19:03 / 09.12.2020
4 424

Россиялик рэпернинг Mercedes’ини ютиб олган бухоролик йигит машинани қачон олишини маълум қилди

Россиялик рэпернинг Mercedes’ини ютиб олган бухоролик йигит машинани қачон олишини маълум қилди
Фото: Instagram / @aza_1002
Россиялик таниқли рэпер ва бастакор Алишер Валиев (тахаллуси Моргенштерн) 18 октябрь куни Instagram’да Mercedes-Benz E200 машинаси учун танлов ўтказгани ва унда Бухорода яшовчи @aza_1002 аккаунти эгаси Азим Абдуллаев ғалаба қозонгани ҳақида хабар берилганди.
Азим Абдуллаев Instagram саҳифасидаги Stories орқали Mercedes’ни қачон олиши ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Унинг айтишича, автомобиль Тошкентга етиб келган ва 2-3 кундан сўнг Бухорога, ўз эгасига етказилади. Шунингдек, Азим рэпер Моргенштерннинг ўзи ҳам Ўзбекистонга келишини ёзиб қолдирди.

Фото: Instagram / @aza_1002
Азимнинг айрим фолловерлари ундан машинани сотишни ҳам сўраган. 20 ёшли йигит эса «Мерин»ни сотмаслиги, ўзи ҳайдашини айтган.

Фото: Instagram / @aza_1002
Эслатиб ўтамиз, Моргенштерн ўшанда ғолиб билан боғланган ва автомобилни шахсан ўзи Ўзбекистонга олиб келишини маълум қилган. Кейинроқ мусиқачи Ўзбекистонда хорижда ишлаб чиқарилган машина учун белгиланган божхона тўловлари миқдоридан хабар топгач ўз stories’ида видеохабар қолдирган.

«Ўзбекистонда машина учун божхона тўлови қанча эканини биласизми? Унинг нархи машина нархига тенг экан», — деган Моргенштерн. Рэпер чегаралар ёпиқлиги ва машинани мамлакатга олиб кириш қимматлиги сабабли уни етказиб беришда ҳукуматдан ёрдам сўраган.

Мусиқачи блогер Юрий Дудга берган интервьюсида Mercedes-Benz’ни танлов ғолибига етказиб бериш учун яна 2 миллион рубль тўлаши кераклигини айтган.

Mercedes-Benz’нинг яна бир халқона номи «Мерин», қўшиқчи ўз композицияларидан бирини ушбу машинага бағишлаган (унда ҳақоратли сўзлардан кўп фойдаланилган), қўшиқ Youtube’да 85 миллион мартадан кўпроқ кўрилган. Ҳисоб-китобларга кўра, Моргенштерн машина учун 4 миллион рубль (тахминан 51 минг АҚШ доллари) сарфлаган.

Давлат божхона қўмитасининг ҳисоб-китобларига кўра, рэпернинг машинасини Ўзбекистонга олиб келиш учун тўланиши керак бўлган бож тўлови 353 801 986,83 сўмни ташкил этган.

Моргенштерн ҳақида
Алишер Валиев (Моргенштерн тахаллуси немис тилидан таржима қилинганда «тонгги юлдуз») рэп айтишни 12 ёшида бошлаган, юқори синфда ўқиб юрган вақтларида «қора алкоголизм» йилларини ўтказиб, машҳур бўлган, дунё тан олган рэп-юлдузларининг ҳаёти ҳақида реплар айтган. Уфада яшовчи 22 ёшли мусиқачи З авлоди ҳавас қиладиган хонандага айланган ва Instagram’даги тўғридан-тўғри эфирда оддий, содда трекларини ижро этиб, миллионлаб даромад қилмоқда, дейилади Forbes маълумотида.

Моргенштерн бошқалар ижро этган қўшиқлар билан танилган: 2018 йилда у «ИзиРеп» туркумидаги видеоларни тайёрлади ва уларда таниқли ижрочиларнинг оммалашган қўшиқларини жамлади (Eljey, Kizaru ва Face), шунингдек, ушбу содда репларни бошқа ҳар қандай одам ижро қилиши мумкинлигини тушунтирди.

Журналист Николай Редкиннинг Meduza эълон қилган мақоласида Алишернинг бошқалар томонидан ўзига йўллаган салбий фикрлардан усталик билан фойдаланиши ва YouTube’да реакциялар яхши баҳоланишини англаган ҳолда тўғри ҳаракатлар қилганини эътироф қилган. 2018 йилда рэпер ўзининг биринчи альбомини тақдим қилди, Россия бўйлаб турга чиқди ва 100 минг рубллик камерани ёқиб юборди. Кейинроқ ушбу ҳаракатига изоҳ бериб, бу одамлар диққатини тортишни тезкор ва енгил усули эканини қайд этди: оммалашган блогернинг ишлаб топаётган пуллари, муҳокама қилинаётганидек, у қадар кўп эмас.

2019 йил охирида у тўғридан-тўғри эфирда қўшиқлар альбомини ёзишини эълон қилди ва ҳар бир студия сессиясини жонли тарзда ижтимоий тармоққа жойлаштириб борди. Якунда ҳосил бўлган релизга «Афсонавий чанг» деб ном берди (2020 йил январида сотувга чиққан) уни барча стриминг сервисларида 500 миллион мартадан кўп эшитишган (ушбу рақам сентябрь ойи ҳолатига олинган), альбомнинг ҳар бир треки «платинали» диск даражасига чиқди. Моргенштерн қўшиқларида ҳақоратли сўзлар, сўкинишлар кўп учрайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Россиялик рэпернинг Mercedes’ини ютиб олган бухоролик йигит машинани қачон олишини маълум қилди