Хитойлик кардиожарроҳлар 500 болани Ўзбекистонда операция қилади

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худояров Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юй Сзюн билан учрашув ўтказди. Учрашувда жорий йил давомида хитойлик кардиожарроҳлар томонидан юрак нуқсони бор 500 нафар болага юқори технологияли операциялар ўтказиш таклифи кўриб чиқилди.
Вазирлик матбуот хизмати маълумотларига кўра, амалиётларни бир нечта тиббиёт муассасаларида бажариш режалаштирилган. Хусусан, Болалар миллий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Тошкент давлат тиббиёт университети болалар кўп тармоқли клиникаси ушбу жараёнда иштирок этиши кўзда тутилмоқда.
Музокараларда Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, бир қатор тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш бўйича режалар кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистонда анъанавий Хитой табобатини ривожлантиришга қаратилган грант лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашди. Бу йўналишда ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, Хитойнинг грант маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди. Ушбу қадамлар тиббиёт соҳасидаги қўшма ташаббусларни тезроқ амалга оширишга хизмат қилиши айтилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!