Акулалар ҳақидаги бу 9 ҳақиқат сиз учун кутилмаган бўлади

Акулалар ҳақида гап кетганда кўпчиликнинг кўз олдига фақат хавфли ва шафқатсиз денгиз йиртқичи келади. Бироқ олимлар бу мавжудотлар инсонлар ўйлаганидан анча мураккаб, ақлли ва қизиқарли эканини таъкидламоқда. Миллионлаб йиллар давомида эволюциядан ўтган ушбу денгиз жонзотлари Ер сайёрасидаги энг қадимги умуртқали йиртқичлардан бири ҳисобланади.
Акулалар ёки уларнинг қадимий аждодлари Ер тарихидаги бешта йирик оммавий қирғинни, жумладан, денгиздаги тирик организмларнинг қарийб 90 фоизини йўқ қилган машҳур Перм-Триас давридаги ҳалокатни ҳам бошдан кечирган. Бугунги кунда улар океанларнинг деярли барча ҳудудларида учрайди ва юз миллионлаб йиллик эволюция давомида ажойиб хусусиятларга эга бўлган.
1. Акулалар оддий математик ҳисоб-китобларни ажрата олади
Тадқиқотларга кўра, акулалар фақат инстинкт билан ҳаракатланадиган жонзотлар эмас. Улар турли товушларни, геометрик шаклларни ва рангларни ажрата олади. Машҳур тажрибалардан бирида ёш кулранг бамбук акулалари шакллар ва оптик иллюзиялар ҳақидаги маълумотни қарийб бир йил давомида эслаб қолган.
Олимлар улар уч билан беш, тўрт билан етти каби сонлар ўртасидаги фарқни ажрата олишини ҳам аниқлаган.
2. Айрим акулалар жазз мусиқасини «ёқтиради»

Австралия соҳилларида яшайдиган Port Jackson акулалари иштирокида ўтказилган тадқиқотда улар мусиқа орқали озуқа топишга ўргатилган. Жазз мусиқаси янграганда улар тўғри жойга сузиб борган ва мукофот сифатида ем берилган.
Бироқ классик мусиқа янграганда улар худди шундай боғланишни ўрната олмаган. Олимлар бу ҳолат акулаларнинг ўрганиш қобилияти юқори эканини кўрсатишини таъкидламоқда.
3. Айрим акулаларда ҳам киндик изи бўлади
Ҳамма акулалар тухум қўймайди. Буқа акулалари ва болғабош акулалар каби айрим турлар болаларини она қорнида ривожлантиради. Улар киндик орқали озиқланади ва туғилгандан кейин маълум муддат қорин қисмида киндик изи сақланиб туради.
Бошқа турларда эса тухум она танаси ичида очилиб, болалари тирик ҳолда дунёга келади.
4. Қум йўлбарс акулалари болалари туғилмасидан олдин бир-бирини ейди
Қум йўлбарс акулаларида ҳаёт учун кураш она қорнининг ўзида бошланади. Урғочи акуланинг икки бачадонида бир нечта эмбрион ривожланади.
Энг кучлиси қолган эмбрионларни ейди. Бу жараён илмий адабиётларда «бачадон ичидаги каннибализм» деб аталади. Кейин тирик қолган эмбрион она чиқарадиган уруғланмаган тухумлар билан озиқланиб, анча бақувват ҳолда туғилади.
5. Акулаларнинг ҳам доимий дўстлари бўлади
Кўпчилик акулаларни ёлғиз овчи деб ҳисоблайди. Бироқ тадқиқотлар кулранг риф акулалари бир хил гуруҳдаги дўстлари билан тўрт йилгача бирга ҳаракат қилишини кўрсатган.
Ёш лимон акулалари ҳам гуруҳ бўлиб яшайди ва бир-биридан ов қилиш ҳамда хавфдан қочишни ўрганади. Катта оқ акулалар орасида ҳам минглаб километр масофани бирга босиб ўтадиган жуфтликлар кузатилган.
6. Акулаларнинг танаси майда тишчалар билан қопланган

Акулалар териси оддий тангачалардан эмас, балки майда тишсимон тузилмалар — дентикуллардан ташкил топган.
Бу тузилмалар сув қаршилигини камайтиради ва тезроқ сузишга ёрдам беради. Шу сабабли қадимда Европада акулалар терисидан мусиқа асбоблари ва мебелларни силлиқлаш учун ҳам фойдаланилган.
7. Акулалар инсон юрак уришини ҳам ҳис қила олади
Акулаларда инсондаги бешта асосий сезги аъзосидан ташқари қўшимча махсус сезиш тизимлари ҳам мавжуд.
Улар сувдаги титрашлар, босим ўзгаришлари, электр майдонлари ва ҳатто Ернинг магнит майдонини ҳам сезади. Бош қисмида жойлашган махсус рецепторлар орқали яқин атрофдаги ҳайвонларнинг мушаклари ишлаши натижасида пайдо бўладиган электр импульсларини, ҳатто юрак уришини ҳам аниқлай олади.
8. Акулалар океанда йўлни магнит майдони орқали топади
Мутахассисларнинг таъкидлашича, акулаларнинг магнит майдонларини сезиш қобилияти уларга минглаб километр масофани босиб ўтишда адашмаслик имконини беради.
Шу хусусият сабабли улар узоқ миграциялар пайтида ҳам аниқ йўналишни сақлаб қолади.
9. Акулалар дарахтлардан ҳам қадимий

Бугунги акулаларнинг энг қадимги аждодлари ҳақидаги илк қазилма излари 450 миллион йил аввалги даврга тегишли.
Бу дарахтлар пайдо бўлишидан тахминан 60 миллион йил, динозаврлардан 220 миллион йил, Сатурн ҳалқаларидан 350 миллион йил аввалги давр ҳисобланади.
Бугун Ер юзида 500 га яқин акула тури мавжуд. Олимлар эса янги турларни кашф этиш ишларини давом эттирмоқда. Мутахассислар фикрича, инсон ва акулаларнинг энг қадимги умумий аждоди тахминан 440 миллион йил аввал яшаган бўлиб, бу икки тур тарихи ўзаро чамбарчас боғлиқлигини кўрсатади.






























Изоҳлар 0
…