Қашқадарёда тулки тирнаган эркак вафот этди

Қашқадарё вилоятида тулки тирнаган фуқаронинг вафот этгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Шу билан бирга, айрим саҳифаларда бир оиланинг уч нафар аъзосида қутуриш касаллиги аниқлангани ҳақидаги маълумотлар тарқалди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу хабарларни рад этиб, расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Китоб туманида яшовчи 1979 йилда туғилган фуқаро 10 июль куни хавфли юқумли касаллик гумони билан шифохонага ётқизилган. Эпидемиологик текширувлар давомида уни тахминан бир ой аввал тулки боласи тирнагани маълум бўлган.
Афсуски, бемор 11 июль куни вафот этган. Ҳозирда унинг ўлимига аниқ нима сабаб бўлганини белгилаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Шунингдек, мазкур ҳудудда яшовчи яна уч нафар фуқаро эҳтиёт чораси сифатида тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган. Мутахассислар уларда қутуриш касаллигига хос клиник белгилар аниқланмаганини маълум қилди. Айни пайтда ушбу шахслар шифокорлар кузатувига олинган ва профилактик эмлаш тадбирлари олиб борилмоқда.
Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ветеринария мутахассислари ҳамкорликда эпидемиологик вазиятни доимий назорат қилиб бораётганини билдирди.
Расмийлар аҳолидан тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликни, ижтимоий тармоқларда асоссиз маълумотларни тарқатмасликни сўради.






























Изоҳлар 0
…