00:21 / 25.11.2019
3 258

Дунёдаги энг яхши сармоя

Дунёдаги энг яхши сармоя
Куннинг охирги дарси ниҳоясига етай деб қолган. Ўқувчилар ташқарига чиқиш учун нарсаларини тайёрлаб ўтиришибди. Дафтар ва китоблар сумкаларига солинган. Қўнғироқ чалинар-чалинмас ташқарига отилишга шай бўлиб ўтиришибди.

Фақат Алигина ташқарига чиқишга шошилмаётган эди. Бир оз кечроқ қолиш учун қўлидан келган ишни қилиб ўтирар эди. Ниҳоят қўнғироқ чалинди. Болаларнинг ҳаммаси баравар эшикка йўналдилар. Али эса жойидан турмади. Шошмасдан нарсаларини йиғиштира бошлади. Кўз қири билан ўқитувчисини кузатар эди. Бир тарафдан ўртоқлари синфни бўшатишларини кутар эди. Алининг ҳаракатлари ўқитувчининг эътиборини тортди.

— Ҳа, Али. Уйингга кетмайсанми?

Али охирги ўқувчи синфдан чиққанини кўргандан сўнг деди:
— Устоз, сизга айтадиган гапим бор эди.

— Хўш Али. Гапир, нима гапинг бор?
— Синфдошимиз Аҳмад бор-ку, устоз.

— Ҳа. Аҳмадга нима бўпти?
— Уйда аҳволлари яхши эмас, шекилли. Онаси унинг сумкасига унчалик яхши нарсалар солиб бермайди.

— Хўш?
— Унга ёрдам бермоқчи эдим. Лекин мени ёрдам берганимни билса, хафа бўлади. Ҳар куни битта симитга етадиган пулни ҳар ҳафта сизга берсам, сиз унга бериб турасиз, майлими?

Али чўнтагидан бир ҳовуч танга чиқариб столга қўйди. Нурхон пулларга тегмади. Курсига ўтириб ўйлади. Али ҳақидаги билгиланларини хаёлидан ўтказди. Билишича, Алининг оиласи у қадар ўзига тўқ оилалардан эмасди. Бу ҳаракатчан ва ёқимтой ўқувчиси нақадар гўзал ниятли ва гўзал тушунчага эга экан. Ўзи бой хонадон фарзанди бўлмаса ҳам... Оиласи ўзи ҳалиги аҳволда бўлса ҳам... Шунга қарамай, ўртоғига ёрдам бермоқчи. Унинг устига ёрдам қилаётганини ундан яширмоқчи бўлади.

— Шошма, Али. Билишимча, сизларнинг оилавий аҳволингиз ҳам у қадар яхши эмас. Тўғрими?
— Тўғри, устоз. Отам кундалик ишда ишлайди. Кўпинча иш топилмайди. Аммо мен ҳам ишлаб пул топяпман.

— Қаерда ишлаяпсан?
— Симит сотяпман.

Устоз Нурхон ўтириб ўйлади. Бу қадар яхшилик режаси учун нима дея оларди ҳозир. Алининг ниятини амалга ошириш қийин, бироқ унинг ниятидан қайтариш учун чора топиш керак эди. Лекин буни шундай қилиш керакки, севимли ўқувчисининг кўнгли ранжимасин. Бир гаплашсам, чора топилар деди. Устоз Нурхон Алига қаради:

— Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?
— Жуда катта бой тадбиркор бўламан...

— Нима учун?
— Одамларга кўп ёрдам бериш учун.

— Жуда яхши. Али, тўғри ҳозир Аҳмаднинг оилавий шароити яхши эмас. Аммо сизники ҳам уларникидан фарқи йўқ. Менимча, бу ишга ҳозирча шошмаганинг маъқул. Бой бўлганингдан кейин ёрдам бераверасан. Бўладими?
— Бўлмайди. Ҳозир қилишим керак.

— Нима учун бўлмас экан?
— Уч сабабга кўра бўлмайди.

Биринчидан, бу пуллар меники эмас. Яхшилик қилганим учун Аллоҳ мени одамларга ёқимли қилиб кўрсатиб қўйган. Шунинг учун одамлар таъсирланиб, мендан кўпроқ симит оладилар. Шунинг учун кун бўйи ишлаганлардан кўра кўпроқ симит сотаман. Анави маҳаллада Ҳасан амаки бор. Ҳар куни мендан иккита симит олиб, кабутарларга тарқатадилар.

Иккинчидан, «новда ёшлигида яхшироқ эгилади» деган гап бор. Агар ҳозирдан яхшилик қилишга ўрганмасам, катта бўлганимда ҳеч қилолмайман. Ҳозир бу ишни бой бўлганимда қиламан десам, бой бўлганимда ҳам янада бойроқ бўлганимда қиламан деб ўзимни овутаман.

Учинчидан, энг муҳими: Мен катта бўлганимда бой тадбиркор бўлмоқчиман. Вақтида тижоратга сармоя тикмаганлар ҳеч қачон катта ишбилармон бўла олмайдилар.

Устоз Нурхон Алини зўр ҳаяжон билан тинглар, ўзини буюк одамнинг рўпарасида тургандек ҳис қила бошлади.
— Шу охиргисини унчалик тушунолмадим, Али?

— Тушунтираман, устоз. Ҳозир у қадар бой бўлмаганим учун бир кунда битта симит эҳсон қила оламан, холос. Бундан ортиғини қилолмайман. Аллоҳ эса жаннатни кучи етганича яхшилик қилганларга беради. Ҳозир кучим шунчалик эканини ҳисобга олсак, жаннатнинг нархи мен учун бир неча симитнинг нархичаликдир. Агар бой бўлмасдан олдин ўлсам, бир неча симитнинг нархи билан жаннатга кириб олган бўламан. Бундан ҳам фойдалироқ ишга сармоя киритиш мумкинми?

Устоз Нурхоннинг кўзлари ёшга тўлди. Билдирмаслик учун ерга қараганча Алига кетишга рухсат берди. Уни ташқаригача кузатиб қўйди. Мактаб ўқувчилардан бўшаб қолган эди. Синфга қайтиб кирганида столнинг устида Али қўйиб кетган тангалар турар эди. Нурхон устоз беихтиёр курсига ўтирди. Тангаларни қўлига олди.

Ҳеч қачон қўлига шу қадар қимматли пул тушмаган эди. Қўлида гўё дунёнинг энг нозик гавҳарларини, ёқут-у олмосларини тутиб турар эди. Бу пуллар ҳатто улардан ҳам қимматли эди. Бу майда тангалар, бу майда симитнинг пуллари, жаннатни сотиб олса бўладиган пуллар эди.

Ҳудди ҳеч қўйиб юборишни истамайдиган бир туйғу билан бу симитнинг майда пулларини кафтида сиқиб олган эди.

Устоз Нурхон ўтирган еридан туролмади. Ичи тўлганини ҳис қилди. Англаб бўлмас туйғулар билан бўғила бошлади. Бирдан қуюқ булутдан ёмғир ёғгандек йиғлай бошлади...

Йиғлади...
Йиғлади...
Йиғлади...
Ўзига келганида шом бўлган эди.

Аста қадамлар билан мактабдан чиқар экан Содиқ қоровул Нурхоннинг «Симитнинг майда пуллари билан жаннатни сотиб олиш, симитнинг майда пуллари билан жаннатни сотиб олиш», дея такрорлаб кетаётганини эшитди. Қоровулнинг ҳайратланиб «Нима дедингиз, устоз?» деганини ҳам эшитмаган Нурхон қоровулнинг ҳайрон боққан нигоҳлари остида шомнинг ғира-шира қоронғулигида узоқлашиб борар эди...

Туркчадан Шоолим Шомансуров таржимаси

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Дунёдаги энг яхши сармоя