13:05 / 14.02.2022
914

Германияда йўл ҳаракати қоидабузарларига қарши қандай курашилади?

Германияда йўл ҳаракати қоидабузарларига қарши қандай курашилади?
Фото: Aussiedlerbote
Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидалари соҳасида жиддий ислоҳотлар бошланиши кутилмоқда. 2022 йилнинг 10 февраль куни президент Самарқандга ташрифи давомида шаҳарда тезликни пасайтириб, тирбандликларни камайтириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, тез орада пойтахт Тошкентда тезлик кўпи билан 60 километр/соатгача белгиланиши ҳам айтилди.

Давлат раҳбари 11 февраль куни ўтказилган видеоселекторда мамлакатда 2021 йилда 10 мингдан зиёд авария содир этилгани ва 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олгани, 2,5 мингга яқин одам (263 нафар бола) ҳалок бўлгани ҳақида гапирди. Бундан ташқари, қоидабузар ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими жорий этилиши, йўл ҳаракати қоидалари анча эскиргани ва уларнинг халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилиши қайд этилди.

Ушбу воқеалар фонида «Дарё» йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда илғор мамлакатлардан бири — Германияда қоидабузарларга қарши қандай кураш олиб борилиши ҳақида маълумот беради.

Германияда йўл ҳаракати қоидаларини муттасил бузувчиларига нисбатан ўзига хос жазо чораси кенг тарқалган бўлиб, унинг номи «Idioten test», яъни «Аҳмоқлар учун тест» деб номланади. Агар Германияда кетма-кет 3 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган бўлсангиз, ҳукумат сизни «аҳмоқ» деб ҳисоблайди ва 3 ойга автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Кейин эса сизни «Idioten test»га юборади.

Масалан, биринчи марта йўл ҳаракати қоидаларини буздингиз — шаҳар ичида тезликни соатига 20 километрга оширдингиз (дарвоқе, Германияда шаҳар ичида чекланган тезлик 50 километр/соатни ташкил қилади). Биринчи марта катта миқдордаги жарима билан қутиласиз. Сизга қоидабузарлик қайд этган машинангизнинг фотосурати хат орқали юборилади. Хатда тўланиши керак бўлган жарима миқдори ҳам кўрсатилади.

Германияда жарималар миқдори жуда катта. Немислар қонунни бузувчиларга нисбатан қатъий ва шафқатсиз муносабатда бўлади. Масалан, шаҳар ичида тезликни оширишганлик учун белгиланган жарималар 70 евродан (865 минг сўмдан ортиқ) бошланади. Тезлик қанча юқори бўлса, жарима миқдори ҳам шунча кўп бўлади. Пиёдалар юриш йўлаги, велойўлаклардан фойдаланиш қоидаларини бузиш эса 100 еврога тушади (1 миллион 200 минг сўмдан ортиқ).

Шундай қилиб, йўл ҳаракати қоидаларининг биринчи бузилиши яхшигина сумма ёзилган квитанцияга олиб келади. Иккинчи қоидабузарлик биринчисига нисбатан каттароқ жарима билан жазоланади. Агар сиз учинчи марта қоида бузсангиз, у ҳолда узоқ муддат ёдингиздан чиқмайдиган синовдан ўтишингизга тўғри келади.

Немис расмийлари агар кетма-кет учинчи марта йўл ҳаракати қоидаларини бузсангиз, сизни шунчаки «аҳмоқ» деб ҳисоблайди. Аввалига 3 ойга автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўласиз, бу ҳақда почта орқали хабар қилинади. Кейин эса сиздан «Idioten test»дан ўтиш талаб қилинади. Тайёргарликсиз тестдан ўта олмайсиз, шунинг учун психолог билан 40 та машғулотда қатнашиш керак бўлади. Ҳар бир дарс бир соат давом этади ва 100 евро туради. Ҳар бир дарсдан сўнг сизга дарс бажарилгани ва унинг пули тўланганини тасдиқловчи муҳр босилган ҳужжат берилади. Автомобиль бошқаруви пайтида ўзингизни қандай тутишни ўргатадиган барча 40 та дарсда қатнашиб, 4000 еврони тўлаганингиздан сўнг «Idioten test»га қабул қилинасиз.

Тестдан олдин ўтилиши керак бўлган тиббий текширувлар, турли анализлар ва бошқа югур-югурлар алоҳида мавзу. Бу босқичлардан ўтгунча қоидабузар аниқ тавбасига таяниб бўлади.

Фото: «Германиа.оне»
Энди эса «Idioten test» ҳақида. Кўпчилик биринчи уринишда тестдан ўта олмайди, чунки унда чалғитувчи саволлар кўп. Қуйида «Idioten test»да тушадиган баъзи саволлардан намуналар тақдим этилади.

1. Монанинг отасининг бешта қизи бор: Лала, Леле, Лулу ва Лоло. Бешинчисининг номи нима?
Жавоб:
Мона.

2. Электрпоезд шимолдан жанубга қараб ҳаракатланмоқда. Шамол эса жанубдан шимолга қараб эсяпти. Шунда поезддан чиқадиган тутун қайси йўналишда бўлади?
Жавоб:
Электрпоезддан тутун чиқмайди.

3. Икки ота ва икки ўғил балиқ овлашга кетди. Улар жами 3 та балиқ тутди, лекин ҳар бири уйга биттадан балиқ олиб келди. Бу қандай содир бўлиши мумкин?
Жавоб:
Балиқ овига ўғил, ота ва бобо борган.

4. Мен сизга қўлларимни кўрсатаман. Уларда 10 та бармоқ бор. 10 та қўлда нечта бармоқ бор?
Жавоб:
50 та.

5. Иккита самолёт Лондондан Берлинга учмоқда. Бири 1 соат-у 15 дақиқа парвоз қилади, иккинчиси эса 75 дақиқа. Берлинга қайси самолёт тезроқ етиб боради?
Жавоб: Иккаласи бир вақтда етиб боради.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш учун Германияда анча-мунча маблағ, вақт ва албатта, асабни сарфлаш керак бўлади. Бундай чоралар қоидабузар келаси сафар рулга ўтиришдан олдин минг марта ўйлаб, кейин қарор қабул қилишини таъминлаш учун йўлга қўйилган. Германиядаги каби қоидабузарларга қарши кураш чоралари фақат коррупция бўлмаган ҳолатларда самара бериши аллақачон исбот талаб қилмас аксиомага айланиб бўлган.

Ёқубжон Бобожонов тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германияда йўл ҳаракати қоидабузарларига қарши қандай курашилади?