Непал ва Тибетда кучли сел юзлаб сайёҳларни бедарак қилди

Непал ва Тибет чегарасида содир бўлган кучли сув тошқини ортидан ҳудудда ҳақиқий фожиа юзага келди. Бир неча дақиқа ичида лой, тош ва сув оқими йўллар, кўприклар ҳамда биноларни вайрон қилиб, юзлаб одамларнинг тақдири номаълум бўлиб қолди.
Фожиа Непалнинг Хитой билан чегарадош Расува ҳудудида рўй берган. Кучли сув оқими Бхоте-Коши дарёси атрофидаги ҳудудларни босиб, аҳоли яшаш жойлари ва муҳим инфратузилма объектларига жиддий зарар етказган.
Бир неча дақиқада вазият ўзгариб кетди
Дастлабки маълумотларга кўра, табиий офат маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8:40 атрофида бошланган. Непал ташқи ишлар вазири Шишир Ханал парламентда ҳодисадан олдин ҳудудда соат 8:37 да зилзила қайд этилгани ва у кўчки ёки қор-муз массасининг силжишига сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Бироқ бу версия ҳозирча якуний тасдиқланган эмас. Кейинги таҳлилларда зилзила сув тошқинига сабаб бўлгани ҳақидаги дастлабки маълумотлар шубҳа остига олинган. Шунинг учун мутахассислар офатнинг аниқ сабабини ўрганишда давом этмоқда.
384 нафар сайёҳдан дарак йўқ
Фожианинг энг ташвишли томони — бедарак йўқолганлар сони. Непал Туризм кенгашининг дастлабки маълумотларига кўра, 384 нафар саёҳатчи билан алоқа узилган. Улар орасида 291 нафар хорижлик ва 93 нафар Непал фуқароси бор. Расмийлар ҳозирча уларнинг қаердалигини аниқлаш ва хавфсизлик ҳолатини текширишга ҳаракат қилмоқда.
Бедараклар орасида Ҳиндистон, Буюк Британия, АҚШ, Жанубий Корея, Малайзия, Жанубий Африка, Австралия ва бошқа давлатлар фуқаролари ҳам борлиги хабар қилинган.






























Изоҳлар 0
…