22:21 / 21.03.2018
8 110

«Фариштали» ёки харизмали инсон бўлишнинг 3 муҳим омили

«Фариштали» ёки харизмали инсон бўлишнинг 3 муҳим омили
Нега билими ва салоҳияти бир хил инсонда икки хил тақдир йўлини кўриш мумкин? Бири таниқли сиёсатчи ёки йирик бизнесмен, бошқаси эса оддий, ўзининг кундалик юмушлари билан банд инсон. Уларни тақдир йўллари баъзида уларнинг қарорлари билан боғлиқ бўлса, шу билан бирга бунда феъл-атворларидаги хислатлар, хусусан одамларнинг диққатини жалб қила олиш қобилиятлари муҳим ўрин эгаллайди.

Биз ўзбекларда «фариштали инсон» деган тушунча бор. Бу каби инсонлар одамларнинг кўнглига йўл топиб, жозибаси билан мафтун қилади. Биз шундай инсонларга талпинамиз, улардан ижобий қувват тарқаётганини ҳис қиламиз ва бундай кайфият улардан бизгаям юқади. Ғарбда эса бундай инсонларни «харизмали инсон» дейишади. Одатда бундай хусусиятли инсонлардан буюк йўлбошчилар, жамоат ва давлат арбоблари, бизнесменлар ва яхши дўстлар етишиб чиқади. Сабаби, улар вазиятга тўғри баҳо берадилар ва ўз ён-атрофидагиларнинг эътиборини қозониб, уларга таъсир ўтказа оладилар.

Диний манбаларда ёзилишича, инсонга бу хусусият Яратган томонидан инъом қилинар экан. Аслида бундай қобилият ҳаммада бор, аммо кўпчилик уни қўлдан бой бериб қўяди.

Баъзида инсонларни хатти-ҳаракатимизга ишонтириш, уларни ўзимизга эргаштириш учун билим ёки тажрибанинг ўзи камлик қилади.

Бунинг учун инсондаги шахсий харизма, яъни феъли ва ўзини тутишдаги жозибадорлик, бошқаларни у томонга тортадиган кучнинг ўрни юқори.

Харизма инсоннинг нутқи, мимикаси, оддий ҳаракатлари ва одобининг натижаси. Унинг ёрдамида муҳокамаларда икки гуруҳнинг бошини бир мақсад атрофида бирлаштириш, ноқулай вазиятнинг олдини олиш ва ёпиқ эшикларни ҳам очиш мумкин.

Оливиа Фокснинг «Харизма афсонаси» китобида ёзилишича, бу каби инсонларда 3 хислатнинг ўрни юқори бўлади. Булар – инсонларга ҳурмат, салоҳият ва илиқлик.

Инсонларга ҳурмат
Эътиборли бўлиш. Бугун инсон ҳаёти электрон қурилмаларга тўла вақтда суҳбатлашаётганларга кўзингиз тушса, аксарият ҳолда уларнинг ҳар иккаласи ҳам суҳбат чоғида дам-бадам қўл телефонига тикилиши, хаёли паришонлиги, аслида суҳбатдошига тикилган нигоҳи, эътибори сохта эканлигига амин бўласиз. Агар кимдир сиз билан ҳам шу тарзда суҳбатлашса, қаттиқ ранжийсиз.

Ортиқча ҳаракатлар қилманг. Бир киши ёки гуруҳ билан суҳбатлашаётган вақтда имкон қадар ўзингизни уларга яқин олинг. Суҳбатни бўладиган ҳаракатлар қилманг. Ҳаётингизнинг ўша дамларини шу одамларга бағишланг. Ахборот технологиялари асри одамларининг энг катта камчилиги аслида суҳбатдошининг қаршисида жисмонан ҳозир бўлса ҳам, аслида унинг фикри-зикри онлайн оламда бўлмоқда.

Бўлар-бўлмас хатти-ҳаракатлар қилиб, қўлингиз ёки гавдангизни ҳадеб ҳаракатлантирманг, смартфонни бармоқларингиз орасида айлантирманг, атрофга алангламанг. Бу суҳбатдошни ноқулай аҳволга солади ва сизни асабий киши деб ўйлаши мумкин.

Суҳбатдошни тинглаш. Харизмали инсон бошқаларни ўзи томонга қайсидир фикрни сингдириб, мажбурлаб оғдириб олмайди. Аксинча, инсон жозибали хулқи билан бошқаларни унинг ёнида ўзларини хотиржам ҳис қилишларига ёрдам беради, уни тинглаб, суҳбатдошининг эътиборини жалб қилади.

Руҳий ва ҳиссий қувватнинг кимгадир йўналтирилиши одамларга эътиборли бўлишни, ўз навбатида, уларнинг эътибориги тушишни кафолатлайди.

Меъёрни унутманг.
Харизма инсондаги очиқ ёки ёпиқ феъл билан ҳисоблашмайди. «Харизма афсонаси» китобида мисол сифатида америкалик таниқли тадбиркор Элон Маск келтирилган. У табиатан камгап ва ўта ақлли инсон. У одамларнинг диққатини тортадиган, бегона инсонни ҳам уни тинглашга мажбур қиладиган харизмага бой хулқ-атворнинг эгаси. Гарчи, Элон Маск ёпиқ феълли бўлса ҳам, кези келганда диққат ва эътибори ёрдамида ташқи олам билан мувозанатини меъёрида ушлаб туради. У ҳар кимнинг ёнига бориб гап сотишни эмас, камчилик бўлса ҳам, унга яқин инсонларнинг диққатини қозонишни истайди. Харизмада сон эмас, сифат муҳим.

Сохталикдан қочинг. Нимадандир умид қилиб, кимнингдир ишончига кириш, унга гўёки сохта жозибадор хулқ-атвор билан муомала қилишнинг иложи йўқ. Инсонийликни сохаталаштириб бўлмайди. Бу аксинча суҳбатдошнинг нафратига сабаб бўлади.

Диққатингизни жамланг ва жисмингиз қаерда бўлса, онг ва шуурингизни ҳам шу ерга келтиринг. Электрон воситаларни учириб қўйинг. Буни суҳбатдошга сездирсангиз ҳам бўлади. Шунда унинг ўзингизга нисбатан яхши таассуротига эришасиз.

Кўз ёрдамида алоқа қилиш. Руҳий тадқиқотлар кўзи ёрдамида ҳам алоқага киришувчи инсонларда самимийлик, ростгўйлик, ҳалоллик, чуқур билим ва мулоҳаза, ўзига ишонч, ҳиссий барқарорлик юқори бўлишини кўрсатмоқда. Кўз ёрдамида ҳам суҳбатдошда ижобий таассурот уйғотиш мумкин. Суҳбат чоғида атрофдаги одамларнинг нигоҳига қаранг, аммо жуда қаттиқ тикилманг.

Гавда тилидан фойдаланиш. Нафақат кўз ёрдамидаги алоқа, гавда тили билан алоқа ҳам самаралидир. Суҳбат асносида бош ирғаб, қаршингиздаги одамни тинглаётганингизни билдириб туринг. Аммо жуда меъёридан оширманг. Ўрни келганида дилингиздагини юз ифодаси билан айтинг.

Саволлар бериш. Суҳбат асносида бирор нимани тушунмай қолсангиз, суҳбатдошга вазиятга ойдинлик киритувчи саволлар билан мурожаат қилинг.

Стефан Ковейнинг «Сермаҳсул кишиларнинг 7 одати» китобида ўзига хос услубда савол бериш таклиф қилинган. Яъни, суҳбатдошдан «Сизни тўғри тушуняпманми?» деб сўраш ҳам жуда муҳим.

Суҳбатдош фикрини бўлманг. Суҳбат чоғида кимнидир тинглаб турганингизда унинг фикрига нисбатан хулоса ёки муносабатни гапираётган одам сўзини тугатганидан кейин билдиринг. Инсонда бошқаларнинг фикрини бўлиб қўядиган одатнинг борлиги унинг муваффақиятига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Шу сабабли, суҳбатдош сўзини тугатгач, 3-4 сония фикрингизни жамланг ва муносабат билдиринг.

Салоҳият
Салоҳият инсонга ўзидаги куч-қудратга бўлган ишонч учун керак. Бунинг учун қуйидаги хусусиятларга эга бўлинг.

Кўп нарса тўғрисида оз-оздан билиш. Ҳаёт ва иш тақозоси билан биз турли давраларга тушамиз. Кези келганида само ҳақида, кези келганида деҳқончилик тўғрисида билимлар бизнинг кенг қиррали эканимизни кўрсатади. Кўпроқ китоб ўқинг, изланинг, ҳар куни янги бирор илмий мақола мутолаа қилинг.

Келишган қад-қомат. Ҳа, бу жуда муҳим. Илк учрашувда сизнинг салобатли, келишган қад-қоматли эканингиз ҳали сўз бошламасингиздан туриб, сизни тинглашлари учун зарур шароитни яратади. Бундай қомат бошқаларнинг миясига сизнинг ўзингизга бўлган ишончингиз ҳақида хабар юбориб туради.

The Wall Street Journal нашрининг америкаликлар ўртасида ўтказган тадқиқоти озғин инсонлар гавдали одамларга қараганда $8,437 доллар камроқ пул ишлаб топишларини кўрсатмоқда.

Милиция ёки прокурор формасидаги киши олдида минг гуноҳсиз бўлсак ҳам, ҳаяжонланиб қолишимиз бор гап. Демак, «фариштали инсон»нинг кийими ҳам аҳамиятга эга экан. Тадқиқотларда вазиятга қараб, муносиб кийиниш қисқа фурсатда эътиборга тушишнинг, ишончни қозонишнинг қулай усули эканлиги исботланган.

Аммо муваффақиятли инсонларнинг ўз ҳаётий қоидалари бор. Мисол учун, Стив Жобс қора свитер кийишни маъқул кўрган бўлса, Марк Цукерберг жамоатчилик қаршисида кулранг футболкада намоён бўлади. Инсоннинг ўз шахсий қоидаларини ҳурмат қилиш, унинг интизомли одам сифатида бошқаларнинг ишончини қозонишига ҳам ёрдам беради.

Ўзингизга эътиборли бўлинг. Харизмали одамлар ўзларига нисбатан ишончлари бўлиши учун соғлом, хотиржам бўлишлари керак. Вақтида дам олинг, саломатликка бефарқ бўлманг, кийиниш маданиятига эътиборли бўлинг.

Илиқ муносабат
Табассум қилишга одатланинг. Кимгадир қилинган табассум илиқ муносабатнинг элчиси. Инсонлар табассум қилишни ўрганганларидан сўнг яна ҳам самарали мулоқотга эришганлари аниқ. Жилмайиш, ним табассум ҳам сизнинг яхши инсон эканингиз ҳақида хабар етказади. Зеро, дилида кири бор инсон табассум қилишни ҳам эплай олмайди.

Одамларга миннатдорчилик билдиришга одатланинг. Миннатдорчилик изҳор қилиш орқали инсоннинг ўзи ҳам бахтиёр бўлади. Руҳий тадқиқотлар бошқаларга раҳмат айтган, ташаккурини изҳор қилган одамлар кун давомида самарали меҳнат қилиб, яхши кайфиятда юришларини исботлаган.

Инсонларнинг оғир кунларида уларга ҳамдардлик билдиринг. Инсон тафтини инсон олади, деган гап тўғри. Бу орқали оғир дамда ҳам уларнинг чинакам дўсти эканимизни исботлаган бўламиз.

Кўпроқ китоб ўқинг. Сўнгги изланишлар китоб ўқиш инсон руҳиятини тарбиялар экан. Шу сабабли ҳам, китоб ўқийдиган инсонлар бошқаларни тезроқ тушунадилар.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Фариштали» ёки харизмали инсон бўлишнинг 3 муҳим омили