16:53 / 09.10.2020
2 936

Қирғизистон президенти ҳукумат ва бош вазирни истеъфога чиқарди

Қирғизистон президенти ҳукумат ва бош вазирни истеъфога чиқарди
Фото: «ТАСС»
Қирғизистон президенти Сўронбай Жээнбеков мамлакат бош вазири ва ҳукуматни истеъфога чиқариш тўғрисидаги қарорни имзолади. «РБК»нинг хабар беришича, қарор давлат раҳбари сайтида 9 октябрь куни эълон қилинган.

Ҳужжатда айтилишича, истеъфога чиқарилган бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар янги Вазирлар маҳкамаси тузилгунига қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этади.

Қирғизистонда тартибсизлик бошланишидан аввал ушбу лавозимни эгаллаб келган бош вазир Кубатбек Бўронов истеъфога чиқди.

Мамлакат парламенти тегишли қарорни 6 октябрдаёқ қабул қилиб, унинг ўрнига колониядан озод қилинган собиқ депутат Садир Жапаровни тайинлаган. Бироқ куни кеча президент матбуот котиби Бўроновнинг истеъфоси ҳали давлат раҳбари томонидан имзоланмагани туфайли ҳали содир бўлмаган деб ҳисобланишини маълум қилган.

Яна бир фармон билан президент Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Ўрозбек Опумбаевни истеъфога чиқарди.

6 октябрь куни парламентнинг тўлиқ бўлмаган таркибида Жапаровнинг бош вазир этиб тайинланиши мухолифатда ихтилоф пайдо қилган. Мамлакатда иккита мувофиқлаштирувчи кенгаш пайдо бўлди: улардан бири Жапаровни бош вазир сифатида қўллаб-қувватлайди, иккинчиси эса — йўқ.

9 октябрь куни тонгида «Республика», «Ата Мекен», «Бир бўл» ва «Реформа» партиялари етакчилари бош вазирликка яна бир номзод — «Республика» партияси етакчиси Бабанов Омурбекни илгари сурган.

Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни Бишкекда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи икки партия ғолиб чиққач, парламент сайловлари натижаларига қарши намойишлар бошланди. Тинч бошланган акциялар кечга бориб, ҳуқуқ-тартибот органлари билан тўқнашувларга айланиб кетди. Бир неча юз киши яраланди, бир киши вафот этди.

6 октябрь тонгида намойишчилар Қирғизистон парламенти ва президент маъмурияти жойлашган бинони эгаллади. Шундан сўнг намойишчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига қараб йўл олди ва махсус хизмат ходимлари билан музокаралардан сўнг улар собиқ президент Алмазбек Атамбаевни ўтган йилдан буён ҳибсда сақланаётган МХДҚ тергов изоляторидан озод қилди. Колониядан, шунингдек, Атамбаев даврида ҳукуматни бошқарган собиқ бош вазир Сапар Исаков ҳам озод этилди.

Шу куни Марказий сайлов комиссияси парламент сайловлари натижаларини ҳақиқий эмас деб топди.

Норозилик намойишлари фонида Бишкек шаҳрига намойишчилар томонидан янги мэр тайинланди. Аммо шаҳарнинг расмий раҳбари Азиз Суракматов истеъфо ҳақида ариза ёзмади. Президенти Сўронбай Жээнбеков содир бўлган воқеаларни ҳукуматни ноқонуний эгаллашга уриниш деб атади. Шунингдек, давлатнинг яхлитлиги, халқнинг бирлиги ва жамиятнинг хотиржамлигини бирламчи деб атаб, муайян шароитларда лавозимдан кетишга тайёрлигини билдирди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон президенти ҳукумат ва бош вазирни истеъфога чиқарди