Ўзингиз эришган нарсаларингизни, имкониятларингизни қай даражада қадрлайсиз? Ҳаётингиз давомида бир оз тин олиб, ўзингизга: “О яратган эгам, ҳаёт бунча гўзал, яшаш қанчалар мароқли” деганмисиз ва бу фикр хаёлингизга тез-тез келадими? Айни шу юртда туғилганингиз ва айнан шундай инсон бўлганлигингиз учун шукрона айтганмисиз?
Алабатта ҳамманинг ҳаёти ҳам тўла-тўкис ва мукаммал бўлиши жуда қийин, аслида бундай мукаммаликнинг ўзи мавжуд эмас-да. Негаки, ҳаммамиз ҳам “Хом сут эмган бандалармиз”, мукаммаллик ва тўкислик эса фақат Яратгангагина хос. Аммо бу дунёда сизга жуда кўплаб одамлар ҳавас қилишларини биласизми? Ишонинг бу чиндан ҳам ҳақиқат. Мана нима учун.
Агар ушбу ёзувларни ўқиш бахти сизга насиб қилибдими, демак сиз билимлисиз, бу дунёдаги энг бахтли инсонлардан бирисиз ва шунинг ўзиёқ шукур қилишингиз, яратгувчидан миннатдор бўлишингиз учун етарли! Негаки бугун, дунё бўйича тахминан 781 миллион одамда бундай имкон йўқ (ўзбек тилини билмаганлари учун эмас). Бунинг сабаби улар умуман саводсизлар. ЮНЕСКО нинг 2014 йил натижалари бўйича эълон қилинган ҳисоботини таҳлил қилган олимларнинг хулосаларига кўра бунинг асосий сабаби Марказий Африка ва Ғарбий Осиёдаги ночор ижтимоий-иқтисодий тангликдир. Ушбу ҳудудлардаги мамлакатларда 597 миллион одам саводсиз ҳисобланишади.
Ўйлаб кўринг, 781 миллион чакана рақам эмас! Бу тахминан ер юзидаги аҳолининг 16 фоизини ташкил этади. Энг ёмон томони шундаки, бу рақам кескин суръатлар билан ошиб бормоқда.
Саводлилик ва ўқимишлилик бу, умидсизлик ва ночорликдан — ўзига ишонч ва тўкисликка; тортиниш ва хижолатдан — қадр-қимматга ва ниҳоят ғам-ғуссадан — саодатга элтувчи буюк кўприкдир! У, шахсдаги фавқулодда имкониятларининг намоён бўлиши ва юксалиши учун қудратли туртки ва билим туфайлигина ҳар бир инсон ўзини тўла-тўкис намоён қила олиши, ўзининг кимлигини, нима учун яратилганлигини, энг муҳими дунёнинг нима эканлигини англаб етиши мумкин бўлади.
Ҳар биримизнинг ҳаётимиз, келажагимиз, нечоғли билимли, илмли эканлигимизга боғлиқ, Чунки бу дунё “Буюк илм” ҳосиласидир ва биз келгуси авлодларимизнинг бахтли бўлишларини ҳоҳласак, келажакни фақатгина илм қутқаришини теран англамоғимиз зарур бўлади. Биз учун бундан бошқа йўл йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Акс ҳолда биз, яшаётган сайёрамизни ҳам, ўзимизни ҳам, келажагимизни ҳам барбод қиламиз!
Албатта сиз соғломсиз. Бошқача қилиб айтганда ҳозир касал бўлсангиз ҳам, умид қиламанки, тез орада соғайиб кетасиз. Соғлигингизни қадрланг, у сизга берилган улуғ неъмат, у ҳаётингиздаги бошқа ҳар қандай қувончларингизнинг асоси. Сизнинг танангиз бу, сизнинг жонингиз учун ягона макон ва унда фақатгина сиз истиқомат қиласиз. Агар омадингиз келган ва саломатлигингиз яхши бўлса, у ҳолда уни асранг. Бу иш сиз ўйлаганингиздан осон ва жўн. Биз жуда кўп ҳолларда салбий вазиятларга мўлжал олиб яшаймиз, бизга қанчалик оғир бўлиши мумкинлигини ўйлаймиз. Бироқ, агар биз соғлом ҳаёт ва соғлом фикрга амал қилиб яшасак, қанчалар ўзимизни яхши ҳис қилишимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг.
Бунинг учун нима қилмоқ керак. Енгил таомларни истеъмол қилинг, чуқур-чуқур нафас олинг (танангиз кислородга тўйиниши учун), ўзингиз ёқтирган соҳангизда ҳар куни амалиёт қилинг ва вақтингизнинг энг кўп қисмини сарфлайдиган машғулотларга қизиқишингизни қўллаб-қувватланг. Ҳеч қачон бекор қолманг, эшитаяпсизми, ҳеч қачон. Билиб қўйинг, бекорчилик дунёдаги энг чиркин нарсаларнинг уяси. Доим банд бўлинг. Ҳеч қачон масъулиятдан қочманг. Агар сиз ҳеч нарсага масъул бўлмасангиз, шундай нарсани топингки, у сизни жавобгарликка ундасин. Бу сизга фикрлаш қобилиятини, ҳаётга қизиқишингизни, узоқ вақт жўшқинлик ва тийракликни сақлашга ёрдам беради.
Сизда танлаш ҳуқуқи бор. Агар сиз ўз келажагингиз ҳақида – обрўйингиз, шаънингиз, оилангиз, кейинги қадамингиз ва яна ундан кейингилари ҳақида қайғураётган бўлсангиз – бундан миннатдор бўлинг. Бундаги сизнинг иккиланишларингиз, шахсий қарорни қабул қилишга нафсониятингиз, шижоатингиз ва эркингиз етарлими ёки йўқми, шунигина англатади холос. Агар сизнинг танловингиз “ҳа” ва “йўқ” дейишингизгагина боғлиқ бўлса, у ҳолда сизда чинакамига эркинлик мавжуд эмас. Билингки, сиз бораётган йўл ва бошқалар сизга таклиф қилаётган йўл орасида; сизнинг ким бўлишингиз зарурлиги ва келажакда ким бўлишингиз мумкинлиги орасида жуда катта фарқ бор. Сиз буни хоҳламасангиз эркингизни ҳеч ким тортиб ола олмайди. Бошқалар истагандек эмас, ўзингиз истаганингиздек яшанг. Кимларнингдир ишончини оқлайсизми ёки йўқми, буниси муҳим эмас, негаки у дунёга ҳеч ким сиз билан бирга кетмайди. Демак сизнинг ҳаётингиз фақатгина сизнинг қўлингизда. Бошқалар уни бошқаришига асло йўл қўйманг. Ҳаммаси ўз қўлингизда, тўғри танлов қила билинг – фақатгина ота-онани танлаб бўлмайди.
Ишонасизми йўқми, сиз бадавлат инсонсиз. Нега десангиз, кеча оч-юпун ухламадингиз. Уйқудан ўйғонганингизда эса ўз уйингиздасиз. Уй бу, сиз истиқомат қиладиган оддийгина иморат ёхуд турар жой эмас. Уй бу, сиз жон дилдан севадиган, дунёда ҳеч нарсага алмашмайдиган, жону-жаҳонингиз, дилбандларингиз яшайдиган ошиён. Бутун дунё сиздан юз ўгирганда ҳам сизни интиқ бўлиб кутадиган ягона маскан. У дунё харитасидаги митти нуқта эмас, у бутун ҳаётингиз кечадиган қалбингизнинг бир парчаси. Муҳаббат, меҳр ва эҳтиром — инсонлар билан, севиклилар ва оиладагилар билан баҳам кўрилади. Ва бу тақдирнинг буюк инъоми. Агар кимнидир севсангиз, сизни кимдир интиқ бўлиб кутаётган бўлса, билингки сиз дунёдаги энг омадли инсонсиз.
Сиз бугун нима кийишингиз учун кийимларингизни танлаш имконига эгасиз. Уйингизда тоза сув ва электр энергияси бор ва сиз ҳозир интернет тармоғидасиз. Демак сизда қулай, шинам ва хотиржам яшаш учун барчаси мавжуд. Ишонинг сиз ҳақиқатдан ҳам бадавлат инсонсиз. Кўпроқ қадрланг, камроғига қаноат, борига шукур қилинг.
Сизда ҳозир имконият бор. Вақт ниҳоятда қимматбаҳо неъмат. Сиз билган барча нарсалар бир кун тугайди. Ҳозир эмас, аммо қачондир барчаси барҳам топади. Ёки тез кунларда…. Сизда қолган, ихтиёрингизда қолган вақт билан нима қилмоқчисиз? Сиз буни эртага эмас, бугун, ҳозироқ ҳал қилишингиз зарур. Агар сиз учун бугунги кеча сўнгиси эканлигини билсангиз нима қиласиз? Агар буни ноодатий савол ёки қуруқ сафсата деб ҳисобласангиз қаттиқ адашасиз. Бу дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Худди бошқаларники сингари сизнинг ҳам вақтингиз ўтади, умрингиз поёнига етади. Бу ҳозир, айнан ҳозир рўй бермоқда, сиз ҳар бир сонияда ўлимга яқинлашиб бораяпсиз! Менинг гапларимдан қўрқиб кетманг, аммо чуқур ўйлаб кўринг. Кечаги кун бу нишонга отилган ўқ, уни ортга қайтара олмайсиз. Эртанги кун эса бу ушалмаган орзу, у амалга ошадими ёки йўқми билмайсиз, аммо бугунги кун бу сизга тақдирнинг инъоми. Агар оқилона яшашни ҳоҳласангиз, бугунги кун, келажакка умид ва ўтган куннинг сабоғи билан яшанг. Ҳаётдан энг яхши нарсаларни олинг. Ҳозир – сизнинг имконингиз. Уни қўлдан чиқарманг.
Mанба: usm.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи