Қамоқхонада маҳбуслар учун ҳашаматли хоналар топилди

Қамоқхонада маҳбуслар учун ҳашаматли хоналар топилди

Индонезияда оддий камералардан бутунлай фарқ қиладиган, маҳбуслар учун махсус жиҳозланган ҳашаматли хоналар аниқланди. Ҳодиса ортидан қамоқхонанинг беш нафар раҳбар ходими лавозимидан четлатилди.

Маълум бўлишича, воқеа Жакарта яқинидаги Богор шаҳрида жойлашган «Cibinong» қамоқхонасида содир бўлган. Мамлакат Омбудсмани вакиллари 23 сентябрь куни ўтказган кутилмаган текширув давомида оддий камералардан алоҳида жойлашган 10 дан ортиқ тураржойни аниқлаган.

Текширувчилар ушбу хоналарда оддий қамоқхона шароитига хос бўлмаган қулайликларга дуч келган. У ерда катта ётоқлар, кондиционерлар, телевизорлар, диванлар, музлаткичлар ва овқатланиш учун алоҳида жойлар бўлган.

Энг эътиборли жиҳати, мажмуада спорт зали ва гольф симулятори ҳам барпо этилаётгани маълум бўлган. Текширув пайтида айрим маҳбуслар мазкур тураржойларда бўлгани аниқланган.

Индонезия Иммиграция ва жазони ижро этиш вазирлиги бош инспектори Руди Сетиаваннинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан ўнлаб маҳбуслар ва қамоқхона ходимлари сўроқ қилинган. Текширув натижасида беш нафар раҳбар, жумладан, «Cibinong» қамоқхонаси бошлиғи ҳам лавозимидан четлатилган.

4 гектар майдонни эгаллаган қамоқхонада коррупция ва бошқа оғир жиноятлар учун жазо ўтаётган маҳбуслар ҳам сақланади. Ҳашаматли хоналардан айнан қайси маҳбуслар фойдалангани ҳозирча расман маълум қилинмаган.

Текширувчиларнинг айтишича, мазкур бинолар дастлаб қамоқхона ходимлари учун хизмат уй-жойи сифатида қурилган. Энди уларнинг маҳбуслар учун рухсатсиз тураржойга айлантирилгани ва бундай имтиёзлар эвазига пул берилган-берилмагани ўрганилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар