13:08 / 26.11.2024
6

Ўтмишингиз билан ярашинг...

Ўтмишингиз билан ярашинг...
Кўпинча ўтмишдаги хатоларимиз, йўл қўйган камчиликларимиз, эриша олмаган орзуларимиз бизнинг ҳозирги кунимизга соя солади. Ўтмиш... У бизни шакллантирган, бизга тажрибалар, сабоқлар, баъзан эса излар қолдирган беқиёс йўл...

«Ўтмишингиз билан ярашинг, шунда у ҳозирги кунингизни бузмайди». дейишади. Бу нима дегани? Буни қандай амалга ошириш мумкин?

Биринчидан, ўтмишни инкор этиш ёки унутмоқчи бўлиш фойдасиз.

Уни қабул қилиш керак. Хатоларимизни, муваффақиятсизликларимизни, оғриқли воқеаларимизни тан олиш бу – биринчи ва энг муҳим қадам. Бу дегани, ўтмишингиздан афсусланиш ёки ўзингизни айблаш эмас. Балки, содир бўлган воқеаларни холисона баҳолаш, улардан сабоқ олиш дегани.

Масалан, ёшлигимда ўзимга ишонмаслик сабабли кўп имкониятлардан воз кечганман. Кейин эса шу ҳолатни қабул қилган ҳолда, ўзимга ишончимни ошириш устида ишлаганман. Ўтмишдаги хатоларимни эслаб, ўша пайтда қандай хатo қилганимни, нимани ўзгартиришим мумкинлигини таҳлил қиламан. Бу эса менга бугунимда, ҳозирда бошқача йўл танлашга ёрдам беради.

Иккинчидан, ўтмишнинг сизни бошқаришига йўл қўйманг. Уни ўзгартиришга ҳаракат қилиш бефойда. Аммо, ўтмишнинг таъсиридан қутулиш мумкин. Бунинг учун ўтмишдаги нохуш воқеаларни хотирадан чиқариш эмас, балки уларнинг салбий таъсиридан халос бўлиш муҳим. Масалан, ёмон муносабатлардан чиқиб кетиш, кечириш, психолог билан суҳбатлашиш буларнинг барчаси ўтмишнинг салбий таъсирини камайтиришга ёрдам берадиган усуллар, воситалар.

Учинчидан, ўтмишдан сабоқ олинг. У сизга бой тажриба ва билим берган. Шу тажрибадан фойдаланиб, келажакда худди шу хатоларни такрорлашнинг олдини олинг.

Хуллас, ўтмишингиз билан ярашиш бу – уни унутмоқ ёки инкор этиш эмас, балки уни қабул қилиш, ундан сабоқ олиш ва унинг сизга бўлган салбий таъсирини камайтириш деганидир. Фақат шундагина сиз ҳозирги кунингиздан тўлақонли баҳра олишингиз мумкин.

Мадина Мийтан, психолог

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ўтмишингиз билан ярашинг...