17:07 / 30.08.2021
2 487

Амалдаги парҳез тўғри келмаётганини қандай билиш мумкин?

Амалдаги парҳез тўғри келмаётганини қандай билиш мумкин?
Фото: Freepik
Кўпчилик сарвқомат бўлишни истаб, турли парҳезларга мурожаат қилади. Аммо ҳар эҳтимолга қарши экстремал парҳезлардан эҳтиёт бўлган маъқул, негаки айрим парҳезлардан кейин одам яна семириб кетиши мумкин. Уларнинг айримларидан сўнг саломатликнинг тикланишига ойлаб вақт кетиши мумкин. Яқин дугонангиз, синглингиз ёки ишдаги ҳамкасбингизга яхши самара берган парҳездан фойдаланган тақдирингизда ҳам, организмни хавф остига қўймаслик, ундаги ўзгаришларни назардан қочирмаслик керак. Парҳез тўғри келмаганида инсон танаси қандай хавотирли белгилар билан сигнал бериши мумкинлиги ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Вазн ўзгармаслиги
Энг биринчи аён бўладиган белги — вазннинг ўзгармаслиги. Сиз муайян парҳез қоидаларига тўлиқ амал қилишингиз, спорт билан мунтазам равишда шуғулланишингиз, аммо шунга қарамай, ҳеч қандай натижани сезмаслигингиз мумкин. Бу организмингизнинг индивидуал ўзига хосликларини англатувчи аломат ҳисобланади. Демак, парҳез сизга тўғри келмаган, ундан воз кечинг. Баъзида ҳеч нима содир бўлмайди, аммо метаболизм ёмонлашиб, организм стресс сабаб энергия йиғиши, оқибатда эса вазн тўпланиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Юз ва танадаги ҳуснбузарлар
Яна бир хавотирга сабаб бўладиган белги тана ҳамда юзга тошма ёки ҳуснбузарлар тошиши саналади. Авваллари бу каби муаммо кузатилмаган, аммо янги парҳездан уч кун ўтиб ҳуснбузар тошиши кузатилса, бу жиддий ўйлаб кўриш учун сабаб бўла олади. Рационнинг кескин ўзгариши макро ёки микроэлементлар танқислиги ёки уларнинг ортиб кетганидан далолат бериши мумкин. Шунингдек, нотўғри парҳез ҳуснбузар тошишига олиб келадиган гормонал муаммоларни ҳам қўзғатиши мумкин. Янги парҳезни синаб кўришга қарор қилган бўлсангиз, тери аҳволини эътибор билан кузатинг. Қандайдир ўзгариш бўлиши унда акс этмай қолмайди.

Соч тўкилиши
Юқоридагилардан ташқари, соч тўкилишининг жадаллашиши ҳам парҳезнинг нотўғри танлаганидан белги беради. Бунинг боиси эса юқоридаги сингари: рационда танқислик бор ва сиз етарли миқдорида озуқа моддаларини қабул қилмаяпсиз.

Бошқа аломатлар
Терининг кўчиши, тирноқларнинг юпқалашишини ҳам ушбу рўйхатга киритиш мумкин. Шу билан бирга, кайфиятнинг кескин ўзгариши ҳам рационда қандайдир муаммо борлигини англатади. Углеводлардан бирданига воз кечиш «бахт гормони» — серотониннинг миқдорини сезиларли даражада камайтиради. Бу эса ўз навбатида кайфиятга таъсир кўрсатади, кейинроқ эса овқатланиш билан боғлиқ жиддий муаммоларга олиб келиши ҳам мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Амалдаги парҳез тўғри келмаётганини қандай билиш мумкин?