12:30 / 07.01.2025
176

Тошкентда жамоат транспортларига нақд пул билан тўлов қилганлар жаримага тортилади

Тошкентда жамоат транспортларига нақд пул билан тўлов қилганлар жаримага тортилади
Тошкент шаҳрида жорий йил 1 январдан автобусларда нақд пул орқали тўловлар қабул қилинмайдиган бўлди. Йўлкира учун тўловларни нақд тўлаш амалиёти бекор қилиниши ортидан чиптачилар фаолиятидан воз кечилган.

Қайд этилишича, бугунги кунда пойтахтда 2 644 та автобекат бўлса, улар атрофига 5 500 та QR-чипталар олиш учун шохобчалар ўрнатилган. Айни дамда пойтахтдаги бу мосламалар мавжуд бўлмаган бекатларга инфокиоскларни интеграция қилиш ишлари кетмоқда.

Бунда, агар йўловчи нақд пул орқали тўлов қилмоқчи бўлса, QR-чиптани харид қилиш учун тўлов инфокиоскларидан фойдаланишлари мумкин. Бир марталик тўлов учун QR-чипта олинса, йўл ҳақи 3 000 сўм, АТТО картаси ёки мобил илова орқали тўлашда эса 1700 сўмни ташкил этади.

«Агар йўловчи йўл ҳақини нақд кўринишда қабул қиладиган бўлса, ҳайдовчи қабул қилмаслиги керак. Вазият Транспорт инспекциясининг ҳудудий инспекторлари томонидан назорат қилинади. Биринчи сафар огоҳлантириш берилади. Огоҳлантиришга қарамасдан ҳуқуқбузарлик такрорланадиган бўлса, ўрнатилган тартибда ҳайдовчига ҳам йўловчига ҳам маъмурий баённома расмийлаштиришга тўғри келади», – дейди Транспорт назорати инспекцияси Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими инспектори Салимжон Нишонбоев.

Расмийга кўра, маъмурий баённома МжТКнинг 144-моддаси ҳамда 145-моддасига асосан расмийлаштирилади. Яъни, йўловчига нисбатан маъмурий баённома Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига асосан тузилади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бири миқдорида жарима белгиланади. Ҳозирги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 375 минг бўлса, 37 минг 500 сўм миқдорида фуқаро жаримага тортилади. Автобсуларга эса «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти томонидан назорат камералари ўрнатилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият