10:13 / 08.11.2022
1 539

Самарқандда бўлиб ўтган II Ўзбекистон иқтисодий форумидан кейинги хулосалар

Самарқандда бўлиб ўтган II Ўзбекистон иқтисодий форумидан кейинги хулосалар
3-4 ноябрь кунлари Самарқандда II Ўзбекистон иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Икки кунлик очиқ ва самимий мунозараларда мамлакатни ислоҳ қилиш бўйича тузилган йўл харитасидан тортиб, хусусийлаштириш, геосиёсат, гендер тенглигигача бўлган барча масалалар кўриб чиқилди. “Атиги бир йил ичида Ўзбекистон иқтисодий форуми минтақадаги энг йирик тадбирга айланди”, дея таъкидлади форум модератори Раян Чилкот.

“Ислоҳотларни давом эттириш зарур”

Анна Бьерде, Жаҳон банки вице-президенти:

Фото: Uzbekistan Economic Forum
— Ўзбекистон ҳукумати 2017 йилдан буён ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда сезиларли муваффақиятларга эришди. Шу билан бирга, глобал инқирозлар ва ноаниқлик даврида ташқи таъсирларга яхшироқ бардош бериш мақсадида ҳамда барқарор ва инклюзив иқтисодиёт қуриш учун ислоҳотларни давом эттириш зарур.

“Энергетика тармоғи ислоҳотлари тарифлар бўйича давом этади”

Мунир Ферозий, Халқаро молия корпорациясининг(ИФС) минтақавий менежери ва раҳбари

Фото: Uzbekistan Economic Forum
— Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган II Ўзбекистон иқтисодий форумида “Энергетика тармоғи: иқтисодий ўсишнинг асосий омили ва хорижий инвестициялар” мавзусидаги сессияда модераторлик қилдим.

Муҳокама қилинган бир нечта асосий мавзулар:
  • Ўзбекистон энергетика тармоғи ислоҳотлари йўлидан боради. Бу тарифлар бўйича давом этади;
  • 2030 йилга бориб энергия ишлаб чиқариш қувватлари 13 ГВтдан 29 ГВтгача ўсиши бўйича улкан режалар мавжуд;
  • 2026 йилга бориб қайта тикланадиган манбалар энергия таъминотининг 25 фоизини ташкил этиши кутилмоқда;
  • тарқатиш ва узатиш қувватига катта миқдорда сармоя киритилиши режалаштирилган;
  • энергетика тармоғига жалб қилинадиган инвестицияларда хусусий сектор муҳим роль ўйнашда давом этади;
  • Ўзбекистон сармоядорлар учун танлаган манзилга, қўшни давлатлар учун эса ўрнак бўладиган давлатга айланди.

Мени ва бошқа барча иштирокчиларни қизиқарли суҳбатга таклиф қилгани учун Ўзбекистон ҳукуматига раҳмат айтаман.

“Давлат иқтисодиётни бошқаришидан иложи борича тезроқ четланиши керак”

Зафар Ҳошимов, Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи раҳбари:

Фото: Uzbekistan Economic Forum
— Кечагина Самарқанд шаҳрида ўз ишини якунлаган II Ўзбекистон иқтисодий форуми ҳақида қатнашчи сифатида шуни аниқ ва дадил айта оламанки, тадбир жуда самарали ўтди.

Форумдан олган хулосаларнинг бир дастасини санаб ўтмоқчиман:
  • инфляция яқин бир неча йил мобайнида нафақат мамлакатимиз, балки умумжаҳон даражасида энг долзарб муаммо ва таҳлика бўлади;
  • пандемиядан сўнг ҳали жаҳон иқтисодиёти ўзини тиклаб олмаган даврда Россиянинг Украина билан бошлаган уруши, нафақат бу мамлакатлар, балки бутун дунё иқтисодиётига ўта салбий таъсир кўрсатмоқда;
  • бу шароитда иқтисодиётимиз ўсиш кўрсаткичларини юқори даражада ушлаб туриш янада мураккаб вазифага айланмоқда ва уни ечиш учун мамлакатимизда охирги беш- олти йилда олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш лозим;
  • ўсиш суръатларини ушлаб туриш учун чуқурроқ тизимли ўзгаришларни бошлаш: хусусийлаштиришни жадаллаштириш, давлат иқтисодиётни бошқаришидан иложи борича тезроқ четланиши, инфляцияга жавобан давлат харажатларини кескин қисқартириш, халқаро савдони эркинлаштириш, ЖСТга киришни тезлаштириш масалалари туради;
  • юқори инфляция шароитида чет элдан олинадиган кредитлар нархи кескин ўсаётгани сабабли, мамлакатимиз ичида банк ислоҳотларини жадаллаштириш;
  • логистика ва транспорт тақчиллиги ҳамда анъанавий иқтисодий ҳамкорларимизда рўёбга келаётган қийинчиликларни ҳисобга олган ҳолда экспорт ва импорт бозорларимизни диверсификация қилиш ҳамда янги транспорт коридорлар ва логистик ечимлар излаш;
  • иқтисодий ўсишни барқарорлик тамойиллари асосида амалга ошириш, яъни атроф-муҳит ва экология, ҳуқуқий кафолатлар, ижтимоий масалалар, жумладан, гендер тенглик, ёшлар сиёсати, инклюзивлик, иқтисодиётимизда корпоратив бошқарув андозаларини татбиқ этиш ва ривожлантириш орқали режаларимизни амалга ошириш.


“Бу форум хатолар ва ноаниқликлар бўйича ёқимсиз гапларни эшитиш мумкин бўлган платформа”

Отабек Бакиров, иқтисодчи

— Форум керакми ва у қанча инвестициялар эффектини беради, деган масала бўйича. Авваламбор, бу инвестфорум эмас, иқтисодий форум. Ўзбекистонга ўхшаган мулк ҳуқуқи ва институтлар сифати борасида жиддий муаммолар бор давлатларда инвестфорумлар ростдан ҳам унча самарали эмас. Иқтисодий форумда иқтисодий қарорлар, тенденциялар, чақириқлар муҳокамада бўлади. Аввал ҳам ёзилганидек, Ўзбекистон хуқуматига об-ҳаводан кейинги ўринда ташқи институтларнинг таъсири туради. Бу форум хатолар ва ноаниқликлар бўйича ёқимсиз гапларни эшитиш мумкин бўлган платформа. Ўзбекистон каби давлатларда иқтисодий хатолар қилиш жуда осон, уларни тўғрилаш жуда қийин. Хатоларга қарши ички тийиб туриш институтлари йўқ ҳисоби. Шунинг учун мулоқотлар, фақат сифатли мулоқотлар бизга жуда керак.

Форум Давос форумига айланмаслиги аниқ, ёки Петербург ё Астана форумигаям ҳали анча бор. Бунга йиллар керак. Лекин иқтисодий қарор қабул қилувчилар учун бу форум албатта керак.

“Олдин бундай мавзуларни якка тартибда муҳокама қилишнинг ҳам иложи йўқ эди”

Раян Чилкот, модератор, Bloomberg ва CNN битирувчиси

Фото: Uzbekistan Economic Forum
— II Ўзбекистон иқтисодий форуми ялпи мажлисларига модераторлик қилишга таклиф этилганим мен учун чинакам шараф бўлди. Атиги бир йил ичида ЎИФ минтақадаги энг йирик тадбирга айланди, унда бутун дунёдан 1500 дан ортиқ иштирокчилар йигирма саккизтадан ортиқ панель муҳокамаларида фикр алмашиш учун Самарқанд шаҳрига тўпланишди.

Бу кўрсаткич ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган илк форумга нисбатан иштирокчилар ва сессиялар сони бўйича икки баравар кўп.

Икки кунлик очиқ ва самимий мунозараларда мамлакатни ислоҳ қилиш бўйича тузилган йўл харитасидан тортиб, хусусийлаштириш, геосиёсат, гендер тенглиги, инсон қадри ва мамлакат ўсишигача бўлган барча масалалар кўриб чиқилди. Бундан олти йил аввал жонли эфирда узатиладиган мунозарада юзлаб хорижликлар у ёқда турсин, бундай мавзуларни якка тартибда муҳокама қилишнинг ҳам иложи йўқ эди.

Демиржан Кöсe, Dal Xolding гуруҳи молия директори
— Ўзбекистонда бўлиб ўтган икки кунлик машаққатли дастур натижалари кейинроқ аниқ бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Самарқандда бўлиб ўтган II Ўзбекистон иқтисодий форумидан кейинги хулосалар