11:58 / 27.08.2018
7 228

Болага меҳрибонлик

Болага меҳрибонлик
Болага меҳрибонлик кўрсатиш ота-онанинг вазифаси ва боланинг ҳаққидир.

Инсон зоти доимо меҳр-муҳаббатга эҳтиёжли бўлади. Айниқса, болалар бу нарсага жуда ҳам муҳтожлар. Аслида, меҳр-муҳаббат дини бўлмиш Ислом, шунинг учун ҳам, болаларга меҳр-муҳаббат кўрсатишни ота-оналарга вазийфа этиб юклаган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алийни ўпдилар. Шунда Ақраъ: “Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар-да, сўнг: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас”, – дедилар”. Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта болажон зот эдилар. Ул зот болалар ичида набиралари Ҳасан ва Ҳусайнни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар.

Ушбу ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб, сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб: “Аллоҳим! Иккисини раҳм қилгин, мен уларга раҳм қилурман”, – дер эдилар”. Бухорий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳадан ривоят қилинади: “Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: “Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз”, – деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим”, – дедилар”. Икки Шайх ривоят қилишган.

Шаъбийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, киши боласининг бошини силаганига ва аёлига яқинлик қилганига ҳам ажр олади”, – дедилар”. Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Мусулмон одам ўз боласига меҳр кўрсатиб, унинг бошини силаб, кўнглини овутиб, тарбия маъносида қилган ҳаракатларига ҳам албатта ажр олади.

Демак, бола тарбияси учун қилинадиган ҳар бир ҳаракат ажрсиз, савобсиз қолмас экан. Боланинг бошини силашда одамнинг ўзи роҳат топади. Лекин шу нарса болага ҳам яхши таъсир қилганидан, Аллоҳ таоло бунинг учун ота-онага ажр-савоб берар экан. Ота-она боласининг бошини силагани учун ҳам ажр олар экан, уни едириб-ичиргани, кийдиргани, ўқитгани, Қуръон ёдлатгани, одоб-ахлоқдан тарбия бериб қийналгани учун оладиган савоблари қанча бўлишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Демак, ота-онанинг бола учун қиладиган ҳеч бир ҳаракати савобсиз, ажрсиз кетмас, дунёю охиратнинг бахту саодатига сабаб бўлмай қолмас экан.

Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари ҳам бор. Чунки, қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис улар тарбиясида эътибор, меҳр-мурувват ва эҳтиёткорлик кўпроқ зарур бўлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Болага меҳрибонлик