09:19 / 16.02.2021
602

Икки минг кишини тўйдирса бўладиган Land Rover Defender торти (видео)

Икки минг кишини тўйдирса бўладиган Land Rover Defender торти (видео)
Кадр: YouTube
Британияда Лара Мэйсон исмли қандолатчи Land Rover Defender кўринишидаги улкан тортни тайёрлаш жараёни тасвирланган видео билан бўлишди. Қандолатчининг сўзларига кўра, ширин йўлтанламас икки минг кишини тўйдиришга етган, деб хабар беради Motor.

Лара Мэйсон қандолатчилик борасидаги ноодатий ечимлари билан танилган. Британиялик аёл кўп қаватли эксклюзив тортлар, шунингдек, машҳурлар кўринишидаги ширинликларни тайёрлаб келади. 2015 йилда Jaguar Land Rover концерни аёл билан Defender йўлтанламаси кўринишидаги тортни тайёрлаш бўйича шартнома имзолаган эди. Британия компанияси улкан торт ёрдамида ўзининг икки миллионинчи моделининг ишлаб чиқарилишини нишонлаган.

Бироқ Мэйсон ширин Defender’ни қандай қилиб яратгани тасвирланган видеони эндигина эълон қилди. Бу каби тортни пишириш учун аёл махсус ёғоч ромдан фойдаланган. Қандолатчи қатламларни бир-бирининг устидан териб, асбоб-анжомлари ёрдамида йўлтанламаснинг ташқи кўринишини яратган. Экстерьери тайёр бўлгач, Defender музлатилган ва шундан сўнг бўёқлар, ялтироқлар ва желатин ёрдамида унинг ташқи кўриниши якунланган.

Кадр: YouTube
Лара Мэйсоннинг сўзларига кўра, ушбу торт билан 2 минг кишини тўйдириш мумкин бўлган. Қандолатчи Jaguar Land Rover билан ҳамкорлиги доирасида янги заводнинг очилиши муносабати билан еса бўладиган двигателни яратган. Майда деталларига ҳам эътибор қаратилган мотор осонгина Jaguar ХЕ ёки Land Rover Discovery Sport’га ўрнатиладигандек таассурот уйғотган. Ўз маҳсулотларини намойиш этганидан сўнг Мэйсонга Aston Martin, Mini Cooper ва ҳатто Harley-Davidson кўринишидаги тортларни яратиш бўйича таклифлар тушган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)