Истанбулда ўқувчи қиз мактабга пичоқ билан кириб, тенгдошларига ҳужум қилди

Истанбулда ўқувчи қиз мактабга пичоқ билан кириб, тенгдошларига ҳужум қилди

Истанбулнинг Башакшеҳир туманидаги ўрта мактаблардан бирида пичоқбозлик содир бўлди. Ҳодиса оқибатида 8 нафар ўқувчи жароҳатланган, улардан бири шифохонада вафот этган. Бу ҳақда APA хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 6 октябрь куни соат 08:40 атрофида Каяшеҳирдаги Шайх Шамил Имом Ҳатип ўрта мактабида содир бўлган. Ҳужумни бошқа мактабда таҳсил олувчи 15 ёшли қиз амалга оширган. У мактаб биносига пичоқ билан кириб, ўқувчиларга ҳужум қилган.

Жароҳатланган ўқувчилар тез ёрдам машиналарида шифохоналарга олиб кетилган. Ҳужумни амалга оширган ўқувчи эса қўриқлаш ходимлари томонидан ушланиб, полицияга топширилган. Унга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланган.

Дастлаб Истанбул губернаторлиги 5 нафар ўқувчи жароҳатланганини маълум қилган эди. Кейинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳодисада 8 киши жароҳатланганини билдирган. Жароҳатланганлардан бири оғир аҳволда бўлган ва шифокорлар саъй-ҳаракатларига қарамай вафот этган.

Ҳодиса юзасидан жиноий тергов бошланган. Шунингдек, Истанбулдаги мазкур мактабда таълим жараёнига 6 ва 7 октябрь кунлари танаффус берилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар