10:30 / 06.09.2021
1 857

«Толибон» Афғонистоннинг янги ҳукумати таркибини эълон қилиш муддатини яна кечиктирди

«Толибон» Афғонистоннинг янги ҳукумати таркибини эълон қилиш муддатини яна кечиктирди
Фото: AP Photo
«Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг янги ҳукумати таркибини эълон қилиш муддатини яна кечиктиришга қарор қилди, деб ёзади «Интерфакс».

«Янги ҳукумат ва Вазирлар маҳкамаси аъзолари ҳақида энди келаси ҳафта эълон қилинади», — деди «Толибон» вакили Забиҳулла Мужоҳид.

Ўз навбатида «Толибон» томонидан ташкил қилинган махсус қўмита (унга афғон жамиятининг турли гуруҳлари билан янги ҳукумат тузиш ҳақида музокаралар олиб бориш вазифаси юклатилган) аъзоси Халил Ҳаққоний маълум қилишича, «Толибон» ёлғиз ўзи ҳукумат шакллантириши мумкин, аммо «Толибон»нинг бир ўзи дунё учун номақбул бўлади. Натижада, унинг сўзларига кўра, «Толибон» бўлғуси ҳукумат таркибида афғон жамиятидаги барча гуруҳлар ва қатламлар бўлишини таъминлашга интилмоқда.

Шунингдек, у янги ҳукумат таркибига «Толибон»ни қўллаб-қувватлаган Афғонистон собиқ бош вазири Гулбиддин Ҳикматёр ва мамлакатдан қочиб кетган Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг укаси киришини айтди.

Аввалроқ «Толибон» янги афғон ҳукумати таркибини бошидан режалаштирилганидек 3 сентябрь эмас, балки 4 сентябрда эълон қилиши маълум бўлганди.

«Толибон» раҳбарлари Афғонистонни бошқариш учун 12 кишидан иборат кенгаш тузмоқчи экани хабар қилинганди. «Толибон» Афғонистонда президент ёки бошқа ягона раҳбар лавозимини қайта тиклашни истамайди, лекин шу билан бирга, улар аввалги ҳукумат аъзоларига янги кенгашдан ўрин таклиф қилишни режалаштирмоқда. Шу тарзда «Толибон» халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлиш имкониятини ошириш учун иложи борича инклюзив кўринадиган бошқарув органини яратмоқчи.

Шунингдек, «Толибон» Эрон моделига асосланган ҳукумат тузишни исташи маълум бўлди. Эрон Ислом Республикасида Олий раҳнамо давлат раҳбари ва диний етакчи ҳисобланади. «Толибон» бош етакчиси Ҳайбатулла Охунзода Олий Кенгаш раиси бўлиши мумкин. У ҳеч қачон омма олдида кўриниш бермаган ва қаерда экани ҳамиша номаълум бўлиб келган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» Афғонистоннинг янги ҳукумати таркибини эълон қилиш муддатини яна кечиктирди