22:40 / 24.09.2020
4 612

Бахт гормони нимада?

Бахт гормони нимада?
Ҳаётга очиқ чеҳра билан боқинг, шунда унинг гўзаллигини кўра оласиз.
Шундай ибора бор: агар бахтли бўлишни истасангиз – эришинг. Бироқ, бахтли одамлар унчалик кўп эмас – биз кўпинча тушкунликка тушамиз. Буларнинг сабаби эса, бизда баъзан керакли гормонлар етишмаслигидир.

Психологларнинг таъкидлашича, инсоннинг кайфияти унинг ўзига боғлиқ. Ҳаётдан завқланиш ва бахтли бўлиш учун ҳаётга фалсафий ёндашиш даркор. Демак, иккита қоидага амал қилишимиз керак:

1. Арзимас нарсаларга қайғурманг.
2. Ҳаммаси арзимас нарсалар.

Фақат олимларни шуларнинг ўзи қаноатлантирмайди: ўзингизни хоҳлаганингизча бахтли бўлишга ишонтиришингиз мумкин, аммо бу амалга ошмайди. Чунки бахт ёки қувонч гормонлари деб аталувчи жуда аниқ кимёвий моддалар сизнинг кайфиятингиз учун жавобгардир.

Бахт гормони қандай номланади?
Улар тўртта бўлиб, ҳар бири бевосита ёки бирон-бир тарзда бизнинг ижобий муносабатимиз учун масъулдир, лекин айни пайтда уларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам бор.

Дофамин
Бу асаб импулсларини узатишда иштирок этади ва асаб тизимининг нормал ишлаши учун жавоб беради. Шунингдек, унинг «хизматида» овқатланиш, интим муносабатлар ва тегиниш алоқаларидан қониқиш ҳисси мавжуд. Биз у (ва яна окцитосин) туфайли ошиқ бўламиз. У оналик муҳаббати ва меҳр туйғуларини ҳам шакллантиради.

Бундан ташқари, дофамин бизнинг мотивацияларимиз учун масъул, чунки кўпинча у завқланиш пайтида, кутиш жараёнларида ишлаб чиқарилмайди. Бу жуда ёқимли нарсадан олдин пайдо бўладиган эйфориянинг ўзгинасидир – бунда ҳам дофаминнинг таъсири бор. У жуда фаолдир ва ҳаракатга чорлайди.

Серотонин
Бу гормон эса, аксинча, бизнинг асаб тизимимизни сусайтиради. Аммо шу билан бирга, у ижобий ҳис-туйғуларга ҳам жавобгардир. Бу ерда эркак кишининг эякуляциясини мисол келтириш мумкин.

Экстаза ва эйфория пайтида ушбу гормон даражаси доимо юқори. Ва унинг етишмаслиги билан депрессия пайдо бўлади. Айтганча, танада серотонин етарли миқдорда ишлаб чиқарилиши учун ултрабинафша нурлар керак. Шунинг учун биз қишда – қуёш нурлари кам бўлганда тушкунликка кўпроқ мойил бўламиз.

Окситоцин
Бу гормон ишқий муносабатлар учун масъул. Шунингдек, у қўрқувни, хавотир ва безовталикни камайтиради, севги-муҳаббат (жумладан, оналик меҳри) ва дўстлик туйғуларига жавобгардир. Окситоцин эркакларда одамларга бўлган ишонч даражасини оширади, баъзида танасида бу гормон ҳаддан ташқари кўп бўлган одам алдовни осонгина кечиради.

Ва яна бир қизиқ факт: ҳайвонларда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, организмдаги ушбу гормоннинг юқори дозалари алкоголга қарши иммунитет ҳосил қилади. Мутахассисларнинг фикрича, бу ичкиликка қарамликни даволашда ёрдам беради.

Эндорфинлар
Бунга бизнинг эйфориямиз (шижоатимиз) учун жавоб берадиган гормонларнинг бутун бошли гуруҳи киради. Айтганча, «эндорфинлар» номи иккита сўздан келиб чиққан: «эндо» – ички ва морфин. Яъни, бу бизнинг ички морфинимиз. Ҳа, айнан ўша дори. Чунки барча эндорфинларнинг таъсири афюн гуруҳининг стимулятори таъсирига жуда ўхшашдир.

Инсон танасидаги эндорфинлар стрессли вазиятларга жавобан ҳосил бўлади. Улар оргазм пайтида кўп миқдорда ишлаб чиқарилади. Шунингдек, улар жисмоний юкламалардан кейинги мушаклар оғриғини камайтиради.

Бахт гормонлари манбаи
Танадаги бахт гормонларини ошириш йўллари одатда соғлом турмуш тарзи билан боғлиқ.

Спорт билан шуғулланинг
Жисмоний фаол одамларда бахт гормонлари даражаси ҳар доим юқори бўлади. Буни ўзингиз ҳам биласиз – спорт машғулотларидан сўнг доим мамнунлик ҳисси пайдо бўлади. Агарда спорт билан гуруҳларда шуғуллансангиз, танангиз янада кўп бахт гормонлари ишлаб чиқаради.

Ижод қилинг
Шунингдек, ўзингизга ёқадиган бирор хобби – севимли машғулотингиз бахт гормонларини ишлаб чиқаради. Қўшиқ куйланг, рақсга тушинг, расм чизинг, балиқ овланг ёки гуллар парваришланг, кино, музей ёки концертларга боринг, маркалар йиғинг ёки пайпоқ тўқинг – нима қилсангиз ҳам, муҳими, ундан роҳатланинг.

Кулиб юринг
Табассум, кулгу ҳам бахт гормонлари манбаидир. Майли, ҳаётда ҳеч қандай кулгули нарсалар бўлмасин, қўяверинг, сиз кулишга ҳаракат қилинг: латифалар ўқинг, ҳазил дастурларини, комедияларни томоша қилинг... Асосийси, завқланинг!

Бахт гормонлари қайси маҳсулотларда мавжуд?
Аслида, гормонларнинг ўзи бирор бир маҳсулот таркибига кирмайди, улар нисбатан беқарор молекулалардир ва ошқозон-ичак трактида парчаланади. Аммо озиқ-овқатлар таркибида аминокислоталар мавжуд бўлиб, улар танада бахт гормонларини ҳосил қилади. Буларга банан, кўкатлар, ёнғоқ ва уруғлар, жўхори, қора шоколад, аччиқ қалампир ва сут маҳсулотлари киради.

Хуллас, ҳаётга очиқ чеҳра, ижобий нигоҳ билан боқинг, инсонларни севинг, уларга меҳр улашинг, бошқаларнинг ютуқларига ҳавас билан қаранг – шундагина ҳақиқий бахтни ҳис қиласиз.

Усмонжон Йўлдошев тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бахт гормони нимада?