02:31 / 15.08.2021
2 655

«Толибон» Мозори-Шарифни эгаллади. Афғонистон ҳукумат кучлари Ўзбекистон томон қочгани айтилмоқда

«Толибон» Мозори-Шарифни эгаллади. Афғонистон ҳукумат кучлари Ўзбекистон томон қочгани айтилмоқда
«Толибон» ҳаракати Афғонистон шимоли-ғарбидаги Балх вилояти маъмурий маркази ҳисобланган Мозори-Шариф шаҳри унинг назорати остига ўтганини эълон қилди. Бу ҳақда хорижий оммавий ахборот воситалари толиблар расмий вакили Забиҳулла Мужоҳиднинг Twitter’даги расмий саҳифасига асосланиб хабар берди.

«Ҳозиргина Мозори-Шариф шаҳри — Балх вилояти пойтахти бизнинг назоратимиз остига ўтди. Бир неча дақиқа аввал вилоят губернатори, полицияси бошлиғи, разведка хизмати етакчиси... ва вилоятнинг бошқа раҳбарлари қўлга олинди», — дейилади Мужоҳиднинг ахборотида.

Мозори-Шариф қулаганидан сўнг Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрини Ўзбекистоннинг Термиз шаҳри билан боғловчи «Дўстлик» кўпригидаги вазият. 2021 йил 14 август.
Фото: Telegram / @tashkent_land

Al Arabiya телеканали маълумотига кўра, Афғонистон ҳукумат кучлари Мозори-Шарифни амалда жангсиз топширган, улар ўз постлари, қурол-яроғларини ташлаб, қочишга тушган. Шаҳар атрофида кичик тўқнашувлар давом этаётгани айтилмоқда.

Reuters агентлигининг Балх вилояти маҳаллий кенгаши раҳбари Муҳаммад Афзал Ҳадидга таяниб аниқлик киритишича, ҳозирги вақтда Мозори-Шарифдан қочган ҳукумат қўшинлари Ўзбекистон билан чегара томон ҳаракатланмоқда.

Ўзбекистон билан чегара очилишини кутаётган афғонистонликлар, 2021 йил 15 августга ўтар оқшомидаги вазият.
Фото: Telegram / @tashkent_land

«Америка овози» мухбири Аёз Гул Амударё устидан ўтган ҳамда Афғонистоннинг Ҳайратон ва Ўзбекистоннинг Термиз шаҳарларини боғлаб турувчи «Дўстлик» автомобиль ва темир йўл кўпригидан олинган кадрларни эълон қилган. Унинг сўзларига кўра, чекинаётган афғон хавфсизлик кучлари аллақачон Ўзбекистон чегарасига етиб келган.

The New York Times’нинг ёзишича, «Толибон» шимолдаги сўнгги таянч шаҳарни шаҳар чегарасидаги фронт чизиғини ёриб ўтганидан атиги бир соат ўтар-ўтмас қўлга киритган. Фронт чизиғи ёриб ўтилганидан кўп ўтмай ҳукумат хавфсизлик кучлари ва кўнгиллилар қочган.

Қочганлар орасида маршал Абдулрашид Дўстум ва Балх вилоятининг собиқ губернатори Ато Муҳаммад Нур каби дала қўмондонлари ҳам борлиги айтилмоқда.

«Толибон» назорати остидаги, баҳсли ва ҳукумат назорати остидаги ҳудудлар харитаси. Мозори-Шариф қулашидан аввалги ҳолат.
Харита: The New York Times

«Толибон» жорий ҳафтада йириклиги бўйича Афғонистоннинг иккинчи шаҳри ҳисобланган Қандаҳор ва энг йирик вилоятлардан бири — Ҳиротни эгаллаган эди. Мозори-Шариф қулаганидан сўнг (у билан бирга мамлакат шарқидаги Нангарҳар вилояти пойтахти Жалолобод ҳам қулагани айтилмоқда), ҳукумат назорати остида фақат битта йирик шаҳар — пойтахт Кобул қолди, холос.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон июнь ойида «Афғонистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганини инобат олиб», қўшни мамлакат билан чегарани бир томонлама ёпган, Афғонистон фуқароларига туристик виза беришни тўхтатган эди.

Маълумот учун, 23—30 июнь кунлари ДХХ Чегара қўшинлари «Толибон» босқинидан чекиниш вақтида Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтган Афғонистоннинг 150 га яқин ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар кўнгиллиларини қўлга олган эди. Хусусан, 23 июнь куни 53 нафар, 26 июнь куни 3 нафар, 27 июнь куни эса 44 нафар афғонистонлик чегарада ушланган, сўнг ўз юртига қайтарилган эди. Ўшанда афғонистонликлар Амударёни қайиқлар ёрдамида кечиб ўтиб, Ўзбекистон ҳудудига киргани маълум қилинган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» Мозори-Шарифни эгаллади. Афғонистон ҳукумат кучлари Ўзбекистон томон қочгани айтилмоқда