12:08 / 16.09.2021
3 429

Олимлар COVID-19 га қарши оммавий қайта эмлаш фойдасиз эканини маълум қилди

Олимлар COVID-19 га қарши оммавий қайта эмлаш фойдасиз эканини маълум қилди
Фото: Getty Images
COVID-19 га қарши оммавий қайта эмлаш ҳозир фойда бермайди, аксинча ножўя таъсирга олиб келиши мумкин. Халқаро олимлар гуруҳи шундай хулосага келди. Гуруҳ таркибида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг бош илмий ходими Сумя Сваминатан ва ЖССТ соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар дастури ижрочи директори Майкл Райан сингари мутахассислар бор. Уларнинг мақоласи The Lancet журналида чоп этилган.

Тадқиқот муаллифларига кўра, коронавирусга қарши қайта вакцинацияни бунчалик эрта ўтказиш иккиламчи таъсирларга олиб келиши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу хулоса мРНК вакциналарига ҳам, аденовирусга асосланган препаратларга ҳам тааллуқли.

Ҳисоботда айтилишича, қўшимча дозалар танага жуда эрта ёки тез-тез юборилган тақдирда, бу беморда миокардитни (бунда гап мРНК вакциналарини, яъни Pfizer ва Moderna билан эмлаш ҳақида кетмоқда), шунингдек, Гийен-Барре синдромини («Спутник V» ва AstraZeneca сингари аденовирусга асосланган вакциналар) келтириб чиқариши мумкин.

«COVID-19 га қарши бирламчи эмлашнинг фойдаси вирус билан касалланиш хавфидан устун эканига қарамай, қўшимча вакциналар жуда эрта ёки тез-тез юборилса, иммунитет воситачилигидаги ножўя таъсирга эга бошқа хавфлар пайдо бўлиши мумкин» — дейилади мақолада.

Олимларнинг таъкидлашича, дельта штамми келтириб чиқарган янги COVID-19 тўлқини соғлиқни сақлаш соҳасидаги глобал инқирозни янада кучайтирди ва кўпчилик мамлакатлар ҳукуматларини эмланган аҳолининг қўшимча дозаларга эҳтиёжи борлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилди. «Эмланган одамларнинг иммунитетини ошириш орқали COVID-19 билан касалланиш ҳолатларини камайтириш ғояси оқилона кўринса-да, ҳар қандай қарор далилларга асосланган бўлиши ҳамда шахс ва жамият учун фойда ва хавфларни ҳисобга олиши керак».

Уларнинг фикрича, яқин келажакда қўшимча эмлаш талаб қилиниши мумкин, деган даъволар, агар ишончли маълумотлар ва таҳлиллар билан қўллаб-қувватланмаса, бу вакциналарга бўлган ишончга салбий таъсир кўрсатиши ва бирламчи эмлаш ҳаракатларига путур етказиши мумкин.

«Агар барибир қўшимча вакциналар ишлатиладиган бўлса, унинг ҳақиқатан ҳам бевосита ва билвосита фойда келтиришини кўрсатиб берувчи муайян ҳолатларни аниқлаш керак бўлади. Қўшимча тадқиқотлар бу ҳолатларни аниқлашга ёрдам беради», — деб ёзади тадқиқот муаллифлари.

Уларнинг қўшимча қилишича, иммунитети заиф одамлар, шунингдек, асосий эмлашдан кейин зарур ҳимояга эга бўлмаганларни қайта эмлашга тўғри келиши мумкин. Шу билан бирга, агар одамда биринчи эмлашдан кейин иммунитет ривожланмаган бўлса, унга қўшимча вакцинанинг ҳам таъсири бўлмаслиги мумкин, дея таъкидлади олимлар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар COVID-19 га қарши оммавий қайта эмлаш фойдасиз эканини маълум қилди