09:43 / 21.09.2024
20

Рақобат қўмитаси 12 млрд сўмлик давлат харидлари ноқонуний ўтказилганини аниқлади

Рақобат қўмитаси 12 млрд сўмлик давлат харидлари ноқонуний ўтказилганини аниқлади
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қатор ҳудудларда давлат харидлари ўтказилиши билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатларини аниқлади.

2024 йил давомида ўтказилган жами 4,4 млрд сўмлик танлов савдоларида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган. Жумладан:

- Соғлиқни сақлаш бошқармаси — 3,5 млрд сўмлик 2 та;
- Маданият бошқармаси — 490 млн сўмга яқин 3 та;
- Ёшлар ишлари бошқармаси — 250 млн сўмлик 1 та.

Тошкент шаҳри
Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази буюртмачилигида 3 та 2,1 млрд сўмдан ортиқ ҳамда Яшнобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан 1,3 млрд сўмга яқин 3 та тендер савдоларида қонун бузилишлари аниқланди.

Андижон вилояти
Андижон шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бўлими буюртмачилигидаги бошланғич нархи 200 млн сўмга яқин ва Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмасининг 900 млн сўмга яқин энг яхши таклиф савдолари бекор қилинган. Шунингдек, Кардиология диспансери томонидан 170 млн сўмлик тендер савдоси бўйича бўйича иш қўзғатилиб, белгиланган тартибда тегишли кўрсатмалар берилган.

Жиззах вилояти
Июль-август ойларида ўтказилган ўрганишлар давомида ижтимоий соҳадаги ўтказилган жами 850 млн сўмга яқин танлов савдоларида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Жумладан:

- Кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун Жиззах санаториясида 49,9 млн сўмлик;
- Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмасида 360,8 млн сўмлик;
- РИД ва КИАТМнинг Жиззах вилоят ҳудудий филиалида 210,0 млн сўмлик;
- Шароф Рашидов тумани тиббиёт бирлашмасида 20 млн сўмлик;
- Зафаробод туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимида 200,0 млн сўмлик.

Самарқанд вилояти
Оқдарё тумани маданият бўлими буюртмачилигида 310 млн сўмлик ҳамда Каттақўрғон шаҳри драма театри томонидан 40 млн сўмга яқин тендер савдоларида қонун бузилиши ҳолатлари маълум бўлди.

Қашқадарё вилояти
Қарши тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан 107 млн сўмга яқин танлов савдосида танлов таклифларини баҳолаш мезонларини белгилашда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.

Наманган вилояти
Наманган муҳандислик-технология институти томонидан 31 та бошланғич нархи 610 млн сўмдан ортиқ давлат харидларида савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.

Сирдарё вилояти
Сирдарё вилояти Баркамол авлод болалар мактаби буюртмачилигида 162 млн сўмлик тендер савдосида «Рақобат тўғрисида»ги ва «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунлар талаблари бузилган.

Тошкент вилояти
Оққўрғон тиббиёт бўлими томонидан қарийб 133 млн сўмлик танлов савдосида харид иштирокчилари таклифларини баҳолашнинг аниқ тартиби ва тамойиллари белгиланмаган ва шу сабабдан харид комиссияси томонидан баҳолаш ихтиёрий равишда, ягона ёндашувсиз, балларни тақсимлаш орқали амалга оширилган.

Навоий вилояти
Навоий шаҳри мактаб ва мактабгача таълим бўлими томонидан 2023 йилдаги 10 та 660 млн сўмлик ҳамда 2024 йилдаги 460 млн сўмга яқин давлат харидларида танлов ҳужжати ва йиғилиш баёнидаги мезонлар бир-бирига номувофиқ ҳолда ишлаб чиқилгани ва иштирокчилар учун рақобатни чеклашга олиб келиши мумкин бўлган талаблар киритилгани аниқланди.

Хоразм вилояти
Ҳудудий бошқарма давлат бошқарув органлари томонидан қабул қилинган ҳужжатларни ва ёзишмаларни ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ аризаларининг қаноатлантирилишини ўрганиш ишлари ўтказилди.

Унда аниқланишича, Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси барча даволаш профилактика муассасалари раҳбарларига Texnopark МЧЖдан маиший ва саноат электротехника маҳсулотларини харид қилиш ҳамда Renessans Islohotlari МЧЖнинг тарғибот материалларини харид қилиш тавсия қилгани аниқланган.

Шунингдек, мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси барча бўлимларига Intellekt Xorazm МЧЖнинг баҳолаш хизматларидан фойдаланиш ва 2024 йил учун «Илк қадам» журналига ва бир қанча газета-журналларига обуна бўлиш, бундан ташқари, иккита тадбиркорлик субъектини тарғиб қилишни таклиф қилган.

Қорақалпоғистон Республикаси
Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмасида ўтказилган ўрганишда метрология текширишидан ўтказилмаган жиҳозлардан кўрсатилган хизматлари учун истеъмолчилардан олинган маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Натижада портатив ЭКГ учун апрелдан август ойигача бўлган муддат оралиғида 192 нафар истеъмолчидан 3 631 000 сўм олингани аниқланган. Пулларни истеъмолчиларга қайтариш тўғрисида кўрсатма берилди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан ташкилотларга нисбатан иш қўзғатилди ёки тақдимномалар киритилди. Бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди, айрим масъулларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли тартибда суд органларига юборилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рақобат қўмитаси 12 млрд сўмлик давлат харидлари ноқонуний ўтказилганини аниқлади