22:10 / 29.07.2020
3 171

Лукашенко жангарилар қўлга олинганидан сўнг, зудлик билан Хавфсизлик кенгашини йиғди

Лукашенко жангарилар қўлга олинганидан сўнг, зудлик билан Хавфсизлик кенгашини йиғди
Фото: akcenty
Беларусь президенти Александр Лукашенко жангарилар қўлга олингани ортидан зудлик билан Хавфсизлик кенгаши аъзоларини йиғди.
Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизматига яқин бўлган «Пул первого» телеграм канали хабар берди.

«Лукашенко ҳозир Мустақиллик саройида Хавфсизлик кенгаши аъзоларини йиғди ва мажлис ўтказмоқда», - дейилади хабарда.

Аввалроқ, БелТА давлат агентлиги Минск шаҳри яқинида «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг 32 аъзоси ушлангани, яна 1 киши мамлакат жанубида қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Унда Беларусь ҳуқуқ тартибот идоралари сайлов кампаниясини издан чиқариш учун хориждан 200дан ортиқ жангари мамлакат ҳудудига кириб келгани ҳақида маълумот олгани қайд қилинган эди.

Агентлик хабарига кўра, жангарилар гуруҳи 24 июль куни тунда Минск шаҳридаги меҳмонхоналардан бирига жойлашган. 27 июль куни эса меҳмонхонани тарк этиб, Минск районларидан биридаги санаторияга кўчиб ўтишган. 28 июль куни тунда 32 киши Беларусь Давлат хавфсизлиги қўмитасининг «А» гуруҳи томонидан қўлга олинди. Уларга нисбатан Тергов қўмитаси томонидан текширув ўтказилмоқда. Агентлик қўлга олинган Россия фуқароларининг рўйхатини келтирган.

Аввалроқ Александр Лукашенко Марьино Горкадаги 5-махсус бригадани кўздан кечирганида, ҳозирги вақтда урушлар кўчадаги намойишлардан бошланиши, унга хусусий ҳарбий компаниялар «жалб қилиниши» ҳақида гапирган эди.

«Давлат котиби (Андрей Равков, Беларусь Хавфсизлик кенгашининг котиби) тўғри айтди, ҳозирги вақтда ҳар қандай урушлар кўчалардаги намойишлардан бошланяпти, кейин «майдон»га айланмоқда. «Майдон»га агар ўзиники бўлмаса, четдан келтиришмоқда. Улар профессионал ҳарбийлар, босмачилар, хусусий ҳарбий компанияларнинг аъзолари. Улардан дунё бўйлаб, у ёки бу давлатлардаги фитналарда иштирок эттириб, пул ишлаш мақсадида фойдаланишади», - деди Лукашенко.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)