Туркманистонда нега Ўзбекистон SIM карталарига қарши рейд бошланди?

Туркманистонда нега Ўзбекистон SIM карталарига қарши рейд бошланди?

Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўзбекистон мобил операторларининг SIM карталаридан фойдаланаётган фуқароларни аниқлаш бўйича кенг қамровли рейдларни бошлади. Бу ҳақда “Озодлик” радиоси хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, текширувлар асосан Тошҳовуз вилоятидаги 60 дан ортиқ аҳоли пунктида ўтказилмоқда. Сўнгги кунларда Диовар қишлоғида бир нечта оиладан Ўзбекистонга тегишли SIM карталар мусодара қилингани айтилмоқда.

Айрим ҳолатларда қонунбузарларга огоҳлантириш билан чекланилган. Аммо аксарият ҳолларда хорижий мобил алоқа хизматларидан фойдаланишда гумон қилинган шахсларга катта миқдорда жарима ёки ҳатто қамоқ жазоси қўлланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Манбаларга кўра, бундай чоралар айрим ҳолларда хорижий алоқа хизматларидан фойдаланиш миллий хавфсизликка таҳдид сифатида баҳоланиши билан изоҳланмоқда.

Чегара ҳудудида яшовчи фуқаролар эса Ўзбекистон операторларининг SIM карталари ва Wi-Fi қурилмаларидан фойдаланишга мажбур бўлаётганини айтишмоқда. Улар буни маҳаллий алоқа тармоқларида интернет сифати пастлиги ёки айрим ҳудудларда умуман ишламаслиги билан изоҳлаган.

Айрим фойдаланувчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон мобил операторлари тақдим этаётган интернет тезлиги маҳаллий хизматлардан бир неча баробар юқори. Шу боис мамлакатга қатнаб турадиган айрим шахслар Ўзбекистондан SIM карталар ва роутерлар олиб келиб, уларни бошқаларга ҳам улаш билан шуғулланади.

Нашр маълумотига кўра, рейдларнинг кучайтирилишига Тошҳовуз вилоятида бир эркак олти нафар фарзанди ва ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабар интернет орқали кенг тарқалгани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Айрим тахминларга кўра, мазкур маълумот қўшни давлат мобил операторлари орқали интернетга чиққан фойдаланувчилар томонидан тарқатилгани гумон қилинмоқда.

Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот идораларида Ўзбекистон SIM карталарини масофадан аниқлайдиган махсус техник воситалар мавжуд эмаслиги айтилмоқда. Шу сабабли текширувлар асосан жойлардаги рейдлар орқали амалга оширилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар