Телбанамо бир киши намоз ўқиш учун масжидга кирди. Аммо ўтирмади, атрофига ҳайрат ва қизиқиш билан диққат қилди.
Уёққа қаради, буёққа қаради. Ҳар бир бурчакка диққат билан тикилди ва қандай шошилиб кирган бўлса, шундай чиқиб кетди.
Бироздан кейин орқасига бир тўп боғланган ўтин билан масжидга қайтиб кирди ва намоз ўқиш учун жамоатда сафланганлар қаторида турди. Орқасидаги ўтинлар билан қийналиб намозни адо этди.
Эгилиб-турганида ерга тушган ўтинлар овоз чиқарар, табиийки бу товушлар жамоат намозига халал берди. Намоз адо этилган заҳоти йиғилганлар ўтинчига норози тўнғилладилар. Паст тортишувлар, танбеҳлар имомнинг ҳам қулоғига чалинди. Имом шу маҳаллада яшар, ғарибнинг ҳолидан озми кўпми бохабар эди. Раҳмдиллик билан ақли ноқис дейилмишнинг ёнига яқинлашди ва:
- Ўғлим, бу аҳволда намоз ўқилмайди. Орқангда ўтининг бор, сен қандай намоз ўқидинг? Ҳам ўзингни, ҳам жамоатни беҳузур қилдинг. Кейинги сафар намоз ўқигани келганингда юксиз келгин, хўпми?- деди.
Телба маъюс аммо маъноли қаради жамоатга:
- Одат эмасми бу?
- Қанақа одат? – деди имом.
Жамоат қизиқиш ва ҳайрат билан воқеани кузатаётганди.
Телба жавоб қилди:
- Хожам, мен намоз ўқиш учун масжидга кириб қарадим, ўзимга мос жой ахтардим. Қарасам, жамоатга йиғилганларнинг барчасининг орқасида нимадир бор. Ўйладимки, бу бир одат экан. Мен ҳам ташқарига чиқиб шу ўтинларни ортимга юклаб олиб намоз ўқидим. Нега ҳеч кимга индамай, мендан ғазабланаяпсан? Танбеҳ берсанг ҳаммага бирдек бергин, фақат менга эмас-да!
Имом ҳайратланди:
- Менинг орқамда ҳам юк борми?
- Ҳа,- деди телба.- Ҳаммангизнинг ортингизда юк бор.
Жамоатга йиғилганлар “Телба-да бу, жинни” дегандай ўзаро шивир-шивир қилиб соқол-мўйлови остидан кулимсирай бошлашди.
Телба жамоатнинг қаршисига чиқар ва эркакларга ишора қилиб беғубор боладай, ҳаяжон билан ҳайқира кетди:
- Ана, бунинг орқасида мовий кўзли бир болакай турибди. Манавининг орқасида катта олма дарахти бор... Бунда синиқ эшик, мана бунинг орқасида бир товоқ овқат, анавининг орқасида қовурилган товуқ, унинг орқасида кўзлари яшил, сулув хотин, анавининг орқасида кекса онаси ўтирибди...
Сўнг икки қўли билан бошини қучиб умидсиз оҳангда:
- Ҳеч кимнинг сирти бўш эмас, ҳамманинг орқаси юкли!..- дея такрорлайверди.
Телбанинг бу гапларинии эшитиб ҳамма даҳшатли ҳайрат билан бир-бирига қарай бошлади.
Чунки айтганлари айнан тўғри эди. Кимдир туғилажак боласини, кимдир боғидаги меваларни, биров созлаши керак бўлган эшикни, кимдир емакхонаси пишириши керак бўлган таомни ўйлаётган эди намозида. Кимдир оч, хаёлида пиширилган товуқ эди, бирининг ҳуши севган аёлида, бошқа бири эса парваришга муҳтож онасини ўйлаётган эди.
- Хўш, айт-чи, намозда менинг орқамда қандай юк бор эди,-дея сўради имом.
Телба жавоб қилди:
- Ҳаммадан ортиқ сен ҳайратлантирдинг, хожам. Орқангда каттакон сигир бор эди!
Имомнинг сигири касал эди, “Сигир ўлдимикан?” дея ўйлаган эди намоз чоғида...
“Харобот аҳлини хор кўрма зинҳор
Дафнга лойиқ вайроналар бор”.
Ҳар қанча билдирсанг, кўрсатсанг ҳам фақат юраги боргина кўра олади, албатта...
Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси
Манба: Erk.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди