Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида одамларни қаттиқ эътиборини тортган ва жамоатчиликда қаттиқ муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат юз берди. Маълумотларга кўра, Шардара туманида яшовчи эркак ўзининг кекса отасини мунтазам калтаклаб, турли ҳақоратлар билан таҳқирлаб келган. Бу ҳақида маҳаллий манбалар, жумладан “Nur.kz” хабар тарқатди.
Гувоҳларнинг айтишича, оиладаги дахшатли манзарага қўшниси гувоҳ бўлган. У қўшни ҳар сафар кекса отахоннинг калтакланаётганини кўриб юрган, ҳатто айрим ҳолатларни яширинча видеога ҳам олган. Бироқ у вақтлироқ полицияга мурожаат қилмаган. Фақат отахон оғир азоблар ортидан вафот этгач, видеони жамоатчиликка эълон қилган. Бу эса ҳолатнинг қанчалик мудҳиш ва узоқ давом этганини янада яққол кўрсатиб берди.
Маълумотларга кўра, отасига зулм қилган шахс маҳаллий масжидлардан бирида хизмат қилгани ҳам аниқланган. Бу ҳолат эса жамоатчилик орасида янада қаттиқ баҳс ва норозилик уйғотган.
Ҳозирда полиция томонидан гумонланувчи қўлга олинган. Расмий хабарда таъкидланишича, у вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган ва жиноят иши қўзғатилган. Тергов органлари барча ҳолатларни атрофлича ўрганмоқда.
Ички ишлар органлари маълумот беришича:
“Воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи ҳибсга олинди ва вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилди. Ҳозирда барча тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Натижаларга кўра, қонун доирасида тегишли қарор қабул қилинади.”
Мутахассислар таъкидламоқдаки, оиладаги зўравонлик ҳолатлари жамият учун энг оғир муаммолардан бири ҳисобланади. Айниқса, фарзанд томонидан ўз ота-онасига нисбатан шундай муносабатнинг кузатилиши инсонийлик ва ахлоқ меъёрларига бутунлай зид ҳолат сифатида баҳоланмоқда.
Ҳодиса юртдошлар орасида қаттиқ муҳокамага айланди ва кўпчилик бундай ҳолатларни барвақт фош этиш, ҳуқуқ-тартибот органларига тезкор хабар бериш зарурлигини уқтирмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!