал ўзгаришлар бўлмаса мамлакат ичида бирор нарса ўзгариши даргумон. Шу билан бирга, Жанубий Корея Конституцияси бутун яриморол учун ишлаб чиқилгани, Корея Республикаси миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонунда КХДР давлатга қарши ташкилот сифатида таснифланганини унутмаслик керак. Содда қилиб айтганда, Сеул Пхеньянга Киев худди Донецк ёки Луганскка қандай қараса, шундай қарайди.

Аммо КХДР бўйича узоқ муддатли тахминлар қилиш бефойда. 5-10 йиллар олдин кенг тарқалган шу каби прогнозларга кўра, 2020 йилга келиб Корея бирлашган бўлиши керак эди. Қолаверса, ҳали акси тасдиқланмагунча Ким Чен Ин тирик ва давлатни бошқара олади, деб ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ким Чен Иннинг ўлими ҳақидаги овозалар қаердан чиқмоқда?