21:45 / 18.01.2019
4 582

Насроний роҳиб: “Ислом неъмати учун ҳамд айтаман”

Насроний роҳиб: “Ислом неъмати учун ҳамд айтаман”
Доктор Вадиъ Фатҳий вафот этди. У олдин роҳиб эди. 20 йил бурун мусулмон бўлган эди. Аллоҳ раҳмат қилсин, насронийларнинг шубҳаларига кўп раддиялар берган эди. У ўзининг интернет саҳифасида 2014 йил 18 декабрда мусулмон бўлганлиги сабабини қуйидагича баён қилган эди:

“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ислом ҳақида дастлаб 1978 йил Искандария бирлашган бош шифохонасининг пластик амалиёт ва куйганларни даволаш бўлимида ишлаб юрганимда ўйлаб кўрганман. Ўша пайтда Искандариядаги Муҳаррам Бек мавзесидаги “покиза Марям“ проваслав черковида дякон, қибтий тили ўқитувчиси ҳам эдим.

Бир куни куйган эркаклар хонасида ўтирган эдим. “Рамл“ вокзалидаги “Санта лочия“ ошхонасига ўт кетгани хабари келди. Тез ёрдам машиналари куйганларни олиб келди. Менинг беморим энг кўп куйган эди. У ошпаз экан. Унинг юз фоиз бадани куйган эди. У оғриқдан даҳшатли дод солар эди. Тажрибамизга кўра у 24 соат ичида вафот этиши лозим эди. Аммо мен унга одатдаги тиббий ёрдамни кўрсата бошладим. Унинг баданидаги куйган жойларни тозалаш учун унга оғриқ қолдирувчи укол қилдим. У тинчлангач ёрдамни бошладим. Аввал унга бавл қилиши учун кететер ўрнатдим. У тинчланиб менга шундай хотиржам гапирдики, мен қотиб қолдим:

– Доктор, мени қўйинг. Барча дорилар ва хизматингизни мен билан келган бошқаларга беринг.
Мен ажабландим.

У давом этди:
– Доктор, мен армияда санитар эдим. Урушга кирганман. Куйганларга ёрдам беришни ўрганган эдим. Мен бир неча соат ичида ўлишимни биламан. Ўзингизни қийнаманг. Дориларни бекорга исроф қилманг. Оғриқ кучайганда оғриқ қолдирувчи укол қилиб турсангиз бўлди.
Қўйинг, тинчгина ўлай. Мен ўлимдан қўрқмайман. Аллоҳга Қуръон ўқиб туриб йўлиқишни хоҳлайман.

Шу лаҳзада сочларим оқариб кетай деди. У мендан тескари қараб Қуръон ўқий бошлади. Қуръон ўқигани сари тинчланар эди. Эртаси куни уни кўрмадим. Ҳамширалардан у ҳақида суриштирдим. Улардан бири менга уни токи жони чиққунча Қуръон ўқиганини айтди. Фақатгина бир марта сув ва бир марта оғриқ қолдирувчи укол қилишларини сўрабди.

Унинг сурати кўз ўнгимда муҳрланиб қолди. У гавдали, ёш эди. Унинг барча бадани куйган. Эсласам доимо кўзимга ёш келади.

Ўзимдан ўзим сўрайман: Нега у ўлимдан қўрқмади. Мусулмонлиги учунми, Қуръон сабаблими? Ёки бунга сабаб ҳар иккисими? Бу қандайин ишонч? Бу қандайин хотиржамлик? Аллоҳнинг висолига етишга бўлган қандайин муҳаббат бу?!

Бу қандай дин? Бу китобнинг сири нимадаки, уни тиловат қилган киши устига сакинат тушади?

У киши менинг ёдимдан чиқмади. 15 йил ўтиб 1993 йили исломга кирдим. Унинг гапларини мусулмон бўлганимдан бир неча йил ўтиб, собит иймонга эга бўлиб, Қуръон ва унинг тафсирини ўрганибгина англаб етдим.

Қачон уни эсласам уни дуо қиламан: Аллоҳим, уни раҳматингга ол. Уни мағфират қил, кечир. Унинг қабрини жаннат боғларидан бир боғ қил. Менга айтган гапларини қиёматда, мезонда савоблари палласига қўй. Омин!

Мен “Ислом неъмати учун ҳамд айтаман“ деган гапдан ҳеч ҳам чарчамайман!
Айман Ёғий саҳифасидан
Абдулқодир ПОЛВОНОВ таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Насроний роҳиб: “Ислом неъмати учун ҳамд айтаман”