Илк бор: суд олтин балиқларни ҳуқуқли жонзот деб тан олди

Аргентинада ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида тарихий қарор қабул қилинди. Мамлакат суди илк бор Феде ва Маги лақабли икки олтин балиқни ҳуқуқларга эга бўлган ҳиссиётли жонивор сифатида тан олди. Бу қарор нафақат Аргентинада, балки халқаро миқёсда ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Маълум бўлишича, олтин балиқлар Буэнос Айрес шаҳридаги суши ресторани витринасида жуда тор ва ноқулай аквариумда сақланган. Қуёш нурлари тўғридан-тўғри тушиб турадиган ушбу жой ҳайвонлар учун мутлақо мос эмаслигига жамоатчилик эътибор қаратган.
Шундан сўнг ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи Jaulas Vacías ташкилоти судга мурожаат қилди. Даъвода балиқларнинг сақланиш шароити мамлакатнинг ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатни тақиқловчи қонуни талабларига зид экани таъкидланган.
Суд ишни кўриб чиқиб, Феде ва Магини зудлик билан хавфсиз муҳитга кўчириш ҳақида қарор чиқарди. Шу билан бирга, уларни шунчаки мулк эмас, балки ҳиссиётга эга тирик мавжудот сифатида эътироф этди.
Қарордан сўнг икки балиқ 40 литрлик кичик идишдан 2500 литр ҳажмга эга кенг аквариумга кўчирилди. Энди улар махсус шароитда парвариш қилиниб, муносиб муҳитда яшамоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, аквариумда балиқ сақлашнинг ўзи қонунга хилоф эмас. Бироқ уларни тор жойда, етарли озуқа ва қулай муҳитсиз ушлаш ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат сифатида баҳоланиши мумкин.
Экологлар фикрича, мазкур қарор келгусида ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги суд амалиёти учун муҳим прецедентга айланиши мумкин. Шунингдек, у ҳайвонларга нисбатан муносабатни қайта кўриб чиқишга туртки бериши эҳтимолдан холи эмас.






























Изоҳлар 0
…