08:20 / 24.01.2021
1 973

Германиядаги бу уйда қачонлардир Владимир Путин оиласи билан 6 йил яшаган (фото)

Германиядаги бу уйда қачонлардир Владимир Путин оиласи билан 6 йил яшаган (фото)
Фото: «Bild»
«Bild» нашри журналистлари қачонлардир Россиянинг ҳозирги президенти Владимир Путин Дрезден (Германия)да яшаган хонадонга киришга муваффақ бўлишди.

Кремль соҳиби 1985 йилнинг кузидан 1991 йилнинг мартигача Дрездендаги Радебергер штрассе (кўчаси)да жойлашган олти қаватли панел уйнинг 4-қаватидаги хонадонда хотини ва болалари билан яшаган. Путин ўша пайтларда КГБнинг Дрездендаги ходими эди.

Фото: «Bild»
66 квадрат метрли квартира — уч хонали, ошхонаси, санузели, балкон ва сақловхонаси бор. Хонадон марказий иситиш тизимига уланган, электр плита ўрнатилган.

Йорг Ҳофманн. Фото: «Bild»
1991 йил бошларида Путин собиқ Иттифоққа оиласи билан қайтгач, унинг ўрнига кўчиб кирган мебелсоз уста Йорг Ҳофманн ҳануз шу ерда умргузаронлик қилади.

Фото: «Bild»
Ўшанда Владимир Путиннинг рафиқаси Людмила квартира билан таништирганини Йорг Ҳофманн кечагидек эслайди. «Ҳаммаёққа қора рус мебели қўйилган, деворларга ГДРга хос алюминий обойлар ёпиштирилган, полга қаймоқранг гилам тўшалганди», — дейди Ҳофманн.

Владимир Путин қизчаси билан Дрездендаги хонадонида.
1991 йилнинг март ойида квартиранинг калитини янги ижарачига Владимир Путиннинг шахсан ўзи топширган. «Ўн ёки ўн икки нафарча рус аскари мебелларни тахлаб, ёғоч қутиларга жойлашганди. Айниқса, катта кир ювиш машинаси уларга даҳмаза бўлганди. Олтовлашиб пастга аранг олиб тушишганди», — эслайди Ҳоффман.

Йорг Ҳофманн ҳам ижара пулини худди Путин каби тўлаган: уй учун — 58,90 немис маркаси (DEM) ҳамда иссиқ сувга — 9,80, иссиқликка — 26,20, ойига жами — 94,90 немис маркаси.

Оддий немис (балки Путиннинг) ваннахонаси. Фото: «Bild»
Орадан салкам 30 йил ўтса ҳамки Йорг Ҳофманн Владимир Путиндан кейинги танҳо ижарачи эканидан қаноатланади. «Фақат баъзида рус сайёҳлари ўтирган автобуслар уй рўпарасида тўхтаб ўтиши асабимга тегади. Улар бу ерни Путиннинг уй-музейи деб ўйлашади, шекилли», — истеҳзоли кулади мебелчи.

Йорг Ҳофманн ҳали ҳеч бировни ўз хонадонига экскурсия уюштириш учун киритмаган. Ҳатто Путиннинг ашаддий рақиби Алексей Навальнийни ҳам. Ҳофманнинг айтишича, Рождество арафасида уй атрофида Навальний тансоқчиси билан айланишиб юрганини кўрибди. Мебелчининг гумонича, Навальний ҳужжатли фильм олаётган бўлган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)