08:53 / 29.01.2021
2 891

«Ҳозир қудрат сизнинг қўлингизда, лекин бу абадий эмас» - Навальний

«Ҳозир қудрат сизнинг қўлингизда, лекин бу абадий эмас» - Навальний
Фото: Meduza
Москва вилоят суди 28 январь куни «Новичок» гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганидан сўнг Германияда даволаниб қайтганида ҳибсга олинган Алексей Навальнийнинг адвокатлари томонидан сиёсатчининг Москвадаги «Матросская Тишина» номли тергов изоляторидан озод қилинишини талаб қилган апелляция шикоятини рад этди.

Учрашув давомида Навальний тергов изоляторидан видеоалоқа орқали нутқ сўзлади. Meduza Навальний нутқининг тўлиқ стенограммасини тақдим этди.

«Ҳаммаси шу қадар ажойибки, мен нимадан бошлашни ҳам билмайман. Одатда бу қандай ишлайди: Сиз суд қарорини қабул қиласиз, у ерда қонун бузилиши ҳолатларини қидирасиз ва бу тўғрисида апелляция шикояти вақтида гапирасиз. Бу ерда эса буларнинг барчаси битта катта қонун бузилиши, намойишкорона қонун бузилиши.

Сиз Химкидан келган суд баённомасини ўқидингизми? Агар уни ўқиган бўлсангиз, бутун Москва вилоят суди устидан жуда баланд овозда кулишингиз керак эди, чунки бу дунёдаги энг кулгили ҳужжат. Ҳужжат бирор-бир ҳуқуқий маълумотга эга бўлмаган киши томонидан тузиб чиқилган. Буларнинг барчаси шунчаки бўлиши мумкин эмас.

Биласизми, ҳурматли судья ва суд иштирокчилари, узоқ вақтдан бери суд тизимимиз билан биргаликда мен ушбу зинапоядан, суд тизими таназзули зинапоясидан тушиб келмоқдаман. Мен аллақачон кўп нарсаларни кўрганман. Кўплаб қонунлар менга тааллуқли эмаслигига аллақачон ўрганиб қолганман. Аммо кўрдингизми, мен учун янги истиқболлар очилди, мен камерада, полиция идорасида бўлганимда қандайдир одамлар мени олдимга келиб, «Энди сизни адвокатлар билан учрашувга олиб борамиз», — дейишди.

Улар мени етаклаб камералар ўрнатилган, бир қанча томошабин ўтирган, Россия байроғи илинган итхонага олиб киришди ва менга «Энди биз сизга ҳукм ўқиймиз», — дейишди. Нима? Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? Менинг ҳеч нарсани тушунмаётган адвокатим яқинимда турибди. Мен эҳтимол бу «Соврин» дастури ёки шунга ўхшаш бошқа нарсамикан деб ўйладим. Яна ўйладимки, балки ҳозир орқадаги саҳна ғойиб бўлиб, у ердан одамлар кулиб чиқади, Путин чиқади: «Ха-ха, Алексей, биз сиз билан ҳазил қилишга қарор қилгандик, чунки сиз бизнинг мамлакатда беш ой бўлмагансиз. Ҳаммаси яхши, бизда ҳамма нарса қонун асосида бўлади». Чунки полиция бўлимида судни эълонсиз ўтказиш мумкин эмас! Мумкин эмас!

Ҳурматли судья, Химки суди тугади ва бир дақиқадан сўнг улар Симоновский суди (Москва шаҳри) юборган мени 1-сонли қамоқхонага ўтказиш бўйича қоғозларни имзо чекиш учун олиб келишди. Яъни Симоновский суди Химки судида қарор қабул қилинганда мен бу ерда бўлишимни аллақачон билган (Матросская Тишинада). Менинг самолётим Внуководан Шереметьевога учаётганида мен учун «Матросская Тишина»да камера аллақачон тайёрлаб қўйилганига шубҳа қилмайман. Улар буни ҳатто яширмайди! Агар уялишганда, улар буни қандайдир тарзда яширишган ёки Симоновский судида ёзилган ҳужжатларни бироздан кейин олиб келишган бўларди. Чунки ҳужжатларни Химкига олиб келиш ва уни топшириш учун вақт керак. Улар ҳатто уялмадилар, бир дақиқада беришди: «Imzo қўйинг! 1-сонли қамоқхона». Ғаройиб.

Илтимос, айтинг-чи, ҳурматли судья, аслида менинг шартли жазомни ҳақиқий жазога алмаштириш масаласини кўриб чиқаётганимиз сизни озгина бўлса ҳам безовта қиладими? Бўлиши мумкин эмас. Аммо биз, шунга қарамай, буни моҳиятан кўриб чиқамиз, чунки бу ерда фақат ҳибсга олиш мавзуси. Барча жараён бемаъни. Менинг статусим бу ерда мана бундай – мана битта Жазони ижро этиш федерал хизмати (ЖИЭФХ) ходими, мана ЖИЭФХнинг иккинчи ходими ва 1-сонли қамоқхонада ҳеч ким менинг статусимни тушунмайди, чунки мен ҳибсга олинганман. Тергов ҳибсхонасида ушлаб турилган шахс ким? Бу жуда ғалати мавжудот.

Қандай қилиб мени бир ойга ҳибсга олишингиз мумкин? Улар мени ҳаттоки ҳибсга олишмади, мени қамашди. Нега мен вақтинча сақлаш ҳибсхонасида эмасман, нега қамоқхонадаман?

Шереметьево аэропортида ҳибсга олинганим тўғрисида ҳужжатлар оқ-қора рангда ёзилган эди: «Эҳтиёт чораси: йўқ». Агар эҳтиёт чораси бўлмаса, нима учун сўнгги бир неча кун ичида мен тез-тез қуйидаги сўзларни эшитдим: «Илтимос, қўлларингизни орқангизга қилинг». Агар эҳтиёт чораси бўлмаса, нега мен бу ерда ўтирибман? Бу шунчаки ажойиб.

Суд қарорида мен 30 кунга ҳибсга олинишим мумкин бўлган бир қатор моддалар мавжуд. Ушбу моддаларнинг ҳеч бири менга тегишли эмас. Уларнинг менга алоқадор жойи йўқ. Агар ҳозир Жиноят процессуал кодексини, Жиноят кодексини олсангиз, улар менга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган моддалардаги айбларни қўйишганини кўрасиз. Шунчаки Химки суди қуйидагича қарор қилган: «Хўш, бу нима экан ... Мен билмайман, шунчаки рақамларни ёзиб қўяверайлик: 234, 328, 344». Улар шунчаки менга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган хоҳлаган учта моддани ёзиб қўйишган.

Адвокат (Олга) Михайлова жуда тўғри айтди, суд йўқ жойдан бўлиши мумкин эмас. Тўғрими? Мен ва менинг ҳимоячиларим апелляция шикояти беришгани учун ушбу суд ҳозир бўлиб ўтмоқда, суд мажлиси тайинланди ва биз бу ерда сиз билан ўтирибмиз.

Химки судида бу қандай содир бўлди? Мен судьядан сўрадим: «Учрашувни ким тайинлаган?» Жавоб йўқ. «Учрашувни ким қолдирди?» Жавоб йўқ. Шунчаки бундай бўлиши мумкин эмас. Шунчаки, кейин Химки суди... У (судья) мантиясини кийиб, болғасини олиб, худди Москва метроси ёки Химки бўйлаб юргандек деди: «Ҳибсга олинсин! Ҳибсга олинсин!».

Нима учун бундай бўлаётганига жавобим бор. Чунки бу вазифа шунчаки қонунбузарлик эмас (Россияда қонунбузарлик одатий ҳол), бу мени ҳамда бошқаларни қўрқитиш учун намойишкорона қонунбузарликдир. Бу намойишкорона қонунбузарлик, буни судьялар ҳам қилмайди, чунки бу ердаги судьялар шунчаки итоаткор қуллардир. Мамлакатимизни талон-торож қилганлар эса 20 йилдан бери талон-тарож қилишмоқда. Ва улар менга ўхшаган ҳар кимни оғзини ёпмоқчи.

Улар ўзларини шунчаки қуйидагича намойиш қилмоқда: «Биз буни қила оламиз! Самолётни бошқа жойга қўндирдикми? Қўндирдик! Бошқа йўловчиларга аҳамият ҳам бермадик. Шереметьевони ўраб олдикми? Ўраб олдик. Нима деб ўйлайсиз, биз сизни полиция идорасида судлай олмаймизми? Биз сизни полиция идорасида суд қила оламиз». Ҳаммани қўрқитиш, барчага яна бир бор айтиш учун намойишкорона: «Биз бу мамлакатнинг эгасимиз», дейишмоқда.

Шундай қилиб, мен ўз нутқимни, ушбу мурожаат бўйича ўз фикрларимни, ўзим ишонган нарсаларим билан тугатмоқчиман, ишончим комил ва шуни айтаманки: улар мамлакатимизнинг хўжайини эмас ва ҳеч қачон бўлмайди. Ва жуда кўп одамлар, ўн миллионлаб одамлар менинг фикримга қўшилади. Ва биз ҳеч қачон бу одамларнинг мамлакатимизни эгаллаб олишига ва ўғирлашларига йўл қўймаймиз. Ҳа, қудрат ҳозир сиз томонда. Ва энди сиз менинг ёнимга 1-2 одамларни қўйиш имкониятига эгасиз (ёнида турган ЖИЭФХ ходимларини кўрсатиб). Ва менга кишан сола оласиз. Аммо бу абадий давом этмайди. Катта раҳмат. Мен шикоятни қўллаб-қувватлайман. Мен озод қилинишимни талаб қиламан.

Менинг илтимосим ... Ҳурматли судья, менинг илтимосим сиз учун тушунарлими? Яхши. Менинг илтимосим шундан иборатки, апелляция шикояти аргументларини қўллаб-қувватлайман, Химки судининг қарорини мутлақо ноқонуний деб топаман ва Химки судининг қарорини бекор қилиб, мени зудлик билан озод қилишингизни талаб қиламан», – деди Навальний.

Алексей Навальний 2020 йил августдан бери Германияда эди. У Томск—Москва самолётида ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли даволаниш учун олиб кетилган. Таҳлиллар натижасига кўра, Навальний «Новичок» гуруҳидаги модда билан заҳарлангани маълум бўлди. Декабрь ойида Bellingcat ва The Insider сиёсатчини Федерал хавфсизлик хизматининг саккиз нафар ходимидан иборат махсус гуруҳ заҳарлагани таъкидланган текширув натижаларини эълон қилди.

14 январь куни Жазоларни ижро этиш федерал хизмати сиёсатчи 29 декабрь куни департамент ташаббуси билан қидирувга берилганини хабар қилди. Хизмат уни «Ив Роше» иши бўйича режимни бузган, унга мувофиқ Навальний ойда икки марта Жазоларни ижро этиш федерал хизмати органларига бориб, рўйхатдан ўтиши керак бўлган. Даволанишдан кейинги реабилитация, хизматнинг фикрича, рўйхатга олишга келмаслик учун асос бўлолмайди.

Навальний 17 январь куни кечқурун Берлиндан Москвага қайтиб келди. Шереметьево аэропортида сиёсатчи «Ив Роше» иши доирасида ҳибсга олинди ва Химки шаҳридаги полиция бўлимига олиб кетилди. Химки шаҳар суди Алексей Навальнийни 15 февралга қадар қамоққа олиш бўйича ҳукм чиқарди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Ҳозир қудрат сизнинг қўлингизда, лекин бу абадий эмас» - Навальний