30 йиллик машинасини утилизациягам топширмаганлар ҳар йили катта жарима тўлайди

30 йиллик машинасини утилизациягам топширмаганлар ҳар йили катта жарима тўлайди

Ўзбекистонда эски автомобилларни босқичма-босқич утилизация қилишга қаратилган янги тизим жорий этилади. Чиқиндиларни бошқариш агентлиги маълумотига кўра, 2026 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ вақт бўлган транспорт воситалари давлат томонидан бозор қийматида сотиб олиниб, утилизация қилинади.

Янги тартибга мувофиқ, бундай автомобиллар махсус баҳоланади ва уларнинг эгаларига икки хил кўринишда компенсация таклиф этилади. Хусусан, маблағ янги автомобил хариди учун электрон ваучер сифатида берилиши ёки истеъмолчининг хоҳишига кўра пул кўринишида тўлаб берилиши мумкин.

Электрон ваучердан фойдаланган фуқаролар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомашиналарни имтиёзли шартларда сотиб олиш имкониятига эга бўлади. Ваучер суммаси бошланғич тўлов сифатида ҳисобланиб, қолган маблағни бир йилдан ортиқ муддат давомида бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин бўлади.

Шу билан бирга, эски транспорт воситасини белгиланган муддатда утилизацияга топширмаган шахсларга нисбатан молиявий таъсир чоралари қўлланади. Янги қоидаларга кўра, бундай автомобил эгалари ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараварига тенг экологик компенсация тўловини амалга ошириши керак бўлади.

Мутахассислар таъкидлашича, мазкур тизим атмосферага чиқарилаётган зарарли чиқиндиларни камайтириш, шаҳарлардаги экологик вазиятни яхшилаш ва автопаркни янгилашга хизмат қилади.

Маълумот учун, бугунги кунда биргина Тошкент шаҳрида ҳар куни қарийб 600 мингта транспорт воситаси ҳаракатланади. Дунёнинг Франция, Германия, Хитой ва АҚШ каби 60 дан ортиқ давлатларида ҳам эски автомобилларни утилизация қилиш, улар учун қўшимча тўловлар жорий этиш ва шаҳар марказларига киришни чеклаш амалиёти қўлланиб келинмоқда.

Аввалроқ ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланиши, бундай автомобиллар давлат рўйхатидан чиқарилиши ҳақида хабар берилган эди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар