00:30 / 28.10.2020
788

Россияда коронавирусга қарши иккинчи вакцинани ишлаб чиқариш бошланди

Россияда коронавирусга қарши иккинчи вакцинани ишлаб чиқариш бошланди
Россиянинг «Вектор» вирусология ва биотехнология давлат илмий маркази мамлакатдаги коронавирусга қарши иккинчи вакцинани ишлаб чиқаришни бошлади. Meduza’нинг «РИА Новости»га таяниб хабар беришича, бу ҳақда «Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попова маълум қилган.

«ЭпиВакКорона» Россиянинг коронавирусга қарши иккинчи вакцинасидир. Ушбу вакцина учун сентябрь ойи охирларида патент олинган. Вакцина мушак остига жўнатиладиган суспензия шаклида ишлаб чиқарилади.

Россияда патентланган ва рўйхатга олинган COVID-19’га қарши биринчи вакцина Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология маркази томонидан яратилган «Спутник-V» вакцинасидир. Яна бир вакцина клиник синовлардан ўтказилмоқда.

Анна Попованинг айтишича, «коронавирус инфекциясига қарши ҳар бир вакцина ўз мақсадли аудиториясига эга бўлади». Шифокорлар муайян беморга қайси вакцинани тайинлашни танлаши мумкин бўлади.

«Роспотребнадзор» маълумотларига кўра, вакцинада тирик вирус йўқ бўлиб, у синтезланган сунъий пептидлар ҳисобига иммунитетни шакллантиради. Идора маълумотларига кўра, мазкур дори воситаси юқори даражали хавфсиз ҳисобланади.

«ЭпиВакКорона»нинг кўнгиллилар иштирокидаги тадқиқоти 27 июль куни бошланган, 8 сентябрь куни стационардан синов иштирокчиларининг сўнгги гуруҳига жавоб берилган. Барча иштирокчиларда иммунитет шаклланган. Вакцина клиник синовларгача бўлган босқичда ҳам ўз самарадорлигини намоён этган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)