19:30 / 22.11.2020
3 654

Етти кишининг азасига сабаб бўлган тўй

Етти кишининг азасига сабаб бўлган тўй
Фото: «РИА Новости»
Мэн штатида тўй маросими коронавирус ўчоғига айланди. Натижада 177 меҳмон касалликка чалиниб, етти киши оламдан ўтди. Бу ҳақда Америка касалликларни назорат қилиш ва профилактика қилиш маркази хабар берди.

Муассасада COVID-19 билан касалланишнинг айрим ҳолатлари таҳлил қилиниб, уларнинг ҳаммаси 55 киши иштирок этган битта тадбир — тўй маросими билан боғлиқ, деган хулосага келишди. Тўй илгари бирорта ҳам коронавирусни юқтириш ҳолати қайд этилмаган ва 4500 аҳолидан иборат кичик шаҳарчада бўлиб ўтган.

Коронавирусга топширилган тестларнинг илк мусбат натижалари тўй маросимидан беш кун ўтиб олинди: икки меҳмон томоғи оғригани, иситмаси чиққани ва қуруқ йўтал тутгани ҳақида маълум қилишди. Кейинги куни яна уч киши шунга ўхшаш аломатлардан шикоят қилишди, уларда ҳам коронавирус аниқланди. Касалланганлар сони кўпайгандан сўнг экспертлар янги вирусни юқтирганлар орасидаги алоқани излаб топишга уринишди ва айнан тўй вирус ўчоғига айланган, деган хулосага келишди. Текширув натижаларига кўра, у карантин қоидаларининг бузилишлари замирида юзага келган: умумий меҳмонлар сони 50 кишилик чегарадан ошиб кетган, устига-устак, ниқоб тақишмаган, ижтимий масофа сақлашни айтмаса ҳам бўлади.

Кейинчалик коронавирус 55 меҳмондан 27 нафарида аниқланган. Шунингдек, тўй маросими бўлиб ўтган ресторан ходимлари ҳам касалликка чалинишган. Кейин вирус биринчи юқтирганларнинг иккиламчи алоқалари орқали тарқала бошлаган: ҳатто, тўйхонадан юзлаб километр узоқликда жойлашган қамоқхона, қариялар уйигача ҳам етиб борган.

Меҳмонлардан бири тадбирнинг эртасига коронавирус аломатларини сезган, лекин тест натижалари бир ҳафтадан кейингина маълум бўлган. Экспертларнинг таъкидлашича, вафот этганлар ва шифохонага ётган беморлар орасида тўй меҳмонлари билан бевосита алоқадор бўлмаган бирорта ҳам одам қайд этилмаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)