Қашқадарёда 3 ёшли қиз ўгай онаси томонидан уриб ўлдирилди

Қашқадарёда 3 ёшли қиз ўгай онаси томонидан уриб ўлдирилди

Қашқадарё вилоятининг Касби туманида 3 ёшли қиз оилавий жанжал вақтида зўравонликка учраб, вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсмани маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Касби туманида истиқомат қилувчи, 1994 йилда туғилган фуқаро И.С. турмуш ўртоғи, 1988 йилда туғилган Н.А. билан ўзаро низолашган.

Жанжал давомида аёл турмуш ўртоғининг 2022 йилда туғилган вояга етмаган қиз фарзанди О.Ш.га нисбатан ҳам зўравонлик қилган. Оқибатда 3 ёшли боланинг аҳволи кескин ёмонлашган ва у шу куннинг ўзида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 27 сентябрь куни Касби тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 126-моддаси, 8-қисми «г» банди асосида жиноят иши қўзғатилган. Ушбу норма оилавий зўравонлик жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган ҳолатларни қамраб олади.

Ҳозирда жиноят иши доирасида дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. И.С. Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасига асосан гумонланувчи сифатида ушланган.

Болалар омбудсмани маълум қилишича, ташкилот ушбу жиноят иши юритилиши устидан ўз кузатувини давом эттиради. Ҳолат бўйича тергов жараёнида аниқланган қўшимча маълумотлар кейинчалик тақдим этилади.

Маълумот учун, Жиноят кодексида мазкур жиноят учун 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар