21:18 / 15.10.2020
4 805

Қирғизистон собиқ бош вазири: «Номаълум кучлар ҳукуматни зўравонлик билан эгаллашга уринмоқда»

Қирғизистон собиқ бош вазири: «Номаълум кучлар ҳукуматни зўравонлик билан эгаллашга уринмоқда»
Қирғизистонда 2005—2007 йилларда бош вазир сифатида ҳукуматни бошқарган собиқ сиёсатчи «Ор-номус» партияси етакчиси Феликс Кулов мамлакат президенти Сўронбай Жээнбековнинг истеъфо бергани юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, деб ёзмоқда Tengrinews.

«Мен ва бошқа жамоатчилик вакилларининг президент билан учрашуви бугун куннинг биринчи ярмида ўтказилди. Унда истеъфо ҳақида гап ҳам бўлгани йўқ. Тадбир якунига етгач, резиденцияга бош вазир Садир Жапаров ва Камчи Ташиев келди. Шундан кейин президент қарорини кескин ўзгартирди ва истеъфога чиққанини эълон қилди.

Бундан фақат битта хулоса келиб чиқиши мумкин: номаълум кучлар (эртами, кечми уларнинг кимлиги барчага маълум бўлади) зўравонлик йўли билан ҳукуматни эгаллашга уринди ва президентга ўз хоҳиши билан истеъфо бериш ёки ўзаро уруш бошлашни таклиф этди. Акс ҳолда бундай инқирозли даврда ўз хоҳиши билан бундай юқори лавозимни тарк этиш борасида қарор қабул қилинмайди.

Энди парламентни тарқатиб юбориш ҳақида гап-сўзлар урчиган. Кейин ҳукумат бош вазирнинг бошқарувига ўтади. Ундан кейин нималар бўлиши мумкинлигини ва ҳаммаси қандай сценарий остида кетиши энди ойдинлашмоқда» – дея ёзган Кулов Facebook’даги саҳифасида.

Феликс Кулов 2005—2007 йилларда Қирғизистон бош вазири лавозимида фаолият олиб борган. У 1998–1999 йилларда Бишкек шаҳрининг мэри сифатида ишлаган.

Сўронбай Жээнбеков 15 октябрь куни Қирғизистон президентлиги лавозимидан истеъфо берганини эълон қилди. У бош вазир Садир Жапаров ва бошқа сиёсатчилардан ўз тарафдорларини пойтахтдан олиб чиқиб кетишни сўраган ва улардан бишкекликлар тинчлигини бузмасликни илтимос қилган.

5 октябрда Қирғизистонда парламент сайловларининг натижаларига нисбатан халқнинг оммавий норозилик намойишлари бошланган. Намойишчиларнинг кучишлатар тизим вакиллари билан тўқнашувидан кейин норозилик билдираётган оломон президент администрацияси жойлашган парламент биносини эгаллаган. Тўқнашувлар оқибатида 1,2 минг нафар киши талафот кўрган ва бир нафар фуқаро ҳалок бўлган. Бош вазир Қубатбек Бўронов истеъфо берди. Қирғизистон президенти Сўронбай Жээнбековнинг матбуот котиби унинг Бишкекда экани ва ҳаммасини назорати остида ушлаб турганини маълум қилди.

9 октябрда Бишкекда халқнинг норозилик намойишлари қайта бошланди. Марказий майдонда бош вазир Садир Жапаровнинг тарафдорлар ва мухолифат вакиллари ўртасида тўқнашув кузатилди. Оқибатда 7 нафар одам, жумладан, мухолифат етакчиси Тилек Тўхтагазиев жароҳат олди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон собиқ бош вазири: «Номаълум кучлар ҳукуматни зўравонлик билан эгаллашга уринмоқда»