date
views 118

Венгрия Сирдарёда 8 та паррандачилик фабрикасини қуради

Венгрия Сирдарёда 8 та паррандачилик фабрикасини қуради
Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Венгрия делегациясига эса OTP Group компанияси бош директори Гергей Покош бошчилик қилди.

Суҳбатда Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигининг долзарб масалалари, Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва мамлакатда хорижий бизнесни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан фикр алмашилди.

Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани, бунга кейинги йилларда ишончга асосланган олий даражадаги муносабатлар ёрдам бераётгани алоҳида таъкидланди. Венгрия бизнеси Ўзбекистонга катта ишонч билдирмоқда – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил октябр ойида Венгрияга қилган расмий ташрифи якунлари бўйича 1,3 миллиард долларлик битим ва шартномалар имзоланди.

Ўзаро товар айирбошлашнинг асосий позициялари тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари, фармацевтика, механик ва электр жиҳозлари ва бошқа товарлардан иборат. 2024 йил 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Венгрия капитали иштирокидаги 12 та корхона, жумладан, 7 та қўшма ва 5 таси 100 фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда.

Инвестиция лойиҳалари портфелига Венгриянинг OTP Group таркибига кирувчи OTP банки томонидан Ипотека-банкни хусусийлаштириш, Meditop Pharmaceuticals билан юқори технологияли фармацевтика корхонасини ташкил этиш ва бошқа лойиҳалар киради. Компаниянинг Сирдарё вилоятида паррандачилик кластерини ташкил этиш бўйича йирик лойиҳани амалга ошириш борасидаги навбатдаги чоралари конструктив тарзда муҳокама қилинди.

Ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар тафсилотларини муҳокама қилиб, томонлар ҳужжат алмашиш маросимига ўтдилар. Хусусан, Инвестиция битими, Сирдарё вилоятида ер участкасини ижарага бериш шартномаси, Ўзбекистон Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси билан таъсис ва низом шартномалари имзоланди.

ZA-Invest компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида кластер ҳудудида 130 гектар майдонда 8 та паррандачилик фабрикаси, инкубатор, сўйиш ва қайта ишлаш цехлари, озуқа ишлаб чиқариш корхонаси, музлаткич ва маъмурий бинолар қурилади. Лойиҳанинг қуввати йилига 16 миллион дона бройлер товуқлари ва 120 минг тонна омухта ем ишлаб чиқаришни ташкил этади.

Лойиҳа OTP Green Fund томонидан молиялаштирилади ва OTP Group таркибига кирувчи ZA-Invest Poultry компанияси томонидан амалга оширилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Венгрия Сирдарёда 8 та паррандачилик фабрикасини қуради