23:13 / 16.07.2020
7 336

Инсониятнинг келажаги айтиб берилди

Инсониятнинг келажаги айтиб берилди
Фото: «Mynomadpen.blogspot.com»
АҚШдаги Вашингтон университети ҳамда Саломатликни баҳолаш ва кўрсаткичлар институти (IHME) аср охирига бориб Ер юзида инсоният сони қисқаришни бошлаши демографик ҳалокатга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Тадқиқот-мақола «Lancet» журналида ёритилди.

Тадқиқотчиларга кўра, 2060 йилда сайёрамиз аҳолиси сони икки миллиардга кўпаяди. Бироқ орадан ўнлаб йиллар ўтиши баробарида туғилиш даражаси пасайишни бошлайди, Италия ва Япония каби мамлакатлар аҳолисининг тенг ярмигачасини йўқотади. Атроф-муҳит мусаффолиги нуқтаи назаридан бу ижобий ҳолатдек кўрингани билан, аҳоли сонида кексалар улушининг кўпайиши ва аксинча ёшларнинг камайиб кетиши иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимлари жиддий зарбага учрайди.

2064 йилда Ер аҳолиси 9,7 миллиард кишига етади, 2100 йилда эса яна камайиб 8,8 миллиардга тушади. Ҳолбуки, олдинги ҳисоб-китобларда аҳоли сони қисқармаслиги ва аср охирига бориб ерликлар жами сони 12,3 миллиардга етиши айтилганди.

Янги тадқиқотда янада такомиллаштирилган — когорт фертилликка асосланган (бунда муайян ёшдаги аёллар (айни ҳолатда 50 ёшгача) дунёга келтирадиган болалар ўртача сони ҳисобланади) моделдан фойдаланилди.

Ушбу моделга кўра, Африка мамлакатларида туғилиш жиддий пасайиб кетади. Масалан, ҳозир Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган мамлакатларда бир аёлга ўртача 4,7 нафар чақалоқ тўғри келади. Нигерияда 2017 йилда ўзига хос рекорд қайд этилди: бир аёлга ўртача етти нафар чақалоқ тўғри келди. 2100 йилда бу кўрсаткич 1,8 га тушади. Япония аҳолиси 128 миллионда 60 миллионга тушса, Хитой аҳолиси 1 миллиарддан ҳам озаяди.

80 ёшдан ошганлар сони олти карра кўпаяди. Бу соғлиқни сақлаш тизимини рисоладагидек ушлаб туриш учун қўшимча ресурсларни талаб этади. Айрим мамлакатлар тўғри иммиграцион сиёсат ва кўпболали оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳисобига демографик инқироздан чиқиб кетиши мумкин. Шунинг баробарида репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш ресурсларидан фойдаланиш имконияти чекланиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳам тадқиқотда таъкидлаб ўтилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Инсониятнинг келажаги айтиб берилди