18:26 / 03.12.2020
2 797

Озарбойжон илк марта Қорабоғ урушидаги йўқотишларини очиқлади

Озарбойжон илк марта Қорабоғ урушидаги йўқотишларини очиқлади
Фото: BBC Russian
Озарбойжон мудофаа вазирлиги Қорабоғда 27 сентябрь куни бошланган уруш давомида 2 минг 783 нафар озарбойжонлик аскар ҳалок бўлгани ҳақида эълон қилди. Яна юздан ортиқ ҳарбий бедарак кетган. Вазирлик маълумотига кўра, шунингдек, 1 минг 245 нафар озарбойжонлик ҳарбий хизматчи жароҳатланиб, даволанмоқда.

Уруш вақтида Озарбойжон мудофаа вазирлиги Қорабоғдаги йўқотишлари ҳақида маълумот бермаётганди. Озарбойжон бош прокуратураси фақат тинч аҳоли вакиллари орасидаги йўқотишларни маълум қилиб турган.

Арманистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, урушда мамлакат қуролли кучлари сафида 2718 нафар ҳарбий қурбон бўлган. Икки томон ҳам жасадларнинг шахсини аниқлаштириш ишларини давом эттирмоқда.

Қорабоғдаги уруш 27 сентябр куни бошланиб, 9 ноябрдан 10 ноябрга ўтар кечаси якунланганди. Ўшанда Озарбойжон ва Арманистон раҳбарлари Россия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришишганди.

Тинчлик сулҳи шартларига кўра Озарбойжон 1990-йиллар бошидаги биринчи Қорабоғ уруши вақтида арман ҳарбийлари томонидан эгаллаб олинган 7 туманини ҳамда иккинчи уруш вақтида озар ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда эгаллаган ҳудудларни, шу жумладан, Шуша ва Гадрутни қайтариб олди.

Арманистон ҳарбийларини ҳудуддан олиб кетиш жараёни график бўйича олиб борилди. 1 декабр куни улар сўнгги ҳудуд — Лочин туманини ҳам тарк этишди.

Озарбойжон урушнинг бундай якун топишини ғалаба сифатида қабул қилди ва президент Илҳом Алиевнинг қарорига кўра, 8 ноябр куни Озарбойжонда Ғалаба куни сифатида нишонланадиган бўлди.

Арманистонда эса кўпчилик тинчлик келишувини таслим бўлиш сифатида баҳолади ва ушбу келишувга розилик берган бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қила бошлашди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Озарбойжон илк марта Қорабоғ урушидаги йўқотишларини очиқлади