Ўзбекистонда ёқилғи нархлари яна ошди

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, август ойида Ўзбекистонда инфляция 0,2 фоизни ташкил этди. Йиллик инфляция эса 6,2 фоиз бўлди. Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари 0,4 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,2 фоиз, хизматлар нархи 0,1 фоизга ошди.
Энг юқори инфляция Тошкент шаҳрида қайд этилди. Пойтахтда август ойида нархлар 0,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 6,8 фоизга қимматлаган.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида сабзи нархи 9,2 фоизга, пиёз 6,2 фоизга, гуруч 2,2 фоизга, тухум 0,8 фоизга, гўшт 0,7 фоизга ошди. Помидор нархи 1,1 фоизга, бодринг эса 1,5 фоизга кўтарилди.
Ёқилғи нархларида ҳам ўсиш давом этди. Автомобил бензини маркасига қараб бир ойда 6,7 фоизгача қимматлади. Ўртача ўсиш 1,9 фоизни ташкил этган бўлса, йиллик ҳисобда бензин нархи 20,2 фоизга ошган.
Пропан нархи август ойида 5,8 фоизга кўтарилди. Бир йил давомида ушбу ёқилғи 41,4 фоизга қимматлаган.
Ёқилғи нархларининг ошиши транспорт хизматлари қийматига ҳам таъсир қилган. Авиация хизматлари нархи 1,7 фоизгача, автомобил транспортида ташиш хизматлари эса 0,6 фоизга ошган.
Август ойининг сўнгги қисмида ижара ҳақи ҳам кўтарилди. Статистика қўмитаси маълумотида турар жой ижараси 0,4 фоизга қимматлагани қайд этилган.
Шунингдек, дори воситалари нархида ҳам ўсиш қайта кузатилди. Август ойида улар 0,2 фоизга қимматлаган.



























Изоҳлар 0
…