23:55 / 25.12.2021
1 108

Рамзан Қодировнинг қизи Айшат «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун» медали билан тақдирланди

Рамзан Қодировнинг қизи Айшат «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун» медали билан тақдирланди
Фото: «Весма»
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қизи, республика маданият вазири Айшат Қодирова «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун» медали билан мукофотланди. Бу ҳақда «Грозний» давлат телерадиокомпаниясига таяниб, Meduza хабар берди.

«Нишон фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилгани, Чеченистон ижтимоий ва маданий ҳаётини ривожлантиргани, чечен халқининг маданий ва тарихий меросини сақлаш ва оммалаштиришга қўшган улкан ҳиссаси, юқори касбий маҳорати, шунингдек, фуқаролик жамияти ва ҳукуматнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари учун берилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу медал билан Чеченистон таълим ва фан вазири лавозимида фаолият юритаётган Хож-Бауди Дааев ҳам тақдирланган. Мукофот Дааевга «Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад Ҳожи Қодиров йўлидаги кўп йиллик фидокорона фаолияти учун» берилган.

Маълумот учун, 1998 йилнинг 31 декабрида туғилган Айшат Қодирова 2021 йилнинг октябрида маданият вазири этиб тайинланганди. Бунга қадар у бир йилдан ортиқ вақт давомида Чеченистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари бўлган.

Хож-Бауди Дааев эса 1980 йилнинг 10 июлида туғилган бўлиб, Грозний мэри ўринбосари, ёшлар ва ишлари бўйича вазир ҳамда маданият вазири лавозимларида ишлаган. 2021 йилнинг ноябрида таълим ва фан вазири этиб тайинлангунга қадар Дааев бош вазир ўринбосари эди.

Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қизи, Грозний шаҳри мактабгача таълим департаменти бошлиғи Хадижат Қодирова «Чеченистон Республикаси олдидаги хизматлари учун» медали билан тақдирлангани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда «BBC’нинг рус хизмати» Чеченистондаги 158 нафар катта лавозимдаги амалдорларнинг 30 фоизи республика раҳбарига қариндош эканлиги, 23 фоизи Қодировнинг қишлоқдоши, 12 фоизи эса унинг дўстлари ва уларнинг қариндошлари эканлиги ҳақидаги суриштирувни эълон қилганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг