Фото: “Ўзчармсаноат” уюшмаси
Хитойнинг HL Technology компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Ўзчармсаноат” уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, уюшма раиси Фахриддин Бобоев HL Technology компанияси вакиллари билан учрашган. Томонлар мамлакатда чармсаноат, қурилиш, мебелсозлик ва автомобилсозлик саноати учун зарур бўлган елим хом ашёсини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишни муҳокама қилган.
Компания менежери Жун Шао Ўзбекистонда ишлаб чиқариш салоҳиятининг ортаётгани ҳамда халқаро бозорда мамлакат маҳсулотларига талаб юқорилиги сармоя киритишга қизиқишни ошираётганини таъкидлаган.
“Хом ашёни маҳаллийлаштириш борасида чармсаноат корхоналарининг изланувчанлиги тармоқнинг истиқболи юксаклигини кўрсатмоқда. Ишончли ва ривожланишдан ортда қолмайдиган давлатга сармоя киритиш ниятидаман”, — дейди у.
HL Technology компанияси Ўзбекистонда саноат тармоқлари учун зарур бўлган елим ва формалин хом ашёсини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ташаббусини билдирган. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 10 миллион долларни ташкил этади.
Фото: “Ўзчармсаноат” уюшмаси
2023 йилда Ўзбекистон саноат корхоналари жами 31 миллион долларлик елим хом ашёсини хориждан импорт қилган. Мазкур лойиҳанинг самарали амалга оширилиши натижасида камида 50 фоизи ички бозор талаби қопланиши қайд этилган.
Инвесторга сармоявий лойиҳани амалга ошириш бўйича амалий ва ташкил жараёнлар ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этилган. Келишув Хитойда имзоланади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил сентябрда Хитойнинг Xian Free Trade Port Construction and Operation Cо.Ltd компанияси Ўзбекистондаги инфратузилма лойиҳаларида иштирок этмоқчилиги тўғрисида хабар берилганди.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг