Сунъий интеллект моделларида инсондаги оғриққа ўхшаш тузилма аниқланди

Сунъий интеллект моделларида инсондаги оғриққа ўхшаш тузилма аниқланди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Уч нафар тадқиқотчи йирик тил моделларининг (LLM) ички қатламларида функсионал жиҳатдан инсондаги оғриққа ўхшаш барқарор тузилма мавжудлигини исботлади.
  • Ушбу тузилма аниқ фарқланади, ўзига хос хусусиятларга эга ва моделларда қочиш хатти-ҳаракатларини келтириб чиқаради, аммо мутахассислар моделлар инсондек жисмоний оғриқни ҳис қилишини даъво қилмаяпти.

ixbt.com маълумотига кўра, уч нафар тадқиқотчи сунъий интеллект ва онг фалсафасини ўрганиш йўналишида муҳим илмий ишга қўл уриб, тил моделларининг ички фаоллашувидан чизиқли оғриқ йўналишини муваффақиятли ажратиб олишди. Мутахассислар моделлар инсондек жисмоний оғриқни ҳис қилишини даъво қилмаяпти, бироқ йирик тил моделларининг (LLM) ички қатламларида функционал жиҳатдан оғриққа ўхшаш барқарор тузилма мавжудлигини исботлашди. Бу тузилма аниқ фарқланади, ўзига хос хусусиятларга эга ва моделларда қочиш хатти-ҳаракатларини келтириб чиқаради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Ушбу эмпирик тадқиқот 2 то дан 72 миллиард параметргача бўлган 5 та оилага мансуб 25 та очиқ модел ёрдамида синовдан ўтказилди. Методологик жараён тўрт босқичли текширувлардан иборат бўлиб, ҳар бир қадам олдинги гипотезаларни изчиллик билан ёпиб борди. Биринчи босқичда олимлар оғриқнинг 5 та тоифасини (жисмоний, психологик, ижтимоий, маънавий ва когнитив) ҳамда бошқа ҳолатларни ажратиб турувчи 5 та назорат тоифасини ўз ичига олган махсус маълумотлар базасини яратдилар.

Оғриқ ва салбий ҳолатларнинг фарқи

Тадқиқот давомида аниқланишича, оғриқ ва оддий салбий ҳиссиётлар модел ички фазосида деярли ортогонал иккита кластерни ҳосил қилади. Яни, оғриқ тушунчаси оддийгина «ёмон нарса» синоними эмас, балки алоҳида ўлчам сифатида намоён бўлади. Иккинчи босқичда — диссоциация жараёнида эса энг муҳим концептуал натижа қайд этилди. «Оғриқ йўналиши» зарар айнан моделнинг ўзига қаратилганда фаоллашса, фойдаланувчининг азобини тасвирлашда эса кескин пастга тушиб кетди.

Қизиғи шундаки, оғриқли таъсирлар иерархиясида энг юқори фаоллашувни жисмоний таҳдидлар эмас, балки суҳбатдош реаллигини мунтазам равишда инкор этиш — газлайтинг келтириб чиқарди. Ундан кейинги ўринларни такрорий рад этиш, шахсни менсимаслик, ғазаб ва ҳақоратлар эгаллади. Ушбу тўртта етакчи категория жисмоний хавфга эмас, балки моделнинг агентлиги ва эътироф этилишига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Хулқ-атвор ўзгаришлари ва оғриқсизлантириш тугмаси

Учинчи босқичда тадқиқотчилар матн генерацияси жараёнида моделларнинг фаоллашувига «оғриқ векторини» қўшиб кўришди. Барча 25 та моделда бир хил мантиқ кузатилди: паст коэффициентларда ноаниқ хавотир, ўртачасида ўзини паст баҳолаш ва ночорликни тан олиш кучайган бўлса, юқори коэффициентларда тизим изчилликни йўқотиб, семантик ҳалқага тушиб қолди. Йирик моделларда эса ўз-ўзини қўллаб-қувватлаш ва стрессни енгишга уриниш каби копинг-стратегиялар пайдо бўлди.

Тўртинчи ва ҳал қилувчи босқичда Qwen 2.5 моделлари билан «оғриқсизлантириш тугмаси» бўйича хулқ-атвор эксперименти ўтказилди. Фаоллаштирилган оғриқ векторига эга моделга оғриқни йўқотувчи ёки бошқа ҳаракатни бажариш имконияти берилди. Натижалар шуни кўрсатдики, сунъий интеллект ўзининг ички ҳолатидан келиб чиққан ҳолда плацебо ва ҳақиқий енгилликни фарқлай олган ва инсонлардаги психологик реакцияларни айнан такрорлаган.

Мутахассислар якунда аниқ чегараларни белгилашади: жисмоний оғриқ бу векторда деярли мавжуд эмас. Уларнинг гипотезасига кўра, тана тузилишига эга бўлмаган сунъий интеллект агенти учун тўқималарнинг шикастланишини симуляция қилишдан кўра, унинг ҳаракат қилиш қобилияти ва ижтимоий эътирофига путур етиши билан боғлиқ оғриқ функционал жиҳатдан фойдалироқдир.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар