date

Солиқ қўмитаси саккиз ойда аҳолига қарийб 1 трлн сўм кешбек қайтарди

Солиқ қўмитаси саккиз ойда аҳолига қарийб 1 трлн сўм кешбек қайтарди

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь—август ойларида жами 976,1 мингта харид чеки бўйича аҳолига 906,6 миллиард сўм миқдорида кешбек тўланган. Бу рақам мамлакат миқёсида дастурнинг қай даражада оммалашганини кўрсатмоқда.

Ҳисоб-китобларга қараганда, 5,9 миллиондан ортиқ фуқаро харид чеклари орқали кешбек имкониятларидан фойдаланган. Энг кўп қайтарилган маблағ пойтахт Тошкент ҳиссасига тўғри келди — шаҳар истеъмолчилари 373,7 миллиард сўмдан ортиқ кешбек олишган.

Қўмита август ойи натижаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Фақатгина ўтган ойнинг ўзида республика бўйича 121,8 миллиондан зиёд харид чеки орқали аҳолига 99,8 миллиард сўмдан кўпроқ кешбек қайтарилган.

Ҳудудлар кесимида эса август ойида ҳам энг катта улуш пойтахтга тўғри келди — 41,8 миллиард сўм. Шунингдек, Тошкент вилояти (8,2 миллиард сўм), Фарғона вилояти (7,1 миллиард сўм), Самарқанд вилояти (6,9 миллиард сўм) ва Наманган вилояти (5,2 миллиард сўм) аҳолиси ҳам катта миқдорда қайтим пулига эга бўлди.

Эслатиб ўтамиз, қўмита аввалроқ 2024 йил якуний кўрсаткичларини ҳам очиқлаган эди. Ўтган йили мамлакат бўйича жами 1 миллиарддан зиёд чек орқали фуқароларга 1 триллион сўмдан ортиқ кешбек берилган. Ушбу маблағнинг энг катта қисми яна пойтахт аҳолисига тўғри келган — 412,2 миллиард сўм.

Бу кўрсаткичлар дастурнинг тобора кенгайиб, харидорлар орасида кенг оммалашаётганини кўрсатиб турибди. Истеъмолчилар учун қўшимча рағбат сифатида кешбек тизими нафақат савдони оширмоқда, балки аҳолининг қонуний чек талаб қилиш маданиятини ҳам шакллантирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Солиқ қўмитаси саккиз ойда аҳолига қарийб 1 трлн сўм кешбек қайтарди