Жиззахда иккита Damas’да 56 нафар боғча боласи ташилаётгани аниқланди

Жиззахда икки нафар Damas ҳайдовчиси ҳар бир автомобилда 28 нафардан, жами 56 нафар боғча тарбияланувчисини ташиётгани аниқланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
ЙҲХХ томонидан эълон қилинган видеода биринчи Damas’дан 28 нафар бола тушаётгани, иккинчи автомобилда ҳам шунча бола ташилгани акс этган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бундай кўп сонли болаларни автомобилда ташиш уларнинг хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслигини қайд этган. Ҳайдовчилар, таълим муассасалари масъуллари ва ота-оналарга болаларни ташишда белгиланган хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш зарурлиги тушунтирилган. Ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилиши маълум қилинган.
Маълумот учун, 2026 йил июнь ойида Бош прокуратура болаларни ташиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилган қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига чиқарган.
Лойиҳага кўра, болаларни ташиш қоидаларини бузган ҳайдовчига БҲМнинг 30 баравари миқдорида, яъни ўша пайтдаги ҳисоб-китоб бўйича 12,36 миллион сўм жарима солиш ҳамда уни 1 йилдан 3 йилгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклиф этилган.
Агар қоидабузарлик транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бундай ҳуқуқдан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилса, БҲМнинг 50 баравари — 20,6 миллион сўмгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши мумкин. Шунингдек, болаларни ташишни ташкил этиш қоидаларини бузганлик учун ҳам алоҳида жавобгарлик белгилаш таклиф қилинган.






























Изоҳлар 0
…