20:30 / 27.09.2021
2 698

Қирғизистон президенти Афғонистондан келган этник қирғизлар учун шаҳарча қурилишини бошлаб берди

Қирғизистон президенти Афғонистондан келган этник қирғизлар учун шаҳарча қурилишини бошлаб берди
Фото: Kloop
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўш вилоятининг Чон-Олай туманига ташриф буюрди ва у ерда афғонистонлик этник қирғизлар — Кичик ва Катта Помирдан келган муҳожирларни кўчиришга мўлжалланган шаҳар қурилиши учун капсула қўйди. Бу ҳақда президент маъмуриятига таяниб, Kloop хабар берди.

Шаҳарчада помирлик қирғизларни жойлаштириш учун 400 тагача уй қуриш ваъда қилинмоқда. «Афғонистоннинг Кичик ва Катта Помир ҳудудларидан кўчиб келган ва тоғли Бурган-Сув қишлоғига жойлаштирилган биродар-у опа-сингилларимизнинг фарзандлари муқаддас қирғиз заминида фаровон бўлиб вояга етишсин», — деди Жапаров.

Аввалроқ, июль ойида Ташқи ишлар вазирлиги «Толибон» таъқибидан қочган афғонистонлик этник қирғизларни Қирғизистонга олиб келишга ваъда берганди. 340 кишини кўчириб келиш режалаштирилган эди, лекин бу амалга ошмади.

Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон ҳукуматидан афғон қирғизларини мамлакат бўйлаб Қирғизистон—Тожикистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктигача олиб келишда ёрдам сўраганини маълум қилди. Бироқ вазирликка кўра, Қирғизистон расмийларининг мурожаатлари «жавобсиз қолган». Тожикистон матбуоти хабарига кўра, этник қирғизлар Афғонистонга қайтарилган.

Қирғизистондаги Помир қирғизлари
Ҳозир Помирда яшайдиган қирғизлар 1575 йилдан 1930 йилгача Афғонистонга кўчиб ўтган қирғизларнинг авлодлари. Улар Катта ва Кичик Помир тоғларида қийин шароитда, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан мосуво ҳолда яшайди.

Помирликларнинг ватанига қайтариш масаласи Қирғизистон ҳукуматида бир неча бор кўтарилган, аммо ҳалигача ҳал қилинмаган. Қирғизистон ҳар йили Помир тоғларига экспедициялар юбориб, у ерда яшовчи қирғизларга гуманитар ёрдам кўрсатади.

2017 йилдан бошлаб ҳукумат Помир қирғизларини тарихий ватанига кўчириш чораларини кўришни бошлади.

2021 йил 4 апрель куни Садир Жапаров Афғонистондан Ўш вилояти Олой туманининг Талди-сув қишлоғига кўчирилган Помир қирғизлари билан учрашди. Учрашувда президент Помирда қолган қирғизларни кўчириб келиш, уларга фуқаролик бериш ва ишсизлик масаласини ҳал қилишни тезлаштиришга ваъда берди. Бундан ташқари, президент Чон-Олайга кўчириладиган афғон қирғизлари учун уй қурилишига ишонтирди. Апрель ойида 111 нафар помирлик Қирғизистон фуқаролигини олгани маълум қилинган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон президенти Афғонистондан келган этник қирғизлар учун шаҳарча қурилишини бошлаб берди