— Минг хижолат билан бўлса-да, кўнглимни очишга қарор қилдим. Чунки қалбимни кемираётган саволларга ўзим жавоб тополмайдиган кўринаман. Севиб, 3 йил давомида синаб уйланганман. 26 йил яшаб, охири ажрашишга ариза бердим. Вақтида зўр яшардик, еганимиз олдимизда, емаганимиз ортимизда бўлган. Ўзим давлат органида ишлардим, топиш-тутишим яхши эди. Ҳеч кутилмаганда бошимга кулфат тушди. Туҳматга учраб, 2 йил жазони ўташ муассасасида бўлдим. Тавба дейман-ку, аммо умрим давомида қайтар дунё деганлари ростлигига яна ва яна ишонч хосил қилаяпман. Менга туҳмат қилганларнинг биттаси қамалди, иккинчиси автоҳалокат сабаб оламдан ўтди. Аёлим эса шу воқеадан сўнг бутунлай ўзгарди.
Ишонсангиз, уни бир марта ҳам сенламаганман. Топганимни уйга ташидим. Вақтида институтга бормайман деганида, мажбурлаб юборардим. Битиргач ишга жойлаб қўйдим. Машина минишни ўргатдим. Жазони ўтаб чиққанимдан сўнг олти ой иш қидирдим. Тузукроқ жойга борсам, судланганимни айтиб рад этишарди. Рафиқам эса «Отанг ётаверади. Ишлашни билмайди. Пулни пулга уриш қўлидан келмайди», деб болаларимга мени ёмонларди. Наҳот, бошига кулфат тушган эр аёлига керак бўлмай қолади? Урмадим, сўкмадим, ширин оила қилай, дедим. 53 ёшимда ажрашиш осон эканми менга ҳам? Бироқ қонуний ва шаръий хотиним меҳр беролмагач, ўзга чорам қолмади. Олти йил ёлғиз яшадим.
Ахир қайси аёл жуфти ҳалолига «Кўчада аёллар кўп» дейди? Нима сабабдан кўнгли қолганини суриштирсам, «Азалдан оилаларимиз бир-бирига мос эмасди. Мен ўзига тўқ хонадоннинг қизиман. Сиз отасиз ўсгансиз. Умуман менинг идеалимдаги эркак эмассиз», дея жавоб берарди. Тўғри, 6 ёшимда отам оламдан кўз юмган. Рафиқам қариндошларимга пастроқ назар билан қараши авваллари ҳам сезрдим. Ўзиникилар келса, икки-уч хил таом тайёрлаб, менинг жигарларимга оддийроқ овқат билан чекланарди. Ортиқча жанжал чиқмаслиги учун муроса қилардим. Унинг кўнглига қарайман деб, бўғзимгача қарзга ботдим. Оқибатда тез-тез уришадиган бўлдик. Охири ўтган йили кичик қизим ва ўғлимни ташлаб чет давлатга ишлагани кетди. Нима, эркак бошим билан ўша қарзни ўз юртимда тўлаб беролмасмидим? Чет элга кетишидан аввал уйдан чиқиб кетдим. Ё ўзимни осаман, ё бирор машинанинг тагига ташлайман-да, бирйўла қутулиб қўяқоламан, дегандим.
Етимликнинг жабрини тортганим учун болаларим қийналишларини истамай шайтонга ҳай бердим. Фарзандларим билан телефонда гаплашиб «Ҳозир отаси борлардан кўра отаси йўқлар яхши яшаяпти», деганмиш. Отанинг қадрини қаердан ҳам билсин. Ишонсангиз, ҳозиргача мўйсафид чолларни кўрсам ёки бирор болакай «дада» деса, юрагим алланечук бўлиб кетади. Шунга оилани сақлашга кўп уриндим. Аёлим эса бирор марта «Шу киши уйимнинг устуни-ку, тўғри йўлга бошлай», демади. Бошқа матонатли аёллар ичувчи, уронғич, юрадиган эркакларни эр қилиб яшаб юришибди. Мени эса ўз ёрим хор қилди. Баъзида ёнимда яхши гулдек рафиқам бўлса, тўйларга, базмларга, бозорларга етаклашиб борсам, дейман. Энди нима қилишни билмаяпман. Аёлларга ўзи қандай эр керак? Тушунтириб берсангиз... Исмим ва манзилимни сир тутсангиз.
Таҳририятдан: — Сизнинг мисолингизда ҳаёти дунё инсонга синов учун берилган, деган гапга яна бир карра амин бўлаяпмиз. Дилингиздаги оғриқ бизнинг-да дилимизга кўчди. Ғам чекманг. Бир марталик умрни қайғуга ютқазмаслик керак. Иродангизни мустаҳкамланг. Ёмон фикрлардан узоқлашинг. Ахир эркак кишисиз, ғайратли бўлинг. Бевафо хотиндан куйган биргина сиз эмаслигингизни англаб етишингизни истардик. Йўқ, сиз ўйлгандек аёлларнинг ҳаммаси ҳам бошига кулфат тушган эрни бегонага чиқармайди. Аксинча, аёл зоти табиатан меҳрибон, болаларининг отасини қадрлайдиган, ўтган яхши кунлар ҳурматидан эрини кечириб яшашга қодир халқ. Тушкун кайфиятдан халос бўлинг. Сизга мустаҳкам соғлик ва кўнгил хотиржамлигини тилаб қоламиз.
Руҳшунос: — Сўзларингиздан аёллардан қаттиқ кўнглингиз қолганлиги кўриниб турибди. Назаримда, биринчи навбатда дилдаги аламзадаликдан халос бўлишингиз даркор. Қолаверса, «Собиқ хотинимга кўрсатиб қўяман. Ундан ёш ва чиройлисига уйланиб оламан», деб аччиқ устида қарор қабул қилишдан эҳтиёт бўлишни тавсия қиламиз. Агар шошқалоқлик қилсангиз, бир эмас, уч инсоннинг бахтсизлигиг беихтиёр сабабчи бўлиб қолишингиз мумкин. Уйланманг, оила қурманг, демаяпмиз. Фақат бу қарорни алам билан эмас, ақл билан қабул қилишингиз тарафдоримиз. Эски муносабатни якунлаб, кўнгилни хотиржам қилмасдан янгисини бошлашга шошилмаслик лозим.
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Хитой Япония ва саккизта давлат фуқароларига визасиз режимни жорий этади
Россия Украинага “зудлик билан” маҳбусларни алмашишга тайёрлигини билдирди
Песков АҚШнинг амалдаги маъмуриятини Украинадаги вазиятни кескинлаштиришда айблади
"Йиртқич" овга чиқди...
Комил Алламжоновга суиқасдда гумонланиб 5 киши қамоққа олинди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Сингапурда жаҳон шахмат тожи учун баҳс бошланди
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида виза тартиби янада эркинлаштирилиши мумкин